"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 мaй, пайшанба.

ТАШҚИ САВДО АЙЛАНМАСИ ЯРИМ МИЛЛИАРД ДОЛЛАРДАН ОШДИ

Иқтисодиёт
Tipografiya

Ислоҳот қирралари

ТАШҚИ САВДО АЙЛАНМАСИ ЯРИМ МИЛЛИАРД ДОЛЛАРДАН ОШДИ

Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, шу жумладан, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама қулайлик яратишга қаратилаётган эътибор соҳанинг изчил ривожланишига кенг йўл очмоқда. Бу рақамларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. 

Мавжуд маълумотларга кўра, 2017 йил давомида вилоят ташқи савдо айланмаси ҳажми 604 миллион 600 минг АҚШ долларига етган. Унинг таркибида импорт товарлар қиймати 374 миллион АҚШ долларини, экспортга чиқарилган маҳсулотлар улуши эса 230 миллион  600 минг АҚШ долларини ташкил этди.

Чет давлатлардан импорт асосида олиб келинган товарларнинг асосий қисмини хомашё, технологик асбоб-ускуналар ҳамда махсус автотранспорт воситалари ташкил этган бўлса, чет давлатларга асосан полиэтилен грануласи, минерал ўғитлар, суюлтирилган газ ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган. Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда “Муборак газни қайта ишлаш заводи”, “Шуртаннефтгаз”, Шўртан газ-кимё мажмуаси масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” унитар корхонаси фаол иштирок этди.

Маълумки, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан ташқи иқтисодий фаолият қўллаб-қувватланаяпти. Фаолият қатнашчиларига бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилмоқда. Мисол учун, ўтган йилнинг 9 ойида импорт маҳсулотларга ҳисобланган 965 миллиард 690 миллион сўмлик божхона тўловларидан 900  миллиард 400 миллион сўмига ёки 93,24 фоизига божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди. Имтиёзлар асосан инвестицион лойиҳалар, маҳаллийлаштириш дастури, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта таъмирлаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган дастурлар доирасида, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хомашёлар ва материаллар импорти бўйича қўлланилмоқда.

Қайд этиш жоиз, маҳсулотларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришда амалдаги қонунчиликка кўра тадбиркорлар божхона тўловларини тўлашдан озод этилган (божхона йиғимлари бундан мустасно). Ҳозирги вақтда божхона тўловларидан имтиёзлар бериш назарда тутилган, ташқи иқтисодий фаолиятнинг барча субъектларига тааллуқли бўлган умумий тусдаги 23 га яқин ва фақат айрим корхона ва ташкилотларга нисбатан татбиқ этиладиган индивидуал тусдаги 300 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар амалда.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 28 январдаги “Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан 2018 йил 1 январгача бўлган даврда ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар берилиши кўзда тутилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган,  ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хомашё ҳамда материалларни божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан   ташқари) озод этиш белгиланган. Ушбу қарорга асосан, вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тегишли ҳисобот даврида 1 миллиард 770 миллион сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз берилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг  2003 йил 7 июлда “Ички бозорни ёғоч-тахта материаллари билан тўлдиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унинг талабларига кўра, четдан келтириладиган ёғоч-тахта материаллари, ёғоч-тахта ва ёғочдан ясалган буюмларнинг айрим турига импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи тўланмайди. Бунинг самарасида ҳудудда ушбу йўналишда иш олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари ўтган даврда 2 миллиард 149 миллион 80 минг сўм миқдорида божхона тўловларидан берилган имтиёзлардан фойдаланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 29 декабрдаги “2016-2020 йилларда қишлоқ ҳўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларини янада кўпайтириш, шу асосда қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва даромадларини, гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсишини ошириш ҳамда ички истеъмол бозорининг тўлдирилишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Шунга кўра, 2021 йилнинг 1 январигача бўлган даврда наслчиликка ихтисослашган чорвачилик субъектлари, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари, омихта ем, озуқа қўшимчалари, ветеринария вакциналари ва препаратлари ишлаб чиқарувчи хўжалик субъектларига бир қанча енгилликлар берилган. Жумладан, улар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича наслчилик материаллари, технологик ва ёрдамчи ускуналар, омихта ем ва озуқа қўшимчаларини ишлаб чиқариш учун компонентлар, шунингдек, фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар пайвандтаг, кўчат ва томчилатиб суғориш ускуналарини юртимизга олиб киришда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилиниши белгиланган. Мазкур қарор бўйича ўтган йили вилоятимиз ишбилармонларига 4 миллиард 560 миллион сўм миқдорида имтиёзлар қўлланилган.

Хулоса қилиб айтганда, тадбиркорлар бу каби имкониятлардан унумли фойдаланиб, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, маҳсулдорликни оширишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш имконига эга бўлаяпти, шу аснода аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудуд иқтисодиёти ривожи жадаллашишига катта ҳисса қўшаётир. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар эса бозорларимиз тўкинлигини таъминлаши билан бирга, вилоятимиз экспорт салоҳияти юксалишига ҳам хизмат қилмоқда.

Шербек ВАХОБОВ,

вилоят божхона бошқармаси бўлинма бошлиғи,

М.ШУҲРАТОВ