"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

18 июнь, сешанба.

Экспорт салоҳияти: ЯККАБОҒДА УНДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИЛАЯПТИ?

Иқтисодиёт
Tipografiya

Қашқадарё ва дунё

Экспорт салоҳияти:

ЯККАБОҒДА УНДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИЛАЯПТИ?

Бугун вилоятимизнинг бирор ҳудуди иқтисодий ривожи даражасини баҳолаганда, аввало унинг экспорт салоҳиятига эътибор қаратмаслик мумкин эмас. Айнан шу жиҳат туманда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби соҳалар равнақи ҳозирги пайтда қай аҳволда экани ҳақида асослантирилган тасаввур шаклланишига имкон беради. Агар туман тадбиркорларининг ташқи бозордаги иштироки салмоқли бўлса, билингки, бу ерда экспорт талабига жавоб берувчи, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, харидоргир ноз-неъматлар етиштиришга устувор аҳамият қаратилади.

Хўш, экспортни ривожлантириш ҳудудга нима беради, дерсиз? Биринчи галда хорижий валюта тушуми кўпаяди. Бу эса модернизацияга, инновацияларга, замонавий технологиялар сари кенг йўл очади. Чунки маҳаллий ишбилармон ташқи савдо фаолиятидан келаётган даромадини ана шуларга сарфлаши табиий жараён. Натижада янги қувватлар ишга тушади, тармоқларда илғор усулларнинг қўлланиши миқёси ошади.

 Айни мезонлардан келиб чиқиб, жорий йилнинг ўтган даврида Яккабоғ туманида экспорт имкониятларидан қандай фойдаланилгани, бу жабҳада эришилган кўрсаткичларга бир назар ташласак. 

МЎЛЖАЛ – 20 МИЛЛИОН АҚШ ДОЛЛАРИ

Яккабоғда саноат ва қишлоқ хўжалиги ўзига хос тараққиёт йўлига эга. Бири бирини тақозо этади, бири бошқасини тўлдиради. Яъни ҳудуд индустрияси кўп жиҳатдан аграр соҳа асосига қурилган. Мисол учун, туманда боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик етакчи тармоқлар ҳисобланади. Қулай тупроқ-иқлим шароити шунга кенг шароит яратган. Шу боис сўнгги вақтда бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноати ҳам жадал ўсаяпти. Ҳудуд экспорти таркибида эса бир вақтнинг ўзида тайёр маҳсулотлар ҳам, мева-сабзавот ҳажми ҳам тобора ортаяпти. 

Статистика маълумотларига қараганда, ўтган йили Яккабоғ туманидан экспортга қиймати 4 миллион 505 минг долларлик маҳсулот йўналтирилган бўлса, шунинг 2 миллион 410 минг доллардан зиёди саноат товарлари ҳисобига тўғри келади, қолгани қишлоқ хўжалиги ноз-неъматларидир. Кўринадики, ҳудудда хориж бозорига таклиф этса бўладиган, сифат борасида ҳам қолишмайдиган маҳсулот бор, ҳудуд тадбиркорлари эса ушбу устунликдан юқори самара чиқара олаяпти.

- Бугунги ишбилармон фақат ички бозорни эгаллаш билан кифояланиб қолмаслиги керак, - дейди туман иқтисодиёт бўлими бош мутахассиси Сардор Узоқов. – Балки аксинча, доим маҳсулоти сифатини ошириши, экспорт талабига мослаштириши ёки харидоргир бўлган маҳсулотни тайёрлашни ўзлаштириши даркор. Аҳамиятлиси, туманимиз тадбиркорларида шунга интилиш бор. Бу қайд этилган рақамларда ҳам ўз ифодасини топаяпти. Жорий йилнинг 16 май ҳолати билан таҳлил қиладиган бўлсак, шу пайтгача туманимиздан 2 миллион 505 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот хориж бозорларига чиқарилди. Ўтган давр билан таққослаганда, ўсиш суръати юқори эканини таъкидлаш лозим. Яна бир жиҳати, экспорт қилинаётган маҳсулот тури ҳам ошаяпти, бозорлар қамрови кенгаймоқда.

Ҳокимлик мутасаддисининг билдиришича, 2018 йил охирига қадар ҳудудий экспорт ҳажмини қарийб 20 миллион АҚШ долларига етказиш мўлжал қилинган. Зеро, туманда бунинг учун имконият мавжуд. Саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни кўпайтиришга қаратилган лойиҳалар рўёби ҳам бунга пухта замин ҳозирлайди.

САЛАТБАРГ, КАРАМ ВА САРИМСОҚПИЁЗ – ХОРИЖ БОЗОРИГА

Айтиш жоиз, Яккабоғ тумани экспорт салоҳиятини янада юксалтиришда миришкор деҳқону боғбонлар ҳиссаси юқори экани инкор этиб бўлмайдиган далилдир. Улар етиштиришаётган ширин-шакар, сервитамин мева-сабзавот, полиз маҳсулоти ва узумнинг донғи дунёга ёйилган. Бу жиҳат эса чет эл мамлакатларига маҳсулот етказиб бериш узлуксизлигини таъминлашни талаб этади. Албатта, ер унумдорлиги юқори, деҳқонлар меҳнатсевар ва изланувчан экани ҳар қандай экиндан мўл ҳосил олинишини кафолатлайди. Бугун улар янги турдаги ва ҳудудда унча оммалашмаган маҳсулотларни парваришлашни ҳам ўрганишмоқда.

 – Бултур фақат маҳсулот экспорти билан шуғуллангандик, - дейди тумандаги “Шарофат она Қаҳрамон қизи” агрофирмаси ҳисобчиси Шерзод Шеров. – Яъни фермерлардан, аҳолидан мева-сабзавот, узум, дуккакли экин харид қилиб, хорижлик ҳамкорларга сотгандик.  Тегишли савдо кўрсаткичи 546 минг долларга етди. Қарасак, ўзимиз етиштириб экспорт қилганимиз анча даромадли бўлади. Шу мақсадда туман ҳудудидан 25 гектардан ошиқ ер олдик. Йил бошида 20 гектарга яқин майдонга салатбарги, 5 гектарга карам уруғлари экилганди. Бу ишларга 150 нафарга яқин мавсумий ишчи жалб қилдик. Мана бир ойдан ўтдики, пишиб етилган маҳсулотни тинимсиз чет элга жўнатаяпмиз. Ҳозиргача 172 минг долларлик сабзавот экспортга йўналтирилди. Тез орада саримсоқпиёзни йиғиштириб олиш бошланади. Унга ҳам ташқи бозорда харидор бор.

Тадбиркорлик субъекти вакилининг сўзларига кўра, йил охирига қадар бекор қолишга вақт бўлмайди. Чунки хорижлик ҳамкорлар билан маҳсулот олди-сотдиси бўйича 2 миллион 700 минг доллар қийматга эга шартнома имзоланган. Буюртмачининг талаби асосида уларни мавсумга қараб турли сабзавот, мева-чева ва полиз маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш кўзда тутилган. Асосий маҳсулотни фермерлардан, аҳоли қўлидан сотиб олиш режа қилинган.

НЕМИСЛАР ЁНFОҚНИ БИЗДАН ИМПОРТ ҚИЛМОҚДА

Маҳсулот яхши, аъло сифатли бўлса, харидорга масофанинг ҳам аҳамияти йўқ. Маъқул бўлдими, узоқдан келиб бўлса ҳам сотиб олади. Бунинг исботини юртимизда етиштирилган ёнғоқнинг чақилган ҳолда Германияга экспорт қилинаётганида ҳам кўриш мумкин. Ушбу маҳсулотни етказиб беришни эса етакчи экспортёр корхона - “Яккабоғ узум сервис” агрофирмаси ўз зиммасига олган. Маълум бўлишича, мазкур тадбиркорлик субъекти  немис ҳамкорлар билан 80 минг АҚШ доллари қийматидаги битим тузган. Келишув ижросини таъминлашга ҳам аллақачон киришилган. 4 минг долларлик чақилган ёнғоқ Германиядаги савдо дўконларидан жой олиб ҳам улгурди.

Ушбу туманда бир неча йилдан бери фаолият олиб бораётган “Яккабоғ логистикаси” масъулияти чекланган жамияти ҳам заминимизда униб ўсган ноз-неъматларни жаҳон бозорига тақдим этишда катта тажрибага эга. Ўтган йили ҳам агрофирма мазкур йўналишда самарали натижа кўрсатди. Туркия ва Россия каби мамлакатларга жами 650 минг АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилинди.

- Айнан маълум турдаги маҳсулотни сотиш билан чекланмаймиз, нимага талаб бўлса, ўшани харидорга етказамиз, - дейди агрофирма раҳбари Аҳмаджон Суюнов. – Бугунги кунда вилоятдаги 5 та ҳудудда иш ташкил этганмиз. Маҳсулот ишлаб чиқарувчилар билан келишувларимиз бор. Шу пайтга қадар эса 700 минг долларликдан кўп маҳсулотни ташқи бозорга чиқардик. Экспорт таркибида мош, нўхат каби дуккакли экинлар, қуруқ мева асосий ўрин эгаллади. Ҳозир айни олча ва гилос пишган палла. Хориждан уларга ҳам талаб бўлаяпти. Ушбу сархил мева-чева экспортини амалга оширишга тараддуд кўраяпмиз.

Агар тадбиркорнинг режалари тўлиқ амалга ошса, йил сўнгида корхона экспорти кўлами 1,5 миллион долларга етади. Бу натижага Польша, Ҳиндистон сингари мамлакатларга ҳам маҳсулот сотиш орқали эришиш кўзда тутилган.

ЯНГИ КОРХОНА ИШОНЧЛИ ЭКСПОРТЧИГА АЙЛАНДИ

“Яккабоғ воҳа текс” масъулияти чекланган жамияти фаолият бошлаганига роппа-роса бир йил тўлди. Энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган корхона пахта толасидан сифатли ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Мавжуд замонавий қувватлар зарур хомашёни қайта ишлаб, йилига 3 минг тонна маҳсулот тайёрлаш имконини беради. Аҳамиятлиси, ушбу саноат субъекти томонидан ички имкониятларидан тўла фойдаланишга асосий эътибор қаратилган. Маҳсулотнинг асосий қисми эса экспортга йўлланмоқда.

- Бир йил жуда қисқа фурсат бўлса-да, биз бу даврда сезиларли ютуқларни қўлга киритдик, - дейди корхона раҳбари Муҳсин Файзуллаев. – Биргина ўтган йилда катта миқдорда маҳсулот ишлаб чиқариб, хориж бозорига чиқардик. Экспорт ҳажми эса 1 миллион 800 минг АҚШ долларидан ҳам ошди. Жорий йилдаги кўрсаткичимиз билан ҳам мақтана оламиз. 16 май ҳолатига кўра 500 тонна ип-калава тайёрланди. Экспортимиз 1 миллион 535 минг долларни ташкил этди. Туркия ва Россия асосий харидорларимиз бўлишди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида ишлаб чиқилган дастур доирасида ишга туширилган мазкур корхонада келгусида ишлаб чиқариш маҳсулдорлигини янада ошириш режалаштирилган. Айни вақтда бу тадбиркорлик субъектида ҳудудда етиштирилган пахта хомашёсининг салмоқли қисми қайта ишланмоқда ва шу билан бирга 100 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминлангани диққатга сазовордир.

Хулоса ўрнида айтганда, сўнгги вақтда Яккабоғ туманида ҳудуднинг экспорт салоҳиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар ижобий самара бераяпти. Шунингдек, бу борада фойдаланилмай турган ресурсларни ишга солиш, экспортбоп маҳсулот етиштириш кўламини бундан-да кенгайтириш галдаги муҳим вазифалардан бири этиб белгиланган. Уларнинг муваффақиятли адо этилиши туман иқтисодиётининг барча тармоқлари янада ривож топиши, бандлик масаласи ижобий ҳал этилиши, одамлар реал даромади кўпайишига хизмат қилади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ