"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

15 август, чоршанба.

1 МАЙДАН АМАЛДА

Иқтисодиёт
Tipografiya

1 МАЙДАН АМАЛДА

Қарор талаблари кучга кирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 19 февралда имзолаган “Мулкдорлар томонидан фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона, мақсадли ва самарали фойдаланиши юзасидан назоратни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талаблари жорий йилнинг 1 май санасидан кучга кирди.

Қарорда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан мулкдорларнинг мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан назоратни кучайтиришга доир чора-тадбирлар назарда тутилган.

Жумладан, эндиликда мулкдорнинг инвестиция лойиҳасини тақдим этганлиги, унинг амалга оширилганлиги ёки амалга оширилмаганлиги тўғрисида Идоралараро комиссия хулоса беради.

Агар Идоралараро комиссия инвестиция лойиҳаси мулкдор (бошқа ташаббус кўрсатувчилар томонидан) амалга оширилмаганлиги ёки маълумотлар тақдим этилмаганлиги тўғрисида хулоса чиқарса, у ҳолда лойиҳа ташаббускорига нисбатан кейинги ойдан бошлаб белгиланган тартибда солиқларнинг оширилиши, мавжуд имтиёзларнинг бекор қилиниши каби таъсир чоралари қўлланила бошлайди.

Энди хусусий клиникаларда ҳам...

2018 йил 1 майдан бошлаб хусусий тиббиёт ташкилотларига руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишини ташхис қилиш ва даволаш бўйича аҳолига айрим хизматлар кўрсатишга рухсат этилади.

Бу норма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Шунингдек, қарорда аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида мазкур соҳада давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш учун инвестициялар жалб қилиш, психиатрия муассасаларининг, шунингдек, улар бўлинмаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, тиббиётнинг замонавий асбоб-ускуналари ва техникалари билан жиҳозлаш каби тадбирлар белгилаб берилган.

Карантин инспекторлари ишига қараб рағбатлантирилади

2018 йил 1 майдан ўсимликлар карантини бўйича туман ва шаҳар инспекторлари, автомобиль йўллари, темир йўл станциялари, аэропортлар, дарё портидаги ўсимликлар карантини бўйича чегара пунктлари ҳамда почтамтдаги пункт инспекторлари иш самарадорлигига қараб янги рейтинг тизими асосида рағбатлантирилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 мартдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Инспекторларга қонун ҳужжатларида белгиланган устама ва қўшимча тўловлардан ташқари, ҳар чорак якуни бўйича меҳнат  фаолиятида юқори натижаларга эришганлиги учун Инспекция бошлиғи томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган фаолиятни баҳолашнинг рейтинг тизимига мувофиқ белгиланадиган, қуйидаги миқдорлардаги рағбатлантирувчи тўловлар берилади:

70 баллдан 80 баллгача тўплаган инспекторларга – лавозим  маошига 50 фоизгача; 

80 баллдан 90 баллгача тўплаган инспекторларга – лавозим маошига 100 фоизгача; 

90 баллдан 100 баллгача тўплаган инспекторларга – лавозим маошига 150 фоизгача. 

Қонун лойиҳалари муҳокамага қўйилади

2018 йил 1 майдан бошлаб барча қонун ҳужжатлари лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим.

Бу норма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига фақат ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича уларни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг хулосаси мавжуд бўлгандагина киритилади.

Ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича ҳудудий адлия органларининг ижобий хулосаси мавжудлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишнинг мажбурий шарти ҳисобланади.

Товуқ гўшти учун давлат стандарти жорий этилди

Шу ой бошидан бошлаб товуқлар, жўжалар, бройлер-жўжаларнинг нимталари ва уларнинг бўлаклари учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат стандарти - ЎзДСт 3308:2018 амалга киритилди. Бу ҳақда “Ўзстандарт” агентлиги расман эълон қилди.

Агентлик томонидан таъкидланишича, Ўзбекистон бозорларида ва савдо расталарида сотилаётган таркиби сунъий равишда 50 фоизгача сув билан бойитилган ёки номаълум суюқликлар билан яхлатилган парранда гўштлари ва унинг нимталари кўплаб истеъмолчиларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Мамлакатимизда мазкур парранда гўшти таркибидаги намликни ёки сунъий равишда қўшимча киритилаётган оғирлик берувчи моддаларни аниқловчи таҳлилий синов усуллари ёки бундай моддаларнинг қўшилишини тақиқловчи талаблар амалиётга татбиқ этилмаган. Бу эса ўз навбатида парранда гўшти таркибидаги сунъий қўшимчалар сифатни назорат қилувчи органлар томонидан текширилмаётганини англатади.

Бунга чек қўйиш мақсадида, назоратни кучайтириш ва айрим виждонсиз тадбиркорларнинг сифатсиз маҳсулотлар ишлаб чиқаришининг олдини олиш борасида “Ўзстандарт” агентлиги хориж амалиётидан келиб чиққан ҳолда, Паррандачилик саноати уюшмаси билан ҳамкорликда товуқлар, жўжалар, бройлер-жўжаларнинг нимталари ва уларнинг бўлаклари учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат стандартини жорий этди.

ЖАҲОНГИР тайёрлади