"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 апрель, якшанба.

ИЛМ-ФАН РИВОЖИГА МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТДАН ҚАНЧА МАБЛАҒ АЖРАТИЛАДИ?

Иқтисодиёт
Tipografiya

Молия

ИЛМ-ФАН РИВОЖИГА МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТДАН ҚАНЧА МАБЛАҒ АЖРАТИЛАДИ?

Маълумки, бироз аввал вилоят маҳаллий бюджетининг 2018 йилги параметрлари тасдиқланганди. Унда Президентимиз ва ҳукумат томонидан қабул қилинган давлат дастурлари ижросини таъминлаш, давлатимиз раҳбарининг воҳамизга ташрифи давомида берган топшириқларини бажариш, шунингдек, валюта сиёсатини эркинлаштириш шароитида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириш учун зарур маблағлар ажратиш кўзда тутилган.

Айтиш жоиз, жорий йилги вилоят маҳаллий бюджетининг жами харажатлари 2 триллион 223 миллиард 500 миллион сўм миқдорида белгиланди. Шундан ижтимоий соҳага 1 триллион 978 миллиард 800 миллион сўм йўналтирилмоқда. Бу мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш имкониятларини янада яхшилаш, халқни рози қилиш масаласига эътибор доим юқори эканидан далолатдир. Аҳамиятлиси, 2018 йилда ҳам бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсия ва нафақалар миқдори    инфляция даражасидан паст бўлмаган суръатларда оширилиши қатъий кўзда тутилган.

Бюджетнинг харажатлар қисмида 2018 йилда таълим соҳасига ажратилаётган маблағ салмоқли улушни эгаллайди. Бу харажатлар 1 триллион 172  миллиард 100 миллион сўмга етади ёки ўтган йилга нисбатан 120,5 фоизга кўпаяди. Хусусан, мактабгача таълим соҳасига қарийб 94 миллиард 500 миллион сўм ёки ўтган йилга нисбатан 130,7 фоизга кўп маблағ йўналтириш кўзда тутилмоқда. Бу эса келажагимиз бунёдкори саналган ёш авлодни етук ва баркамол этиб тарбиялашга кенг шароит ҳозирлаши билан  муҳимдир.

Жумладан, 46 та мактабгача таълим муассасаси қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари учун Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 103 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилади. Бунда, 13  та мактабгача таълим муассасасини янгидан қуриш, 15 тасини реконструкция қилиш, 18 тасини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.

Яна бир жиҳати, 2018 йилда вилоят маҳаллий бюджетида белгиланган илм-фанни ривожлантириш харажатлари 2017 йилга нисбатан 2 баробар оширилди. Мазкур молиялаштириш миқдори 1 миллиард 300 миллион сўмга етказилади. Ўз навбатида бу орқали илмий ишланмалар самарадорлигини ошириш,  инновациялар таклиф этилишини қўллаб-қувватлаш, ҳудудда фаолият кўрсатаётган олимлар илмий салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсад қилинган.

Шунингдек, 2018 йил вилоят маҳаллий бюджети параметрларида соғлиқни сақлаш соҳасига 556 миллиард 500 миллион сўм маблағ ёки 2017 йилга нисбатан 1,3 баробар кўп миқдорда маблағлар ажратиш кўзда тутилган. Аҳоли саломатлиги даражасини янада яхшилаш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган бу ишлар юқори натижадорлик касб этади. Жумладан, соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилиш харажатлари учун 52 миллиард 800 миллион сўм ёки ўтган йилга нисбатан 2,9 баробар кўпроқ маблағ тақдим этиш режалаштирилган.

Қолаверса, тез тиббий ёрдам хизмати вилоят шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари ягона ахборот базаси ва маълумотлар узатиш тармоғини ташкил этишга жами 300 миллион сўм бериш кўзда тутилган.

2018 йилда кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ҳамда бошқа ижтимоий тўловлар беришга 224 миллиард 800 миллион сўм ажратилади. Ушбу кўрсаткич 2017 йилдаги билан қиёслаганда 137,2 фоиз ошди.

Жорий йилги вилоят маҳаллий бюджетида маданият харажатлари  ҳам жиддий ўсди. Бу рақам 22 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этмоқда ёки салмоқ ўтган йилга қараганда 245,9 фоиз кўп бўлади.

Тегишли бюджетнинг харажатлар қисмида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган тадбирлар ҳам инобатга олинган. Жумладан, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб кичик бизнес корхоналари томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови учун ҳисобланган сумманинг 8 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармасига ўтказилади. Жорий йилда бу сумма 5 миллиард 100 миллион сўмни ташкил этади.

Бу йил маҳаллий бюджетдан иқтисодиётга йўналтириладиган харажатлар ҳажми 106 миллиард 800 миллион сўмдан иборат бўлади. Бу борадаги ўсиш суръати эса 131,9 фоизга тенг. Шунингдек, маҳаллий бюджетда "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонасига ҳам 11 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратиш назарда тутилган. Кўп хонадонли уй-жой фондига туташ ҳудудларни ободонлаштиришга эса 3 миллиард 300 миллион сўм харажат қилинади. Жорий йилги бюджет ҳисобидан марказлашган инвестиция харажатларига 16 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Ушбу маблағ эвазига вилоят бўйича 108 километр ичимлик сув тармоқларини қуриш, 170,4 километр ички йулларни таъмирлаш режалаштирилган.

2018 йилги маҳаллий бюджетда давлат ва ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш, мамлакат хавфсизлиги, чегаралар дахлсизлиги, давлатимиз мудофаа қобилиятини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар ҳам тўлиқ ўз ифодасини топган.

Бундан ташқари, вилоятимизни 2018 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини жадал молиялаштириш учун солиққа тортиладиган базани кенгайтириш ҳисобига тасдиқланган тушумлар миқдорини  501 миллиард 400 миллион сўмга ортиғи билан таъминлаш бўйича алоҳида Дастур тайёрланди. Дастур ҳар бир шаҳар ва туман кесимида қанча қўшимча маблағ шаклланишини ўз ичига олган.

Ушбу туширилган қўшимча маблағлар Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи давомида берилган топшириқлари, ҳукумат қарорлари ва баённомаларида кўрсатиб ўтилган вазифалар ижросини таъминлашга, шунингдек, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, ривожланишда нисбатан орқада қолаётган ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни, ичимлик ва оқова сув тизимини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ бошқа тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади. Бу жараён депутатлик ва жамоат назорати остида амалга оширилади.

Абдусаид ШУКУРОВ,

 

вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи