"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

15 август, чоршанба.

ЭКСПОРТ ҲАЖМИ КОРХОНА САЛОҲИЯТИНИ БЕЛГИЛАЙДИ

Иқтисодиёт
Tipografiya

Кичик бизнес

ЭКСПОРТ ҲАЖМИ КОРХОНА  САЛОҲИЯТИНИ БЕЛГИЛАЙДИ

Агар тадбиркор ўз маҳсулотини сифатли қилиб ишлаб чиқарса, аввало, бошқалар билан рақобатда ютиб чиқади, таклиф этаётган товари эса ички бозордан   мустаҳкам жой эгаллайди. Албатта, талаб даражасидаги маҳсулот хорижлик харидор эътиборидан ҳам четда қолмайди. Бу эса ташқи бозорга кенг йўл очади. Бугун юртимиз ишбилармонлари ана шу босқичлардан ўтиб, якунда экспорт фаолияти билан ҳам муваффақиятли шуғулланмоқда.

Аҳамиятлиси, вилоятимизда ҳам бундай тадбиркорлик субъектлари сони борган сари ошаяпти. Кичик бизнес вакиллари ўзи тайёрлаган маҳсулотни хорижга сотиш асносида ҳудуд экспорт салоҳияти юксалишига ҳам кўмаклашмоқда. Қарши шаҳридаги “Тозалик маликаси” масъулияти чекланган жамияти томонидан эришилаётган натижаларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Ушбу корхона экспортчи мақомини олганига унча кўп бўлмади. Чет эл билан алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда. Янгидан-янги харидорлар ҳамкорлик таклиф этаётир. Натижада корхона тўлиқ экспорт учун ишламоқда.

- Аввалига маҳсулотимизни ташқи бозорга чиқарамиз, деб ҳеч ўйламаганмиз, - дейди корхона раҳбари Матлуба Ўтаганова. – Мақсадимиз ички истеъмол бозоридаги талабни қондириш эди. Чет элликлар ўзлари топиб келишди. Маҳсулотимиз тожикистонлик ҳамкорларга маъқул бўлди. Икки йилдирки, уларга маҳсулот сотаяпмиз. Бошида фақат кир ювиш воситаларини экспортга йўналтирдик. Кейинчалик бунинг ёнига озиқ-овқат маҳсулоти ҳам қўшилди. Ўтган йил ҳисобидан амалга оширган экспортимиз ҳажми 238 минг АҚШ долларини ташкил этди. Бу йил эса кўрсаткични икки баробардан зиёд ошириш имконига эгамиз. Чунки яқинда афғон ишбилармонлари билан ҳам маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома имзоладик. Мавжуд келишувларга кўра, йил охирига қадар янги ҳамкорларга қарийб 600 минг долларлик маҳсулот жўнатамиз.

Айтиш жоизки, айни пайтда корхонада 20 хилга яқин кир ювиш воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Бултур замонавий линиялар олиб келиниши натижасида янги маҳсулотларни тайёрлаш ўзлаштирилди. Атирсовун ва шампун шулар сирасига киради. Шу мақсадда мавжуд цехлар Германия технологиялари билан жиҳозланди. Корхона томонидан реализация қилинаётган кир совуни ва кукуни, гель каби ювиш воситалари бемалол импорт ўрнини босади. Уларни ишлаб чиқариш учун кетадиган хомашёнинг 90 фоизи юртимизда бор. Тадбиркор маҳаллийлаштириш дастуридан жой олган истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш эвазига бунга эришди.

- Бундан ташқари, корхонамиз қошида қовурилган писта, яъни “семечка” ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйганмиз, - дейди ишбилармон. – Ускуналар хориждан келтирилган. Кунига 5 тоннагача маҳсулот қайта ишланади. У махсус пакетларга қадоқланади. Пистани ҳам хорижликлар харид қилаяпти.  Келгусида яна бир янги режани амалга оширишни ўйлаб қўйдик. Писта қўшилган ҳолва тайёрлаш қувватини ишга туширишни мўлжаллаяпмиз. Бунинг учун асосий ишларни бажариб бўлдик. Нишона маҳсулот тез орада сотувга чиқади.

Корхона самарали фаолият кўрсатишидан ишчилар ҳам мамнун. Бу ерда 20 нафарга яқин киши ишлаб, даромад топаяпти. Истиқболда иш ўринлари сони янада кўпайишини тахмин қилиш мумкин. Негаки, талаб юқори бўлган бир шароитда ишлаб чиқариш маҳсулдорлигини оширмасликнинг имкони йўқ. Экспорт географияси янада кенгайиши кутилмоқда. Туркманистонлик харидорлар ҳам корхона маҳсулотларига жиддий қизиқиш билдирган. Амалий ҳамкорлик ҳам таклиф этилган. Ўсаётган эҳтиёжни қоплаш, экспорт узлуксизлигини таъминлаш учун эса тадбиркор янги қувватлар устида ишлашни кўзламоқда.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.