"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июнь, шанба.

ЙИРИК ЗАВОД ҚОШИДА – ТИКУВЧИЛИК ЦЕХИ

Иқтисодиёт
Tipografiya

Ижтимоий ҳимоя

ЙИРИК ЗАВОД ҚОШИДА – ТИКУВЧИЛИК ЦЕХИ

Бирор ҳудудда йирик саноат корхонаси ишга тушиши ўша жой иқтисодиёти ривожи тезлашишига хизмат қилиб қолмай, шу ерда яшовчи аҳоли ҳаётида ҳам ижобий ўзгариш ясайди. Аввало улар муқим иш ўрнига, доимий даромад манбаига эга бўлади. Буни “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” унитар корхонаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Асосан қишлоқ хўжалиги учун зарур ва шу билан бирга дунё бозорида харидоргир маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур саноат гигантида бугун меҳнат қилаётганларнинг кўпчилигини деҳқонободликлар ташкил этади.

Аҳамиятлиси, корхона раҳбарияти муҳим йўналишларни йўлга қўйиш эвазига тумандаги вақтинча ишсиз юрган одамлар бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратаяпти. Бир муддат аввал иш сўраб мурожаат қилган эҳтиёжманд оила вакилларига ҳам ёрдам кўрсатилди. Завод ҳудудидан махсус бино ажратилиб, тикувчилик цехи фаолияти йўлга қўйилди. 8 нафар хотин-қизга чеварлик сирлари ўргатилгач, улар шу цехга ишга жойлаштирилди. Натижада корхона эҳтиёжи учун зарур тикувчилик-трикотаж маҳсулотларини четдан буюртма қилмасдан, шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш имкони юзага келди.

- Цехимиз талаблар асосида жиҳозланган, - дейди ишлаб чиқариш устаси Низомиддин Ғузоров. – 10 донадан ортиқ янги дастгоҳ олиб келганмиз. Ушбу мақсадлар учун 30 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди. Заводимизнинг тоғ-кон ва ишлаб чиқариш мажмуалари ишчи-хизматчилари учун махсус кийимларни ҳам шу ерда тайёрлаяпмиз. Шунингдек, хона жиҳозлари, чойшаб ва ёстиқлар ҳам цехимизда тикилмоқда. Замонавий тикиш машиналари барча мураккаб операцияларни бажариш имконини беради. Келгусида турли ёзув босишга мўлжалланган қўшимча ускуналар келтириш кўзда тутилган. Чунки бу кийимларга завод логотипини туширишда асқатади.

Дарҳақиқат, ушбу ташаббус юқори ижтимоий аҳамиятга эга экани билан муҳим. Аввал бекор қолган шунча хотин-қиз бугун ўзини кўрсатиб, яхши даромад топаётгани бунинг исботидир. Қолаверса, завод маъмурияти ҳам бундан ҳеч нима ютқизаётгани йўқ. Қайтанга айрим сарф-харажатларни камайтириб, маҳсулдорликни ошираяпти. Корхона мутасаддиларининг билдиришича, янги цех фаолиятини янада кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, четдан бўладиган буюртмалар билан ишлашни ҳам ташкил этиш мақсад қилинган.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.