"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 август, шанба.

ҚАРШИ ВА ТОЛЬЯТТИ – ҲАМКОР ШАҲАРЛАР

Сўнгги янгиликлар
Tipografiya

Қашқадарё ва дунё

ҚАРШИ ВА ТОЛЬЯТТИ – ҲАМКОР ШАҲАРЛАР

Тольятти Россия Федерацияси Самара вилоятидаги шаҳар бўлиб, саноати ривожланган ҳудуд саналади. Шаҳар иқтисодий кўрсаткичлари бўйича Россиядаги етакчи марказлардан биридир. Қарши шаҳри эндиликда ана шу ҳудуд билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Бироз аввал Тольятти шаҳар округи маъмурияти делегациясининг вилоятимиз марказига амалга оширган ташрифи давомида бунга янада аниқлик киритилди.

 Шаҳар округи раҳбарининг молия, иқтисодиёт ва ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Алексей Бузинний, Тольяттини иқтисодий ривожлантириш агентлиги директори Назир Шайхуттидов ва бошқалардан иборат делегация Қаршида 5 кунлик ташриф билан бўлди.

- Аслида вакилларимизнинг жорий йил апрель ойида Тольяттига қилган сафари ушбу ҳамкорлик учун муҳим пойдевор бўлди, - дейди Қарши шаҳар ҳокимининг  ўринбосари Дилшод Холбадалов. - Ўшанда Россия томони билан самарали музокара олиб борилиб, уларнинг воҳамизга ташрифини ҳам ташкил этишга келишиб олинганди ва бу амалга ошди. Дастлабки куни меҳмон делегация ва шаҳар ҳокимлиги раҳбарияти ўртасида дўстона учрашув ўтказилди, ҳамкорлик алоқаларини қайси йўналишларда ривожлантириш масаласи муҳокама этилди.

Маълум бўлишича, махсус видеороликни томоша қилиш орқали Тольятти шаҳри жамоаси вилоятимиз марказининг тарихи, ҳозирги кундаги иқтисодий-ижтимоий ҳолати, спорт ва санъат соҳасидаги ютуқлари, туристик аҳамиятга эга маданий мерос объектлари, қадимий обидалари ва зиёратгоҳлари ҳамда йирик ишлаб чиқариш қувватига эга корхоналари ҳақида тасаввурга эга бўлган.

Шундан сўнг, меҳмонлар учун Қарши бўйлаб саёҳат уюштирилган. Делегация аъзолари “Султон текстиль гроуп” хусусий корхонаси, “Қарши лезер” ва “Коттон роад” қўшма корхоналари сингари ҳудуднинг йирик саноат қувватларига ҳам борган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган харидоргир ва рақобатбардош маҳсулотлар уларда катта қизиқиш уйғотган. Кейин эса меҳмонлар мамлакатимизнинг кўҳна шаҳарлари – Шаҳрисабз ва Бухорога сафар қилган. 

Қарши ва Тольятти ўртасида ўрнатилган ушбу дўстона муносабатлар икки томоннинг меморандум имзолаши билан натижадорлик касб этган. Мазкур ҳужжатда келгусида биргаликда қилиниши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинган.

 

МИРЖАҲОН