"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 январь, шанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ЭНЕРГИЯ САМАРАДОРЛИГИ ОШАДИ, МАБЛАҒ ТЕЖАЛАДИ, АТРОФ-МУҲИТ МУСАФФОЛИГИ ТАЪМИНЛАНАДИ

Иқтисодиёт
Tipografiya

Медиа-тур

ЭНЕРГИЯ САМАРАДОРЛИГИ ОШАДИ, МАБЛАҒ ТЕЖАЛАДИ,

АТРОФ-МУҲИТ МУСАФФОЛИГИ ТАЪМИНЛАНАДИ

Маълумки, йирик саноат корхоналарининг барқарор ишлашини таъминлаш учун катта миқдорда электр энергияси талаб этилади. Бугун мазкур эҳтиёжнинг бир қисмини ушбу объектларнинг мавжуд ички ресурсларидан самарали фойдаланиб қоплаш ёки энергия сарфини сезиларли даражада камайтириш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг натижасида анчагина маблағ иқтисод қилиниши, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлиги ошиши, асбоб-ускуналар хизмат муддатининг узайиши ва технологик жараёнларнинг атроф-муҳитга салбий таъсири пасайишига эришилади. Шу нуқтаи назарга таянган ҳолда бу йўналишда мамлакатимизда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, бунда иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, уларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун энергия тежайдиган асбоб-ускуналар ва технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Президентимизнинг 2017 йил 26 майдаги "2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 12 июндаги  "Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида "Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш" лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида белгилаб берилган вазифалар ушбу жабҳада олиб борилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, самарадорлик юқори бўлишини таъминлашга қаратилган.

Тегишли лойиҳа доирасида жойларда амалга оширилган ишлар натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Самарқанд, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги йирик саноат корхоналарига оммавий ахборот воситалари ходимлари учун 5 кунлик медиа-тур ташкил этилди. Шундан икки кун вилоятимиздаги саноат гигантлари - "Шўртаннефтгаз" ва "Муборакнефтгаз" масъулияти чекланган жамиятларининг ишлаб чиқариш     қувватларида энергия самарадорлигини ошириш борасидаги фаолияти билан танишишга бағишланди.

- Мазкур медиа-тур журналистларга мамлакатимиздаги саноат корхоналарида жорий этилаётган энергиятежамкор ускуна ва технологиялар, уларнинг иқтисодий самарадорлиги ва афзалликлари билан бевосита танишиш имконини бериши билан аҳамиятлидир, - дейди "Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш" лойиҳасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими мутахассиси Дария Кудабаева. - ОАВ вакиллари мазкур технологияларнинг қандай ишлашини кўриш баробарида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан жавоб олди. Бу эса рўёбга чиқарилаётган ушбу лойиҳалар самаралари ҳақида аҳолини тушунарли ва қулай усулда хабардор этишни осонлаштиради.

Медиа-турнинг дастлабки кунида журналистлар "Шўртаннефтгаз" корхонасида энергия тежамкорликни ошириш борасида бажарилган ишлар билан батафсил таништирилди. Бинобарин, йилига 20 миллиард куб метр кам олтингуруртли газни қайта ишлаш қувватига эга ушбу корхонада ўтган даврда энергия сарфини камайтириш, самарадорликни оширишга қаратилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилди.

- 2015 йилда корхонамиз бош иншоотидаги биринчи ва иккинчи қозонхона, сув таъминоти ва канализация цехларида ишлатилаётган электродвигателларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш борасида катта ҳажмдаги ишлар қилинди, - дейди корхона электр таъминоти тармоғи бошлиғи Ҳамид Абдураззоқов. - Хусусан, электр энергиясини тежаш мақсадида частотали ростлагичлар ўрнатиш лойиҳаси амалга оширилди. Бунинг учун 353 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди. Натижада 2016 йилдан то ҳозирга қадар электродвигателларнинг энергия сарфи камайиши ҳисобидан 3,75 миллион кВт/соатдан ортиқ электр энергиясини тежашга эришилди. 2016-2017 йилларда эса Янги Қоратепа, Ширкент, Тўртсари ва "Шўртан" сиқув-компрессор станциясидаги паст босимли машъала газларидан фойдаланиб, электр энергияси ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи лойиҳани муваффақиятли рўёбга чиқардик. Бунда бир йилда нефть қазиб чиқариш конлари ва сиқув-компрессор станциясида 5,8 миллион куб метр йўлдош ҳамда дегазация газларини утилизация қилиш мўлжалланган. Шунинг ҳисобидан йилига 16 миллион кВт/соатдан ортиқ электр энергияси тежалиши мумкинлиги, ўнлаб янги иш ўринлари яратилгани лойиҳа юқори самарадорликка эга эканидан далолатдир. Бу ишларни бажариш учун жами 4,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилди. Бугунги кунда жорий этилган янги технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган электр энергияси тўлиқ корхонамиз эҳтиёжлари учун ишлатилмоқда.

"Шўртаннефтгаз" МЧЖ раҳбариятининг билдиришича, келгусида "Шўртан" сиқув-компрессор станциясида ҳам иккиламчи энергия манбаларидан оқилона фойдаланиб, электр энергияси ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсад қилинган. Лойиҳа муваффақиятли амалга ошса, қўшимча равишда йилига 30 миллион кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқариш   имконияти пайдо бўлади.

Кейинги куни медиа-тур "Муборакнефтгаз" МЧЖнинг "Зеварди" нефть-газ ишлаб чиқариш мажмуасида давом эттирилди. Тақдимот чоғида ушбу мажмуа таркибига кирувчи "Сардоб" конидан нефть қазиб олиш жараёнида ажраладиган йўлдош газлардан фойдаланиб, микротурбинали генератор ёрдамида соатига 4 мегаваттгача электр энергияси ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳанинг амалий натижалари ҳақида маълумотлар берилди. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, машъалага ёқилаётган, паст босимли газлардан фойдаланиб, электр энергия ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси учун расмийлаштирилган кредитлар эвазига хориждан микротурбинали қурилмалар келтирилиб, ўрнатилган. Лойиҳа самарали ишга туширилиши натижасида чиқинди газларнинг атроф-муҳитга салбий таъсири камайиши ҳам таъминланган.

- Бу лойиҳа бизга кенг имкониятлар тақдим этди, - дейди "Муборакнефтгаз" МЧЖ бош энергетиги ўринбосари Бобир Рўзиев. - Аввало, "Зеварди" нефть-газ ишлаб чиқариш мажмуасидаги барча объектлар учун зарур электр энергияси тўлиқ янги станциядан етказиб берилаяпти. Электр таъминотида аварияли ўчиш ҳолатларининг олди олинди. Ўз навбатида ички манба ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилгани корхонамизнинг молиявий ресурслари тежалишига хизмат қилмоқда. Аниқ рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, қурилма йилига 17 минг 500 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Натижада иқтисод қилинадиган маблағ 3,343 миллиард сўмни ёки  821,3 минг АҚШ долларини ташкил этади. Шу тариқа лойиҳа харажатлари 7 йилда тўлиқ қопланади.

Медиа-тур давомида корхона масъуллари келгусида яна бир дастур бўйича "Помуқ" сиқув-компрессор станцияси агрегатларидан чиқаётган иссиқлик эвазига "Ренкиннинг органик цикли" технологиясига асосан электр энергияси ишлаб чиқаришни ташкил этиш кўзда тутилгани, ҳосил бўладиган 17 минг 500 МВт электр энергияси  эса Помуқ кони қурилмалари ва сиқув-компрессор станцияси эҳтиёжи учун ишлатилишини маълум қилишди.

Медиа-тур ташкилотчилари берган маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда мамлакатимизда тегишли лойиҳа  доирасида энергия самарадорлигини ошириш бўйича 82 лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг муваффақиятли бажарилиши йилига 500 миллион кВт/соат электр энергияси ва 187,7 миллион куб метр табиий газни тежаш имконини беради. Яна бир жиҳати, йирик саноат корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи муайян қисми ички манбалар ҳисобидан қопланиши бошқа истеъмолчиларни электр энергияси билан ишончли таъминлашга кенг шароит ҳозирлайди.

М.ЖЎРАЕВ

Суратларда: медиа-турдан    лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.