"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июнь, пайшанба.

МУАММО ЕЧИМСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Иқтисодиёт
Tipografiya

Ислоҳот қирралари

МУАММО ЕЧИМСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи Л.Мўйсинова ўз фарзандига ногиронлик аравачаси олиб беришга моддий жиҳатдан қодир эмас. Шу ҳудудлик Г.Нормуродованинг ўғли С.Рустамов ҳам мустақил ҳаракатлана олмайди. Имкон бўлса, онаизор боласини Тошкентдаги тажрибали шифокорлар кўригига олиб бориш ва даволатиш истагида. Фуқаро Г.Абдуллаевани ҳам анча йилдан буён бетоблик қийнайди, доимий шифокор назоратида бўлиши лозим.

 Умумий айтганда, бу инсонлар жиддий кўмакка муҳтож. Яқинда Шаҳрисабз шаҳрида вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчиси, 4-сектор раҳбари С.Эшматов томонидан ўтказилган оммавий қабул давомида ҳам бу кўзга ташланди. Айни масалаларда мурожаат қилган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.

Албатта, бу тадбир муаммолари анчадан бери ечим топмаётган кўплаб кишиларни ўзига жалб этмасдан қолмайди. Қабул жараёнида шаҳар ҳудудидаги 8 та маҳалла аҳолиси қамраб олинди. Меҳнатга лаёқати бўла туриб, ўзига мос иш тополмаётган, шунингдек, жисмоний имконияти чекланган, кам таъминланган кишиларнинг, фаолиятида тўсиққа учраган тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланди.

Яшил диёр маҳалласи Янги ҳаёт кўчасида яшовчи аҳоли номидан Неъмат Қосимов сўзга чиқди. Фуқаролар кўчадаги трансформатор эскиргани, уни янгисига алмаштириб беришни сўради. Ҳасанбой Ёқубов эса маҳалласининг йўллари жуда таъмирталаб экани, бундан аҳоли озор кўраётганини билдирди. Мазкур масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди, ижро учун аниқ муддатлар белгиланди.

- Қабулда маҳалладошларим номидан мурожаат қилдим, - дейди яна бир фуқаро Бурхон Пўлатов. - Оқсарой   маҳалламиз катта йўлга яқин жойда жойлашган. Бу дегани, транспорт қатнови жуда тиғиз. Баъзан пиёда ҳаракатланишга ҳам ҳайиқади одам. Агар шу йўлга светофор ўрнатилса,  муаммо ҳал бўларди-қўярди. Шу масалада ёрдам кераклигини айтдим.

Наврўз маҳалласида яшовчи фуқаро Муродилло Турсуновнинг мурожаати ҳам эътиборимизни тортди. 

- Шаҳарда олиб борилган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари натижасида айрим савдо дўконлари бузилган эди. Шу жумладан, менга қарашли савдо дўкони ҳам. Натижада тижоратимиз тўхтаб, ишсиз қолдим. Бирор жойдан ер ажратиб берилса, янги дўкон қуриб, савдо ишимни давом эттирардим.

Оммавий қабулда кўриб чиқилган шу каби масала ва муаммолар муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти қонунчилик талаблари асосида жойида ҳал этилди. Қолган масалалар ечими бўйича тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Умуман олганда, ўтказилган оммавий қабул "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган тамойилни амалда қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бурч ва масъулият

СОЛИҚ ТЎЛАМАГАННИНГ МОЛИГА ЗАРАР

Мамлакатимиз Конституциясининг 51-моддасида ҳам қатъий белгилаб қўйилган: "Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар". Киши бирор фаолиятдан даромад кўраяптими ёки наф келтирувчи мулкка эгалик қилаяптими, демак, у бу фойдадан албатта давлатга солиқ тўлаши керак. Тўлагани ҳам беҳудага кетмайди, эртага ўзига бирор қулайлик бўлиб қайтади.

Йўллар, янги бино-иншоотлар қурилади бунинг ҳисобидан. Кўринадики, одам интизомли солиқ тўловчи бўлиб ҳам жамият ривожига сезиларли ҳисса қўшади. Шуни теран ҳис қилган ва ўз олдидаги мажбуриятни тўғри англаган фуқаролар кўп. Лекин беш қўл баробар эмас экан. Ушбу қонуний бурчини тўлақонли адо этишга ҳамма ҳам бир хил масъулият билан ёндашмаяпти. Қуйидаги мисоллар ҳам бунинг исботи бўлади.

Ғузор туманидаги "Адолат Зиёдовна" фермер хўжалиги асосан паррандачиликка ихтисослашган. Мазкур субъект бугун барқарор фаолият юритаяпти. Турган гапки, яхши фойда ҳам кўрмоқда. Бироқ солиқ тўловчи сифатида унга "яхши" деган таснифни қўллаб бўлмайди. Мавжуд қарздорлик у қадар катта сумма ҳам эмас - 3 миллион 56 минг сўм. Хўжалик мутасаддилари мажбуриятини бажаришни нега пайсалга солгани мавҳум. Унинг устига солиқ органлари томонидан бир неча бор огоҳлантирилган ҳам. Шунга қарамай, ушбу қарз вақтида адо этилмаган. Натижада масала мажбурий ундирувгача бориб етди. Мажбурий ижро бюроси Ғузор тумани бўлими билан ҳамкорликда фуқаронинг тегишли қийматга тенг мол-мулки хатлаб олинди.

Яна бир ҳолат. Деҳқонобод туманидаги "Аллаев Рустам Шодиевич" масъулияти чекланган жамияти раҳбари солиқлардан қарзини ўз вақтида узиш ўрнига, йиғилиб ётишини маъқул кўрган чамамда. Бўлмаса, мавжуд қарздорлик 18 миллион сўмдан ошиб кетмасди. Ишбилармоннинг ҳаракатсизлиги сабаб тўловни мажбурий амалга ошириш юзасидан зарур чоралар кўрилди.  Натижада жамиятга тегишли маъмурий бино солиқ қарзи учун хатланди.

Афсусланарлиси, бундай мисоллар кўп. Май ойи давомида ўтказилган ўрганиш якунларига кўра, вилоятимиз бўйича зиммасида солиқ қарздорлиги бўлган субъектлар сони 229 тани ташкил этмоқда. Жами 19,4 миллиард сўм миқдоридаги қарзни ундириш бўйича суд ҳужжатлари юритилган.  Ушбу субъектларда хатлов тадбирлари олиб борилиб, 9,3 миллиард сўмлик 306 та мол-мулк давлат фойдасига хатлаб олинган. Ўз вақтида кўрилган ишлар самарасида айни пайтга қадар 7,4 миллиард сўм қарз ундирилиши таъминланди.

Хатлов тадбирлари давом этмоқда.

 

Фирдавсий ЖАББОРОВ, вилоят Давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи