"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июль, душанба.

САНОАТ ЧИҚИНДИСИДАН ЎҒИТ, ҚЎНҒИР КЎМИРДАН БИТУМ

Иқтисодиёт
Tipografiya

Кўрик-танлов

САНОАТ ЧИҚИНДИСИДАН ЎҒИТ, ҚЎНҒИР КЎМИРДАН БИТУМ

Ҳеч бир ёқилғи ва ресурс сарфламай, йил давомида махсус шароитда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш, шу билан бирга, мевани қуритишни амалга ошириш мумкин. Бунинг учун гелиогеотермал қиздиргичли ва бак-аккумуляторли иссиқхона-қуритгич барпо этиш кифоя. Лойиҳа муаллифи, ҚМИИ “Иссиқлик энергетикаси” кафедраси ассистенти Нодира Комилованинг билдиришича, талаб этиладиган иссиқлик қуёш ва геотермал манба ҳисобидан ишлаб чиқарилади. Агар ушбу конструкция 250 квадрат метр жойда қурилса, бир йилда 4 минг куб метрдан зиёд табиий газ ва 5 минг 300 килограммдан ортиқ шартли ёқилғини тежаб қолиш имкони мавжуд. Мазкур ишланма Қарши шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” кўрик-танловининг вилоят босқичида намойиш этилди.

Айтиш жоизки, бу танлов юртимизда илк бор ўтказилмоқда. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва вилоят ихтирочи аёллар уюшмаси тадбирнинг асосий ташкилотчилари саналади. Кўзланган мақсад эса ихтирочи, муҳандис, рационализаторлик таклифи, инновацион лойиҳаси бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ва рўёбга чиқаришдан иборат.

- Танлов биринчи марта ташкил этилганига қарамай, унинг илк босқичида 400 нафарга яқин хотин-қиз иштирок этиш истагини билдирди, - дейди вилоят ихтирочи аёллар уюшмаси раиси Муабара Ҳакимова. Уларнинг ўртасида кучли рақобат сезилиб турди. Якунда 50 нафар киши вилоят босқичига етиб келди. - Улар ўз маҳсулоти ва ишланмасини ҳакамлар эътиборига ҳавола этди. Тақдимотлар ўтказилди. Илгари сурилган лойиҳанинг аҳамияти, долзарблигига урғу берилди.

Дарҳақиқат, иштирокчиларнинг лойиҳаларида ранг-барангликни кўриш мумкин. Илмий ишланмаларда саноат чиқиндисидан комплекс ўғит ҳамда қўнғир кўмирдан битум олиш технологияси, сув резервуарларидаги сув сарфини автоматик бошқариш ва назорат қилиш каби масалалар асослаб берилди. Шунингдек, бир қанча қатнашчилар томонидан дизайнерлик, тадбиркорлик ишлари тақдим этилди.

Танловнинг вилоят босқичида “Энг яхши ихтиро”, “Энг яхши модель”, “Энг яхши саноат намунаси” сингари 11 номинация бўйича ғолиблар аниқланди. Эндиликда улар танловнинг ҳал қилувчи – республика босқичида иштирок этишади.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.