"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 август, шанба.

ЁШ ТАДБИРКОР КЛАСТЕРДА ФАОЛИЯТ ЮРИТАЯПТИ

Иқтисодиёт
Tipografiya

Ёшларга оид давлат сиёсати - амалда

ЁШ ТАДБИРКОР КЛАСТЕРДА ФАОЛИЯТ ЮРИТАЯПТИ

Мустақил бизнес бошлаш учун юртимизда ёшларга барча шароит яратиб берилган. Фаол ва ташаббускор йигит-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаяпти. Тадбиркорликка уқуви бўлса, бирор истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш истагини билдирса шунинг ўзи етарли.

Хоҳ имтиёзли асосда кредит олиш, хомашё ва ускуна харид қилиш ёки бино ажратиш масаласида бўлсин, уларга керакли ёрдам кўрсатилаяпти. Ўз навбатида бекор қолган ёшларни ишбилармонлик фаолиятига янада кенгроқ жалб этишга ҳам устувор эътибор қаратилган. Бу борада янги тизим ишлаб чиқилиб, ҳаётга фаол жорий этилмоқда. Гап ёшлар тадбиркорлик кластерлари ҳақида кетаяпти.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги тегишли қарори асосида йўлга қўйилган ушбу янгилик ёшларга бир қатор қулайлик ва енгиллик тақдим этди. Мазкур ҳужжатга кўра, республика туман марказлари ва шаҳарларида ёшлар тадбиркорлик кластерлари барпо этилди. Улар ёш ишбилармонларни ўз атрофида жамловчи тузилмага айланди.

Шундай кластер Ёшлар иттифоқи Шаҳрисабз шаҳар кенгаши қошида ҳам ташкил қилинган. Фаолият учун ҳудуддаги касб-ҳунар таълими муассасасининг бўш турган биноси танланган. Бу ердаги ишлаб чиқариш майдонларига танлов асосида бир қанча тадбиркор ёшлар жойлаштирилди. Якка тартибдаги тадбиркор бўлиб иш олиб бораётган Мафтуна Қурбонова улардан биридир.

- Миллий ҳунармандчилигимизнинг каштачилик ва попурчилик тури билан шуғулланаман, - дейди у. – Ҳунарга қизиқишим оилада пайдо бўлган. Матога кашта солиш, попур уришни онамдан ўрганганман. Бу қобилиятимдан фойдаланиб, тадбиркор бўлишга аҳд қилдим. Цех ташкил этиб, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга бел боғладим. Жой масаласида қийналиб тургандим. Кластер ишга туширилгани менга қўл келди. Бизнес таклифимни илгари сурдим ва у маъқулланди. Менга алоҳида хона ажратилди. Аллақачон фаолият бошладим. Тижорат банки томонидан 8,5 миллион сўм кредит маблағи берилди. Бунга хомашё ва тикув машинаси олдим.  2 нафар тенгдошимни ҳам иш билан таъминладим.

Ёш тадбиркорнинг айтишича, у тайёрлаётган маҳсулотлар реализациясида ҳеч қандай муаммо йўқ. Бундай буюмларга маҳаллий аҳолида ҳам, чет эллик сайёҳларда ҳам қизиқиш юқори. Айни пайтда мижозларга дўппи, аёллар камзули, сумка, ҳамён, пойабзал каби 10 турдан ортиқ маҳсулот етказиб берилаяпти. Мафтуна замонавий нақш ва усулларни қўллаш эвазига уларнинг харидоргирлигини янада оширишни мақсад қилган. Шунингдек, у ўз ҳунари сирларини кўпроқ тенгқурларига ўргатишга ҳаракат қилаяпти.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ҳукумат қарорига асосан, кластер иштирокчилари бўлган ёш тадбиркорларга бир қанча имтиёзлар берилган. Хусусан, ишбилармон йигит-қизлар кластер ҳудудида жойлашган ишлаб чиқариш майдонини 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга ижара ҳақининг “ноль” ставкаси бўйича ижарага олади. Бу ерда уларга маслаҳат бериш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатиш хизматлари бепул амалга оширилади.

МИРЖАҲОН

Собир Нарзиев олган суратлар.