"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

НАЗОРАТДАН ҲУШЁР ТОРТГАН ТАДБИРКОР

Иқтисодиёт
Tipografiya

Солиқ ва бурч

НАЗОРАТДАН ҲУШЁР ТОРТГАН ТАДБИРКОР

виждонни ҳам алдай оладими?

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни 2 йил муддатга тўхтатиш масаласида таклиф билдирган эдилар. Буни барча бирдек қўллаб-қувватлади. Биринчи навбатда тадбиркорларимиз. Чунки, бу улар учун катта рағбат эди.   

Бироқ ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз фаолиятини мавжуд тартиблар асосида ривожлантириш ўрнига турли хил қонунбузиш йўллари билан даромадини оширишни ният қилган тадбиркорлар ҳам афсуски учраб турибди. Вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан Қарши шаҳридаги тадбиркорлик субъектларида савдо қоидаларига риоя қилиниши юзасидан ўтказилган профилактик тадбир буни яна бир исботлади. Минг афсуски, уларнинг барчасида назорат-касса машинасини қўлламасдан товарлар сотиш, хизматлар кўрсатиш, харидорларга чек бермаслик ҳолатлари кузатилди.

Жумладан, Қарши шаҳри “Насаф” кўчасида жойлашган “Митти Фарм Мед Сервис” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихона харидорлар билан гавжум. Соат 11 дан 45 дақиқа ўтган. Назорат-касса машинасидан жами 25 маротаба чек чиқарилган. Нақд пулда амалга оширилган савдо эса 1 миллион 532 минг 300 сўмни ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, “Al Nasafiy Kafolat Farm” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган профилактик тадбир давомида шу кун ҳисобидан биринчи маротаба 7 минг 500 сўмга харид учун назорат-касса машинасининг чеки тақдим этилди. Нақд пулда амалга оширилган савдо эса 1 миллион 213 минг сўм бўлган.

Қарши шаҳридаги “Малҳам Файз Дилхуш” хусусий фирмасига қарашли дорихонанинг назорат-касса машинасида кун ҳисобидан жами 29 нафар харидор томонидан 875 минг 200 сўмлик дори маҳсулотлари харид қилингани қайд этилган. Биз эса бунга ишонгимиз келмади. Ўрганиш натижаси шу бўлдики, савдо пули сотувчи томонидан тўлиқлигича назорат-касса машинасига кирим қилинмаган, харидорга чек берилмаган.  

Вилоят болалар кўп тармоқли шифохонаси атрофида жойлашган дорихоналар ҳам эътиборимизни тортди. Сабаби, аксарият ҳолларда тиббиёт муассасалари ёнида жойлашган дорихоналар анча гавжум бўлади, унда сотилаётган дориларга харидор кўп. Лекин “Гуллола Медиа Фарм” хусусий корхонасига қарашли дорихонада кун давомида 11 нафар харидор 753 минг сўм нақд пулда савдо қилган, гўёки.

Шундан сўнг вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларида нақд пул тушумларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш мақсадида хронометраж тадбирлари ўтказилди.

Тадбир куни “Митти Фарм Мед Сервис” масъулияти чекланган жамиятида бир кунда нақд пулда 7 миллион 520 минг сўм миқдорида савдо амалга оширилган. Бу эса бир кун аввалги тушумга нисбатан  2 миллион 500 минг сўмга кўпдир.   

 Яна бир ҳолат. “Al Nasafiy Kafolat Farm” масъулияти чекланган жамиятида жами 20 миллион 350 минг сўмга нақд пулда савдо қилиниб, бу бир кунлик аввалги тушумга нисбатан 9 миллион 802 минг сўмга ошган.

“Гуллола Медиа Фарм” хусусий корхонасига қарашли дорихонада 2 миллион 510 минг сўмга нақд пулда савдо амалга оширилган бўлиб, тушум ўтган кунга нисбатан 1 миллион 644 минг сўмга кўпайган.

Шунингдек, “Малҳам Файз Дилхуш” хусусий фирмасига қарашли дорихонада бир кунда 6 миллион 298 минг сўмга нақд пулда савдо қилинди. Бу бир кун илгариги тушумга нисбатан 2 миллион  904 минг сўмга ортиқдир.

Бизни қийнаган савол битта. Тадбиркор нақд пул тушумининг ҳақиқий ҳажмини яширишдан қандай мақсад кўзлаган? Бу билан нимага эришмоқчи? Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликка, тақдим этилаётган енгилликларга унинг жавоби шуми?

Албатта, бу борадаги тадбирлар давом эттирилади, аниқланган қоидабузилиш ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилади.

Харидорлардан эса сотиб олинган маҳсулот учун харид чеки олишни унутмасликни сўраймиз.

Зариф КЕЛДИЯРОВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси бўлим бош мутахассиси