"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ФОТОЭЛЕКТР ҚУЁШ ЭНЕРГИЯСИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КЕНГАЯДИ

Иқтисодиёт
Tipografiya

Қонунчиликдаги янгилик

ФОТОЭЛЕКТР ҚУЁШ ЭНЕРГИЯСИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КЕНГАЯДИ

Мамлакатимизнинг жанубий қисмида жойлашган вилоятимиз иқлими бир қадар иссиқ, йил давомида қуёшли кунлар кўпроқ бўлади. Қуёш нури электр энергияси ҳосил қилиш учун муҳим манба экани эса ҳеч кимга сир эмас. Зотан, ушбу имкониятдан ўз ўрнида фойдаланиш вилоятимиз аҳолиси ва иқтисодиёти тармоқларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини янада самарали қоплаш, таъминот барқарорлигига эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Умуман, кейинги йилларда юртимизда ушбу соҳа ривожига устувор эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишда муҳим дастурлар қабул қилиниб, босқичма-босқич амалга оширилаяпти. Президентимизнинг 2018 йил 28 апрелдаги “Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми дейиш мумкин.

Ҳужжатга кўра, мамлакатимизда фотоэлектр қуёш энергияси ишлаб чиқаришни янада оммалаштириш, соҳага чет эл технологияларини фаол жалб этиш кўзда тутилган. Жумладан, хорижда фаолият юритувчи “SkyPower Global” компанияси шу тахлит электр энергияси ҳосил қилувчи объектларни лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш, эгалик қилиш ва фойдаланиш билан шуғулланади. Бунинг учун компания юртимизга 1,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этади. Қурилажак объектларнинг ҳар бири 1000 МВт ўзгарувчан ток ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Бу борада “Ўзбекэнерго” АЖ ва мазкур компания ўртасида битим имзоланган.

Аҳамиятлиси, қарор асосида лойиҳани амалга ошириш учун Тошкент, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Сурхондарё вилоятлари қаторида воҳамиздан ҳам компанияга белгиланган тартибда ер   участкалари ажратиш юзасидан вилоят ҳокимлигига вазифа юклатилган.

Қайд этиш жоиз, компания мамлакатимизда фаолият олиб бориши мобайнида бир қатор имтиёзларга эга бўлади. Хусусан, компания ва унинг лойиҳа ташкилотлари тегишли тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича лойиҳа доирасида фотоэлектр қуёш энергиясини ишлаб чиқарувчи ускуналар ва қурилмалар бўйича мулк солиғидан, шунингдек, ускуналар ва қурилмалар билан банд этилган ер участкалари ер солиғи тўлашдан озод этилади. Бундан ташқари, компанияга айрим турдаги товарлар ва хизматларни импорт қилишда божхона имтиёзлари ҳам тақдим этилмоқда.

М.ШУҲРАТОВ