"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

25 мaй, жума.

I ЧОРАКДА ВИЛОЯТ ИҚТИСОДИЁТИ КЎРСАТКИЧЛАРИ ҚАНДАЙ БЎЛДИ?

Иқтисодиёт
Tipografiya

Сарҳисоб

I ЧОРАКДА ВИЛОЯТ ИҚТИСОДИЁТИ КЎРСАТКИЧЛАРИ ҚАНДАЙ БЎЛДИ?

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси жорий йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича бир қанча маълумотларни тақдим этди. Уларда вилоятимизга оид айрим кўрсаткичлар ҳам келтириб ўтилган. Қуйида шу ҳақда батафсил сўз юритамиз.

ЯҲМ ўсди

Айтиш жоизки, вилоятимизда ушбу ҳисобот даврида ҳудуд иқтисодиётини янада юксалтиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилди. Муҳим инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш ишлари давом эттирилди, соҳаларда самарадорлик юқори бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти (4 триллион 84,1 миллиард сўм) ҳажмига ҳам ижобий таъсир этди ва ўтган йилнинг худди шу даври билан таққослаганда ўсиш суръати 5,1 фоизга тенг бўлди. Жумладан, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида маҳсулодорлик 100,8 фоизга (тармоқнинг ЯҲМ таркибидаги улуши - 6,8 фоиз), саноатда - 107 фоиз, (улуши 45,9 фоиз), қурилишда - 101,7 фоиз (улуш 7,6 фоиз) ва хизматлар соҳасида 104,5 фоизга (улуш 39,7 фоиз) ошди. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса ялпи ҳудудий маҳсулот 3,1 фоизга кўпайди ва бу рақам 1 миллион 294,9 минг сўмни ташкил этмоқда.

Вилоятимиз республика бўйича ялпи ички маҳсулотнинг шаклланишига ҳам 9,1 фоиз билан катта улуш қўшди. Фақат бу борада Тошкент шаҳри (16,2 фоиз) ва Тошкент вилояти (9,1 фоиз) салмоқли натижа билан биздан олдинда турибди. Сирдарё (1,6 фоиз), Жиззах (1,9 фоиз) ва Хоразм (2,9 фоиз) вилоятлари эса энг паст кўрсаткич қайд этган.

Қурилишда кичик бизнеснинг улуши - 86 фоиз

Маълумки, кичик бизнес воҳамиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Соҳа вакилларининг истеъмол бозорини харидоргир маҳсулот ва хизматлар билан тўлдириш, аҳоли бандлигини таъминлашдаги ҳиссаси салмоқли. Шунга қарамасдан, кичик тадбиркорлик субъектларининг ҳудуд саноатидаги иштироки даражаси нисбатан пастлигича қолмоқда. Буни қўмита тақдим этган маълумотда ҳам кўриш мумкин.

Таъкидланишича, биринчи чоракда вилоятимиздаги кичик бизнес субъектлари томонидан 568,7 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган. Ўсиш суръати 103,8 фоизни ташкил этган. Ҳудудлар кесимига қарайдиган бўлсак, унумдорлик бўйича энг юқори кўрсаткич  Тошкент шаҳрига тегишли - мазкур минтақа ишбилармонлари ишлаб чиқарган саноат маҳсулоти ҳажми 4 триллион 770 миллиард сўмдан кўп.

Шунингдек, 2018 йилнинг март-апрель ойларида вилоятдаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилган чакана товар айланмаси ҳажми 1 триллион 962,2 миллиард сўм бўлган. Бу борада аввалги даврга нисбатан пасайиш кузатилган. Тегишли рақам 99,1 фоизга етган. Ҳудудлар бўйича эса кўпроқ чакана товар айланмаси Тошкент шаҳри (4 триллион 427,4 миллиард сўм), Тошкент (2 триллион 387,4 миллиард сўм) ва Андижон (2 триллион 87,2 миллиард сўм) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Ушбу чоракда вилоят миқёсида кўрсатилган 1 триллион 78,9 миллиард сўмлик хизматлар ҳам кичик бизнесга тегишли. Бу борада 101,4 фоиз ўсиш қайд этилган.

Якунланган чоракда кичик бизнеснинг вилоятимиз иқтисодиёти тармоқларидаги улуши қай даражада сақланиб қолгани ҳам эътиборга молик. Кичик тадбиркорлик вакиллари ҳудуд саноатининг 14,4 фоизини қамраб олган, холос. Балки буни вилоятимизда йирик саноат корхоналари кўплиги билан изоҳлаш мумкиндир. Ваҳоланки, бу тоифа қурилиш соҳасида салмоқли ўрин тутади. Натижа - 86 фоиз. Бундан ташқари, тегишли даврда вилоятда кўрсатилган хизматларнинг 71,3 фоизи кичик бизнес вакиллари томонидан тақдим этилган. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида эса уларнинг улуши 34,1 фоизни ташкил этаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Энг кўп йирик шохли қорамол - бизда

Тегишли чоракда вилоятнинг қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги  соҳасида эришилган натижалар билан танишиб ўтсак. Мамлакатимиз бўйича ушбу тармоқда ишлаб чиқарилган маҳсулот (хизматлар) умумий ҳажмида вилоятимизнинг улуши 7,1 фоизни ташкил этмоқда. Албатта, бу натижа билан у қадар мақтаниб бўлмайди. Бу борада Тошкент вилояти 16,9 фоиз кўрсаткич билан ҳудудлар орасида пешқадамлик қилмоқда.

Эътиборлиси, ҳисобот даврида вилоятимиз бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг  93 фоизи деҳқон (шахсий, ёрдамчи) хўжаликлари, 3,8 фоизи бошқа ташкилотлар ва фақат 3,2 фоизи фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган. Асосий турдаги чорвачилик ва балиқчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳам ўсиш кўзга ташланади. Воҳамизда 39,5 минг тонна гўшт, 128,7 минг тонна сут, 81,7 миллион дона тухум ва 365 тонна балиқ аҳоли дастурхонига тортиқ қилинган.

Қорамол ва паррандалар бош сони бўйича эса вилоятимиз етакчи ҳудудлардан саналади. 2018 йил 1 апрель ҳолатига кўра, воҳамизда 1 миллион 528,2 минг бош йирик шохли қорамол, жумладан, 496 минг бош сигир парваришланмоқда. Қўй ва эчкилар эса 4 миллион 464,2 минг бошга етган. Шунингдек, вилоятда 5 миллион 410 минг бош парранда боқилаяпти.

Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ривожланмоқда

Айтиш ўринлики, хизмат кўрсатиш ва сервис вилоятимизда тобора ривожланаётган соҳалардан бири ҳисобланади. Аммо бу соҳада қўлга киритилаётган натижаларни ҳам қониқарли деб бўлмайди. Тармоқда ҳамон тўлиқ ишга солинмаган имкониятлар кенг. Аҳолига, айниқса, қишлоқ жойларда сифатли хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш долзарблик касб этмоқда.

Рақамларга тўхталадиган бўлсак, чорак давомида вилоятда 1 триллион 512,2 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган. Ўсиш 104,2 фоизга тенг бўлган. Республика бўйича жами хизматлар ҳажмида ҳудуднинг улуши бироз паст. Тегишли рақам 4,7 фоизни ташкил этган. Бугунги кунда энг кўп хизматлар Тошкент шаҳри, Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятларида тақдим этилаяпти.

Хизматлар таркибини қарасак, вилоятимиз иқтисодиётининг бу тармоғида, молиявий хизматлар 10,9 фоиз, транспорт хизматлари 22,9 фоиз, савдо хизмати эса 33,7 фоиз эканини кўрамиз. Аҳоли  жон бошига ҳисоблаганда, вилоятимиз қайд этган бу кўрсаткич 479,5 минг сўм бўлиб, бу ҳудудлар орасидаги энг кичик рақамлардан биридир.  Аҳамиятлиси шундаки, бироз янги саналган алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари воҳамизда тез суръатлар билан ривожланмоқда. Ўтган йили биринчи чоракда кўтарилиш 102,4 фоиз бўлгани ҳолда, ушбу ҳисобот даврида 113,9 фоизга етган.

Мамлакатдаги етакчи саноатлашган ҳудуд

Қўмита томонидан келтирилган статистик маълумотлар шундай дейишимизга тўла асос бўлади. Биринчи чоракда вилоятимизда 3 триллион 265,1 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Мазкур йўналишда 113,3 фоиз ўсиш қайд этилганини ҳам эътироф этмоқ лозим. Натижада вилоятнинг республика саноат ишлаб чиқариши ҳажмидаги ҳиссаси 7,3 фоизга етди. Фақат Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри (жами улуши 16 фоиз), Навоий (18 фоиз), Андижон (9,9 фоиз) вилоятлари биздан бу борада олдинда турибди. Қўмита берган изоҳга кўра, вилоятимиз ушбу кўрсаткичга ҳудудда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган юқори технологияли лойиҳаларнинг жадал рўёбга чиқарилиши туфайли эришган.

Воҳамизда саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган ўртача миқдори ҳам ошган. Бу рақам 1 миллион 35,2 минг сўмни ташкил этиб, 11,2 фоизга ўсган. Тегишли даврда вилоятимизда 2 минг 147 та саноат корхонаси фаолият кўрсатгани қайд этилган. Шунинг 140 таси янгидан ташкил топган.

Сармоядорлар учун барча шароит бор

Давлат статистика қўмитаси жойлаштирган ахборотда ҳудудларда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар (фермер ва деқҳон хўжаликларидан   ташқари)га оид маълумотлар ҳам мавжуд. Шундан вилоятимизга тааллуқли қисмини келтириб ўтсак.

2018 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, воҳамизда 21,4 минг корхона ва ташкилот рўйхатдан ўтган. Шунинг 20,3 мингтаси халқ хўжалигининг турли тармоқларида самарали фаолият олиб бораяпти. Аҳамиятлиси, ҳисобот даври мобайнида воҳамизда 962 та корхона ва ташкилот ўз фаолиятини янгидан бошлаган. Қолгани эса айрим сабабларга кўра ишламасдан турибди. Албатта, бундай сабабларни бартараф этиш ва уларнинг фаолиятини қайта тиклаш мақсадга мувофиқдир.

Яна бир жиҳати, мамлакатимизда иш олиб бораётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳри (3785 та), Тошкент (631 та) ва Самарқанд (305 та) вилоятларида жойлашган. Вилоятимизда атиги 55 та шундай корхона мавжуд, холос. Ўтган даврда миқдор ўсиши кузатилмаган. Мазкур ҳолат воҳамизда хорижий ҳамкорлар билан самарали ишлашни, чет эл инвестицияларини жалб этиш борасида таъсирчан чоралар амалга оширишни талаб этади. Зеро, хорижий сармоядорларнинг вилоятимизда самарали фаолият юритиши учун барча шароит бор.

М.ШУҲРАТОВ тайёрлади.