"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

18 июнь, сешанба.

ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ ЎРНАТИЛДИ

Иқтисодиёт
Tipografiya

Қашқадарё ва дунё

ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ ЎРНАТИЛДИ

Қашқадарё ва Украина Республикасининг Сума, Эрон Ислом Республикасининг Қазвин вилоятлари ўртасида қатор соҳаларни қамраб олган ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Бундай келишувга мазкур  ҳудудлар маъмуриятлари ва ишбилармон доираларидан иборат делегацияларнинг воҳамизга амалга оширган ташрифи давомида кечган самарали музокаралардан сўнг эришилгани аҳамиятлидир.

Маълумки, юртимиз ҳудудларига хорижий инвесторларни фаол жалб қилиш, чет эл сармоядорлари билан ўзаро манфаатли асосда турли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Шу орқали илғор мамлакатлар тажрибасини ўзлаштиришга, ҳудудларга замонавий технологиялар кириб келишини таъминлашга имконият пайдо бўлади. Ўз навбатида бу дунё миқёсида мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлиги ошишига, иқтисодиётимизга сармоя киритиш истагида бўлган чет эллик ишбилармонлар кўпайишига замин ҳозирлайди.

Эътироф этиш жоиз, сўнгги вақтда воҳамизга хориждан ишбилармонларнинг келиши мунтазамлик касб этаяпти. Улар вилоятимизда қулай бизнес юритиш учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, илиқ таассуротларга эга бўлишмоқда, ўзаро ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш бўйича келишувлар имзолашаётир. Аввалроқ Корея фермерларидан иборат делегация воҳамизда бўлиб, бу ерда ўзига хос ва замонавий қишлоқ хўжалиги инновацион парки барпо этиш ташаббусини ўртага ташлашгани  ҳақида хабар бергандик.

Украина Республикасининг Сума ва Эрон Ислом Республикасининг Қазвин вилоятлари билан бошланажак ҳамкорлик ҳам воҳамиз халқ хўжалигини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

- Бу Сума вилояти сармоядорларининг вилоятимизга илк ташрифи бўлса, қазвинлик инвесторлар бироз аввал ҳам воҳамизга келишганди, - дейди инвестициялар бўйича вилоят бош бошқармаси бошлиғи  Саъдулла Бобоқулов. – Ташриф асносида бўлиб ўтган учрашувлар иккала томон учун ҳам қизиқарли ва самарали кечганини таъкидлаш ўринли. Мисол учун, Сума бизнесменлари иштирокида дастлаб вилоят ҳокимлигида “Ҳудудий ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида бизнес-форум ўтказилди. Унда ҳамкорлик истиқболлари, галдаги режалар муҳокама қилинди. Форум доирасида кўргазма ҳам ташкил этилиб, маҳаллий тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги маҳсулотлар намойиш этилди. Кейинчалик Сума вилояти раҳбарияти ва сармоядорлари Шаҳрисабз шаҳри ва Миришкор туманига саёҳат қилишди. Бу ерда улар мавжуд корхона ва ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишди. Эронлик меҳмонларга ҳам вилоятимиз иқтисодий салоҳияти ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконияти яратиб берилди.

Айтиш жоиз, томонлар ўртасида имзоланган расмий ҳужжатларда тарафлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан манфаатдор эканини баён қилишган. Алоқалар туризм, спорт, маданият, санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, фан-техника, саноат, қишлоқ хўжалиги ва савдо каби соҳаларни қамраб олди. Шунингдек, келгусида қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, вилоятимизда ушбу ҳудудлар сармоядорлари иштирокида замонавий қувватларни ишга тушириш кўзда тутилган.

Мисол учун, Эрон томони билан эришилган келишувда туризмни янада равнақ топтириш, ҳудудлар ўртасида сайёҳлар оқимини кўпайтириш, айни жабҳада иккала вилоят мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни кенг оммалаштиришга катта эътибор қаратилди. Қолаверса, мазкур ўлка ишбилармон доиралари вилоятимизнинг балиқчилик, банк-молия, қурилиш, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат саноатига инвестиция йўналтиришга хайрихоҳлик билдирган.

Сума вилояти маъмурияти билан имзоланган меморандумда ҳам ўзаро ҳамкорликни жадал ривожлантиришга биринчи навбатдаги вазифа сифатида қаралган. Томонлар саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва савдо каби йўналишларда ҳамкорлик қилишдан ташқари экспорт ва импортга кенг йўл очиш, савдо уйи ташкил этиш каби масалаларни ҳам кўриб чиқади. Шунингдек, Украина ишбилармонлари билан бирга вилоятимизнинг Чироқчи туманида кичик саноат зонаси барпо этиш ҳам эътиборга олинган. Бу мақсадларда Сума вилояти бизнесменлари сармоясини жалб этган ҳолда қўшма корхоналар ташкил этилади.

Хулоса ўрнида айтганда, узоқ муддатга мўлжаллаб амалга оширилаётган ушбу ҳамкорлик алоқалари ўз самарасини кўп куттирмаслиги аниқ. Хорижий сармоядорлар воҳамиз иқтисодиёти тармоқларига капитал киритиб юқори наф олишдан манфаатдор. Зеро, бунинг учун барча шароит, қулай инвестициявий муҳит мавжуд. Уларнинг инвестициявий фаолиятидан эса вилоятимизга ҳам фойда: аввало, янги қувватлар ишга тушади, замонавий технологиялар олиб кирилади, одамларимиз доимий даромад манбаи, мустаҳкам иш ўрнига эга бўлади.

М.ЖЎРАЕВ