"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

МИНИТЕХНОЛОГИЯ - ҲАР ЕРДА ҚУЛАЙ

Иқтисодиёт
Tipografiya

МИНИТЕХНОЛОГИЯ - ҲАР ЕРДА ҚУЛАЙ

Маълумки, юртимизнинг қишлоқ жойларида аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, одамларга даромадли машғулотнинг бошини тутишда кенг шароит яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан тайёр бизнес-режа тақдим этилаяпти, бунга рағбат билдирган кишилар имтиёзли кредитлар билан таъминланмоқда. Натижада сўнгги пайтда уй шароитида тадбиркорлик, айниқса, чорвачилик билан шуғулланаётганлар кўпайди. Улар сут йўналишидаги чорва молларини боқишга асосий урғу бераяпти. Бу эса хомашё сут етиштириш кўлами ошишига шароит яратиб, уни қайта ишлашни ташкил этишни тақозо этмоқда.

Касби туманида яшовчи Сарвиноз Ҳусинова бу имкониятдан самарали фойдаланишга аҳд қилди. Минитехнология харид қилиб, сутни қайта ишлашни йўлга қўйди. Ушбу фаолият оилавий тадбиркорлик учун асос бўлиб хизмат қилди.

- Қишлоғимизда сут етиштирувчилар кўп, ўз навбатида саноат усулида ишлаб чиқарилган сут маҳсулотига ҳам талаб бор, - дейди у. – Бизга келиб тушаётган буюртмаларнинг кўплиги ҳам бунинг исботидир. Бир қанча сут етказиб берувчилар билан шартнома қилганмиз. Ҳозирча мавжуд кичик ускуналар ёрдамида кунига 200 литр сутни қайта ишлаш имконига эгамиз. Минитехнология ишлатаётганимиз боис харажат ҳам, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам камроқ. Айни пайтда бу бизни қониқтираяпти. Бугунги кунда цехимизда кефир ва сметана сингари талабгир маҳсулотларни ишлаб чиқараяпмиз. Маҳсулотимиз туманимиздаги дўконлардан ортмайди. Талаб бўлса, катта ҳажмли идишларда қаймоқ ҳам тайёрлаб етказиб бераяпмиз. Бу йўналишда яхши кўникма ҳосил қилдик. Мўмай даромад топаяпмиз.

Албатта, маҳсулот сифатли ва рақобатдош бўлса, у харидор эътиборидан четда қолмайди. Тадбиркор таклиф этаётган сут маҳсулотларига талаб кўплиги эса уларнинг истеъмолчиларга манзур бўлаётганидан далолат. Шуни ҳисобга олиб, оилавий тадбиркорлик вакиллари келгусида маҳсулдорликни бундан-да ошириш, янги турдаги товарларни ишлаб чиқаришни ташкил этишни режалаштиришмоқда. Шу билан бирга, янги бозорларни эгаллаш ҳам мақсад қилинган.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ