"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

ЯНГИ МАҲСУЛОТ - МАВСУМИЙ ПОЙАБЗАЛ

Иқтисодиёт
Tipografiya

Кичик бизнес

ЯНГИ МАҲСУЛОТ - МАВСУМИЙ ПОЙАБЗАЛ

Қарши шаҳридаги "Qarshi best shoes" масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини ўтган йили бошлаган. Ушбу корхона асосан резина пойабзаллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бунда замонавий технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланилаётгани маҳсулот сифати ва харидоргирлигини таъминлаяпти. Аввалига корхонада енгил оёқ кийимлари - резина шиппаклар тайёрлаш йўлга қўйилган бўлса, яқинда яна бир янги маҳсулот - халқ орасида мукки деб аталувчи қишки пойабзал ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Албатта, ишлаб чиқаришда мавжуд талаб ва эҳтиёжни эътиборга олиб иш ташкил этилгани юқори самара бераяпти.

- Табиийки, кунлар совий бошлаши билан ёзда кийишга мўлжалланган шиппаклар хариди камаяди, - дейди тадбиркор Бобурбек Сувонов. - Шу боис ишлаб чиқариш жараёнида узилиш рўй бериши мумкин эди. Фаолиятимиз барқарорлигини таъминлаш учун қишки оёқ кийими - мукки тайёрлашни бошлашга қарор қилдик. Бу пойабзал тури халқимизга азалдан маълум. Илгари хом теридан ишланган бўлса, ҳозирда биз буни резинадан тайёрлаяпмиз. Ихтиёримиздаги ускуналарни ҳам шунга мослаштирдик. Янги қолиплар олиб келдик. Айни пайтда деярли барча ёш тоифаси учун мавсумий пойабзалларни аҳолига таклиф этаяпмиз. Ҳар бир турдаги маҳсулот ўзига хос дизайн ва кўринишга эга. Иссиқ бўлиши учун мукки ичига жундан тайёрланган мато жойлаштирилади. Бу матоларни цехимизнинг ўзида тикишни ташкил этдик. Шу мақсадда 15 дона махсус тикув дастгоҳи сотиб олдик. Натижада қўшимча 20 га яқин янги иш ўрни яратилди. Бироз илгари маҳсулотимизни бозорга чиқаришни ҳам бошладик. Ушбу пойабзаллар харидорларга манзур бўлаётганидан хурсандмиз. Бугунги кунда бу оёқ кийимларга чет элдан ҳам талаб билдирилаяпти. Шунинг учун келгусида маҳсулотимизни экспортга йўналтиришни кўзлаб турибмиз.

Айтиш жоизки, тадбиркор ишлаб чиқараётган мазкур пойабзаллар импорт ўрнини босувчи маҳсулот экани билан аҳамиятлидир. Бундай саноат товарларининг вилоятимизда кенг  миқёсда ишлаб чиқарилиши ҳудуд иқтисодиёти юксалишига хизмат қилибгина қолмай, хорижга қимматли валюта чиқиб кетишининг олди олинишига ҳам кенг шароит ҳозирлайди.

Шунингдек, бу турдаги корхоналарнинг кўпайиши аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Юртимизда импорт ўрнини босувчи, ички бозор талабига тўла мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш истагида бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганидан ҳам аслида ана шу мақсад кўзланган.

М.ЖЎРАЕВ

Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.