"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 мaй, пайшанба.

4 ДАВЛАТ МУЛКИ ОБЪЕКТИ ИНВЕСТОРЛАРГА БЕРИЛДИ

Иқтисодиёт
Tipografiya

Хусусийлаштириш

4 ДАВЛАТ МУЛКИ ОБЪЕКТИ ИНВЕСТОРЛАРГА БЕРИЛДИ

Маълумки, мамлакатимизда жойлардаги бўш турган давлат мулки объектларидан мақсадли фойдаланиш, уларни муайян мажбуриятлар асосида “ноль” харид қийматида ташаббускор тадбиркорларга бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳамиятлиси, бу амалиёт ўзининг юқори самараларини бермоқда, фойдаланилмай келинаётган бино ва иншоотлар негизида замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилишига шароит ҳозирланаяпти.

Қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 январдаги “Тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни янада ривожлантириш, давлат мулки объектларини сотишни соддалаштириш ва тезлатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, уларга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун давлат мулки объектларини сотишни соддалаштириш ва тезлатишга қаратилган енгиллик амалга киритилди. Эътиборлиси, вилоятимизда ҳам фармон ижросини таъминлаш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда, бўш турган, давлат эгалигида бўлган бино ва иншоотлар аниқланиб, уларни тадбиркорларга бериш бўйича чоралар кўрилаяпти.

Шу маънода бироз аввал тегишли ҳудудий танлов комиссияси томонидан тадбиркорлардан келиб тушган, фойдаланилмай ётган объектларни мақсадли ишлатиш бўйича таклифлар ўрганилди. Комиссия йиғилиши баёнига асосан, ушбу мулкларда белгиланган муддатда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, зарур миқдорда иш ўринлари яратиш бўйича инвесторларга мажбурият юкланди.

Хусусан, Муборак тумани Қарлиқ қишлоғи ҳудудидаги механизаторлар уйи ва марказий устахона биноларини шу ҳудуддаги “Elyor Eldor omad” фермер хўжалиги қабул қилиб олди. Ташаббускор 2 йил муддат давомида 160 миллион сўм сармоя йўналтириб, мулк негизида чорвачилик тармоғини йўлга қўяди. Бунинг самарасида 5 та янги иш ўрни ташкил этилиши лозим.

Деҳқонобод туманидаги Бешбулоқ қишлоғида жойлашган, тугатилган “Марварид” масъулияти чекланган жамиятининг маъмурий ва ёрдамчи биносидан фойдаланиш бўйича мазкур ҳудудда фаолият кўрсатаётган “Ғаллакор” фермер хўжалиги билан шартнома имзоланди. Инвесторга ушбу мулк 2 йилга “ноль” харид қийматида берилмоқда. Шарти эса 350 миллион сўм инвестиция киритиш ва 10 кишининг бандлигини таъминлашдан иборат. Тегишли лойиҳа доирасида ишбилармон чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини янада ривожлантиришни таклиф этган.

Шаҳрисабз тумани Саксонкапа қишлоғидаги “Саксонкапа” фельдшерлик-акушерлик пункти (ФАП)нинг биноси ҳам анча вақтдан бери бўш турган эди. Бу мулк ҳам танловга қўйилиб, ғолиб инвесторга тақдим этилди. Ташаббускор, шу тумандаги “Fast denta” масъулияти чекланган жамияти мазкур бино негизида тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўйишни мақсад қилган. Бунинг учун 80 миллион сўм маблағ сарф этилади ва 1 йилдан сўнг 3 киши доимий иш билан таъминланиши шарт.

Нишон тумани Ойдин қишлоғи ҳудудидаги давлатга қарашли мулкий мажмуа ҳам самарали фаолият учун асос бўлади. Уни қабул қилиб олаётган “Қарши сопол қувурлари заводи” масъулияти чекланган жамияти 3 йил муддатда 4 миллиард сўмдан ошиқ инвестиция жалб қилишни ва 25 янги иш ўрни яратишни ўз зиммасига олди. Тадбиркор илгари сурган истиқболли лойиҳа асосида тегишли мулк негизида чорвачилик мажмуаси барпо этилади, кейинчалик бу ерда етиштирилган гўшт ва сут маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлашни ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Албатта, тадбиркорлар берилган объектларни тўлиқ хусусий мулк қилиб олиши учун шартномада кўрсатилган мажбуриятларни ўз вақтида бажариши ва тегишли комиссиянинг ижобий хулосасини олиши лозим бўлади.

МИРЖАҲОН