"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 апрель, якшанба.

ЯРИМ ТАЙЁР ЧАРМ ЭКСПОРТГА ЧИҚАРИЛМОҚДА

Иқтисодиёт
Tipografiya

Қашқадарё ва дунё

ЯРИМ ТАЙЁР ЧАРМ ЭКСПОРТГА ЧИҚАРИЛМОҚДА

Маълумки, вилоятимизда қишлоқ хўжалигининг чорвачилик тармоғи анча ривожланган. Ҳар йили ҳудудда катта миқдорда гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирилади. Шу билан бирга, чарм-пойабзал саноати учун муҳим хомашё ҳисобланган тери олинади. Бироқ илгари воҳамизда терини қайта ишлаш борасидаги имконият тўла ишга солинмасдан қолаётганди. Жорий йилда Қарши шаҳрида "Qarshi leather" Ўзбекистон-Исроил-Хитой қўшма корхонаси фаолият кўрсата бошлаши билан хом терига замонавий технологиялар асосида ишлов бериш ҳам йўлга қўйилди.

3 босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган мазкур лойиҳага чет эл инвестицияси жалб қилиниб, корхонага хориждан терини ошлашга мўлжалланган йирик қувватлар келтириб ўрнатилди.

- Илк босқичда йилига 750 минг дона йирик шохли мол терисини қайта ишлаш режалаштирилган, - дейди корхона ижрочи директори Фарҳод Панжиев. - Аҳамиятлиси, биз ҳозирги кунда мавжуд қувватдан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз. Кунига ўртача 1200 дона терига ишлов берилмоқда. Хомашёни воҳамиздаги хўжаликлар ва қўшни вилоятлар чорвадорларидан оламиз. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотимиз сифати жаҳон талабларига жавоб беради. Шу боис уни сотиб олиш истагида бўлган хорижлик харидорлар кўп. Бу эса экспортга кенг йўл очаяпти. Аввалига 2 миллион АҚШ доллари қийматидаги ярим тайёр чармни Хитой мамлакатига жўнатдик.  Бошқа ҳамкорлар билан ҳам шартномалар тузганмиз. Ҳар ойда ўртача ҳисобда 1,5-2 миллион долларлик маҳсулотни чет элга жўнатишни мақсад қилганмиз.

Корхона мутасаддиларининг билдиришича, терини қайта  ишлаш жараёнида ажраладиган ички ёғли чиқиндидан унумли фойдаланиб, ундан иккиламчи маҳсулот - махсус ем тайёрлаш бўйича ҳам иш олиб борилаяпти. Ушбу таклифни чет эллик инвесторлар ҳам маъқуллаган. Бу маҳсулотни сотиб олишга Европа ва Американинг айрим мамлакатлари ишбилармонлари талабгор бўлиб чиққан. Шуни эътиборга олиб, йил охиригача махсус ем ишлаб чиқаришни бошлашга қарор қилинган.

Айтиш жоизки, умумий қиймати 9 миллион долларга баҳоланган мазкур лойиҳанинг дастлабки   босқичи муваффақиятли якунлангач, корхонада 150 та янги иш ўрни яратилди. Лойиҳага кўра, кейинги босқичда чармни бўяшни ташкил этиш, охирги босқичда эса тайёр товар - чарм пойабзал ва атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш белгиланган. Натижада қўшимча яна 150 нафар кишининг бандлиги таъминланишига эришилади.

М.ШУҲРАТОВ

***

Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.