"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 июль, сешанба.

5 ОЙДА 345 ЁНҒИН, 5 ТА ЎЛИМ ҲОЛАТИ, 521 МИЛЛИОН СЎМДАН ОРТИҚ МОДДИЙ ЗАРАР

Сўнгги янгиликлар
Tipografiya

Олов – хотиржамликка ғов

5 ОЙДА 345 ЁНҒИН, 5 ТА ЎЛИМ ҲОЛАТИ,

521 МИЛЛИОН СЎМДАН ОРТИҚ МОДДИЙ ЗАРАР

Бу вилоятимизда ЁХХ томонидан қайд этилган рақамлар

Инсон тафаккурининг маҳсули сифатида кашф этилган олов бугун биз учун ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.  Оловсиз бир кунимизни ҳам тасаввур эта олмаймиз. Бироқ у кундалик турмушимизда қанчалик муҳим ўринга эга бўлса, хавфли талафотларга ҳам қодир. Буни эса ҳар доим ҳам ўйлаб кўравермаймиз, билиб-билмай ёнғин чиқишига йўл қўйиб берамиз.

Тўғри, баъзида ёнғинларнинг келиб чиқиши тасодиф, унинг олдини олиш имконсиздек туюлади. Аммо бундай эмас, аксарият ҳолларда ёнғиннинг юз беришига кишиларнинг эътиборсизлиги, хавфсизлик қоидаларига беписанд қараши сабаб бўлади.

Ҳолатларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида вилоятимизда 345 та ёнғин рўйхатга олинган. Улар оқибатида  5 киши ҳалок бўлган. Ёнғинларнинг 74 фоизи аҳоли турар жойларига тўғри келади. Бунда кўрилган умумий зарар миқдори эса 521 миллион 340 минг  сўмни ташкил этмоқда.

Содир бўлган ёнғинларнинг 33 таси, яъни қарийб 10 фоизи болаларнинг олов ўйнаши оқибатида келиб чиққан. Шунингдек, носоз газ ускуналари, нефть маҳсулотларидан хавфсизлик талабларига зид равишда фойдаланиш ҳамда техник носоз автомобилларни бошқариш оқибатида содир бўлган ёнғинлар ҳам талайгина.

Мисол учун, жорий йилнинг 25 май куни Қарши тумани Истиқлол маҳалласида истиқомат қилаётган Жамшид Давронов сув қиздириш учун ўчоққа ўтин қалаган. Тутаб турган оловга нефть маҳсулоти (солярка) сепган. Натижада бирданига ҳосил бўлган баланд аланга унинг танаси 28 фоизини жароҳатлаган.

2018 йил 13 май куни Касби тумани Комилон қишлоғида яшовчи фуқаро, 1999 йилда туғилган Ислом Абдукаримов “ВАЗ-2107” русумли автомобилнинг ўт олдириш мосламаси носозлиги боис, унга уланган  электр симларини бир-бирига туташтириш йўли билан моторни ҳаракатга келтирмоқчи бўлади. Натижада машинада ёнғин содир бўлиб, у танасининг 30 фоиз қисми куйган ҳолатда шифохонага олиб келинган.

Худди шундай яна бир ҳолат: Яккабоғ тумани Шов қишлоғида яшовчи, 1994 йилда туғилган Асрор Аралов ҳам 1979 йилда ишлаб чиқарилган “ВАЗ-21011” русумли машинасидаги носозликларга эътибор қаратмаган. Натижада машинанинг мотор қисмидаги электр симида қисқа туташув юз бериб, ёнғин содир бўлган. Ёнғин оқибатида машина тўлиқ ёниб кетган, Асрор Аралов эса оғир даражадаги тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Хулоса ўрнида таъкидлашни истардимки, умр – бебаҳо неъмат. Бироқ озгина эътиборсизлик, бепарволик натижасида бу неъматга ўзимиз рахна солишимиз  мумкин. Ёнғин билан боғлиқ келтирилган ҳолатлар бунга мисол бўла олади. Биргина хонадонимизда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик ёнғинни юзага келтириши, оқибати аянчли тугаши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шундай экан, ўзини хавф хатардан йироқ тутишни истаган ҳар бир фуқаро бу борада масъулиятни янада теранроқ ҳис этиши, ёнғин    хавфсизлиги қоидаларига доимо эътиборли бўлмоғи лозим.

 

Соҳибжон ВАЙИТОВ, вилоят ИИБ ЁХБ катта муҳандиси, катта лейтенант