"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 сентябрь, душанба.

ХОРИЖИЙ КОРХОНА ЯНГИ БОЗОРЛАРНИ ЗАБТ ЭТМОҚДА

Иқтисодиёт
Tipografiya

Енгил саноат

ХОРИЖИЙ КОРХОНА ЯНГИ БОЗОРЛАРНИ ЗАБТ ЭТМОҚДА

Қарши тумани Қоратепа қишлоғи ҳудудида жойлашган “LT Textile International ltd” хорижий корхонаси жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра чел эллик ҳамкорларга қиймати жами 9 миллион 790 минг АҚШ долларига тенг ип-калава сотди.

Вилоятимизда етиштириладиган пахта толасининг пишиқ ва чўзилувчанлиги, қолаверса, мазкур енгил саноат мажмуасида унга замонавий технологиялар асосида ишлов берилаётгани ҳам якунда олинажак ип-калаванинг хорижда рақобатбардош ва харидоргир бўлишини таъминлаяпти.

Ташкил этилганига унча кўп бўлмаган бу йирик субъект айни пайтда вилоятимиз саноат ҳамда экспорт салоҳияти янада юксалишига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

- Ўтган йили 7 миллион 600 минг АҚШ доллари қийматидаги ярим тайёр маҳсулотни экспортга йўналтирган бўлсак, 2018 йилнинг илк чорагидаги тегишли рақам эса бундан ҳам ошиб кетди, - дейди корхона бош директори ўринбосари Турсунпўлат Мамедов. - Бу корхона  фаолияти барқарорлик касб этганидан далолат. Ҳозир кунлик ишлаб чиқарилган маҳсулот шу заҳоти юк машиналарига жойланиб, хорижга жўнатилмоқда. Қолаверса, ушбу текстиль сифати ҳам унинг харидоргир бўлишига таъсир этмоқда. Бултур ип-калавани фақат Туркия ва Хитойга сотган бўлсак, бугунги кунда Бангладеш ва Покистон сингари ўзимиз учун янги бозорларни ҳам забт этдик. Ўз навбатида корхонанинг мавжуд қувватидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз. Тегишли ҳисобот даврида 2 минг 730 тоннадан зиёд маҳсулот ишлаб чиқаришга эришдик.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур саноат гиганти бир йилда 22 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона дунёга машҳур текстиль компанияларининг энг сўнгги йигирув дастгоҳлари билан жиҳозланган. Ушбу қувват йирик инвестиция лойиҳасининг илк босқичи доирасида ишга туширилган бўлиб, бунинг учун 100 миллион АҚШ долларига тенг маблағ сарфланган. Ҳозирги вақтда бу ерда 700 га яқин киши меҳнат қилмоқда. Кейинги босқичларда мато тўқишни ташкил этиш, тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Корхона мутасаддиларининг билдиришича, бу борадаги амалий ишлар ҳам яқин орада бошлаб юборилади.

М.ЖЎРАЕВ

* * *

Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.