"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

БОҒДАН - ҚАЙТА ИШЛАШГА, ЦЕХДАН – ЯРМАРКАГА

Иқтисодиёт
Tipografiya

Кичик бизнес

БОҒДАН - ҚАЙТА ИШЛАШГА, ЦЕХДАН – ЯРМАРКАГА

Маълумки, вилоятимизда кўплаб турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлаб, мўл ва сифатли ҳосил олиш учун кенг имконият мавжуд. Айниқса, воҳамизда мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини етиштириш тажрибаси ва салмоғи юксалиб, мазкур жабҳада юқори самарадорлик қайд этилаяпти. Ўтган йили деҳқону боғбонларимиз томонидан аҳоли дастурхонига қарийб 1,5 миллион тонна маҳсулот етказиб берилгани бунга мисолдир.

Асосийси, қуёш нурларини оби-тобида ейиши, унумдор ва баҳаво ҳудудларда пишиб етилиши сабаб ушбу ноз-неъматлар сархил, айрича маза-таъмга эга,  фойдали дармондориларга бой. Шу боис бу маҳсулотларни юртдошларимиз ҳам, хорижликлар ҳам - барча бирдек севиб истеъмол қилади.

Бугунги кунда вилоятимизда бу турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга қаратилаётган эътибор ҳам юқори. Бултур ҳудудда 10 минг тоннадан зиёд мева-чева ва сабзавот қайта ишлашга юборилган бўлса, жорий йилда мазкур рақам сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Чунки айни шу йўналишда фаолият бошлаётган корхоналар сони тобора кўпаймоқда. Мисол учун, Яккабоғ туманидаги Сандал қишлоғи ҳудудида барпо қилинган янги заводда яқинда чет эл технологияси асосида табиий шарбат ишлаб чиқаришга киришилди.

- Ушбу технологиянинг ўзига хос жиҳати шундаки, шарбат хомашё маҳсулотнинг сувини бевосита сиқиб олиш натижасида тайёрланади, - дейди лойиҳа ташаббускори, Қарши шаҳридаги “Дармон-фарм” хусусий корхонаси раҳбари Анзур Нормуродов. – Аввало мева-сабзавот яхшилаб ювиб сараланади, сўнгра майдалагичдан ўтказилади. Олинган суюқлик эса фильтрланиб, махсус идишларда 100 градусгача бўлган ҳароратда қиздирилади. Бу эса шарбат таркибида мева ва сабзавотнинг табиий хусусиятлари сақланиб қолишига имкон беради. Тайёр маҳсулот 1,5 ва 3 литрли махсус идишлар – аксептик пакетларга қадоқланмоқда. Ушбу ишлаб чиқариш линияси Европадан келтирилган бўлиб, қиймати қарийб 300 минг еврони ташкил этади. Суткасига 2 тонна хомашёни қайта ишлаш қувватига эга. Муҳим жиҳати, бу ускуналар энергия тежамкорлиги билан ҳам ажралиб туради. Айни пайтда асосан олма шарбатини ишлаб чиқараяпмиз. Шунингдек, узум, анор ҳамда бир қанча сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаб, шарбат тайёрлаш имкони мавжуд. Шунда маҳсулотларимиз тури 7 хилга етади. Ҳозирда уларни асосан ички бозорга етказиб бераяпмиз.

Тадбиркорнинг билдиришича, ишлаб чиқариш учун зарур хомашёни жамғаришда муаммо йўқ. Ҳозирги кунда бунинг бир қисми Яккабоғ туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ва аҳолидан харид қилиб олинмоқда. Қолаверса, бундан 3 йил аввал деярли 20 гектар майдонда ташкил этилган интенсив боғдаги “Гольден” ва “Симиренко” навли ярим пакана олма дарахтлари ҳам мева беришни бошлаган. Жорий мавсумдан уларнинг ҳар биридан ўртача 20-30 килограммдан ҳосил йиғиб олинаяпти. Маҳсулот тўлиғича қайта ишлашга йўналтирилиши кўзда тутилган. Мазкур истиқболли лойиҳа рўёбга чиқарилгани натижасида корхонада яна 30 нафар ёш доимий иш ўрнига эга бўлди.

Аҳамиятлиси, корхона вакиллари жорий йилнинг 6-8 сентябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” павильонларида бўлиб ўтган II Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида иштирок этиб қайтишди. Улар махсус стендда ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларни кенг истеъмолчилар эътиборига ҳавола этишди. Ишбилармон Анзур Нормуродовнинг сўзларига қараганда, сархил мева ва сабзавотлардан тайёрланган табиий шарбатлар чет эллик харидорларда катта қизиқиш уйғотган. Жумладан, россиялик ҳамкорлар бу маҳсулотлар сифатини юқори баҳолаган ва уларни сотиб олиш истагини билдирган. Томонлар ўртасида бу борада манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, келишувларга эришилган. Бу эндиликда янги корхона маҳсулотлари  кўп миқдорда экспорт қилинишини англатади.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.