"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ИМПОРТ ЎРНИНИ БОСУВЧИ МАҲСУЛОТ

Иқтисодиёт
Tipografiya

Хусусий тадбиркорлик

ИМПОРТ ЎРНИНИ БОСУВЧИ МАҲСУЛОТ

Хориждан келтириладиган, ички истеъмол бозорида талаб юқори бўлган маҳсулотни шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳар жиҳатдан фойдалидир. Аввало, бу орқали катта миқдорда чет эл валютаси тежаб қолинишига эришилади. Асосийси, бунга ихтисослашган замонавий қувватнинг ишга туширилиши натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилади. Юртимиз аҳолисининг банд бўлмаган қисми учун доимий даромад манбаи юзага келади. Пировардида, мамлакатимиз иқтисодиёти янада ривож топади, рақобатбардошлиги ортади.

Сўнгги вақтда юртимизда бозорга импорт ўрнини босувчи, харидоргир маҳсулот таклиф этиш ниятидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти кенг рағбатлантирилаётгани боиси ҳам шундан. Ушбу жараёнда юқори технологиялардан фойдаланишни кўзлаётган ишбилармонлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Вилоятимизда ҳам мазкур йўналишда иш олиб бораётган тадбиркорлар сафи тобора кенгаяётгани аҳамиятлидир. Қарши шаҳридаги “Истиқлол юксалиш тараққиёт” оилавий корхонасини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

- Бир неча йилдирки, асосан ҳар хил турдаги металл конструкциялар, темир дарвоза, алюмин профилли эшик ва ромлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келаяпмиз, - дейди корхона раҳбари Санжар Қудратов. – Самарали фаолиятимиз давомида янги-янги маҳсулотларни тайёрлашни ўзлаштирдик. Спорт тренажёрлари шулардан биридир. Илгари бу инвентарлар мамлакатимизга четдан олиб келинарди. Шунинг ҳисобига нархи ҳам бир қадар юқори эди. Қарасак, ушбу жиҳозларни ўзимизда ишлаб чиқаришга имконият етарли. Натижада янги йўналишни ишга қўшдик. Деярли тўлиқ маҳаллий хомашё ишлатаяпмиз. Ранг-барангликни таъминлаш учун маҳсулот турини кўпайтирдик. Тренажёрлар бажариладиган функциялари сонига қараб фарқланади. Ҳозирги кунда уларнинг тури 20 га етди. Энг мураккаби ўзида 10 дан ортиқ функцияни мужассам  этган. Айни пайтда уни харидорларга буюртма асосида тайёрлаб етказиб бераяпмиз. Бу йўналиш ташкил этилгани самарасида корхонамизда ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги ҳам анча ошди. Қўшимча ишчи кучи жалб қилганмиз. Цехимизда 20 нафар киши ёлланиб ишлаяпти.

Тадбиркорнинг айтишича, бугунги кунда кенг миқёсда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган душ кабиналари ҳам янги маҳсулот ҳисобланади. У импорт ўрнини боса олиши билан аҳамиятга эга. Шу мақсадда корхонада қўшимча линия ўрнатилди. Дастгоҳлар харид қилинди. Ҳар ойда ўртача ҳисобда 20 тача душ кабинаси тайёрланмоқда. Маҳсулотнинг бир қисми маҳаллий бозорга йўналтирилаяпти. Қолгани воситачилар орқали хорижга экспорт қилинаётганидан ҳам билиш мумкинки, ташқи бозорда бу маҳсулотга қизиқиш катта. Шуларни эътиборга олиб, келгусида чет элга маҳсулот чиқаришни бошлаш ҳам режада йўқ эмас. Бундан фақат тадбиркор фойда кўриб қолмай, ҳудуд экспорт салоҳияти янада юксалишига ҳам замин ҳозирланади.

М.ЖЎРАЕВ

Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.