"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, душанба.

ЭРИШАЁТГАН ИҚТИСОДИЙ КЎРСАТКИЧЛАРИМИЗ ҚОНИҚАРЛИМИ?

Иқтисодиёт
Tipografiya

ЭРИШАЁТГАН ИҚТИСОДИЙ КЎРСАТКИЧЛАРИМИЗ ҚОНИҚАРЛИМИ?

Вилоят статистика бошқармаси жорий йилнинг январь-май ойларида воҳамиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларида қайд этилган кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотни эълон қилди. Ушбу ҳисобот даврида етакчи соҳаларда сезиларли ўсиш кўзга ташлангани аҳамиятлидир. Қуйида шуларга атрофлича тўхталсак.

 

Экспорт таркибида пахта толаси, импортда асбоб-ускуналар кўп

     Маълумотда келтирилишича, 2018 йилнинг ўтган даврида вилоят ташқи савдо айланмаси 261 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шундан 124,1 миллион доллари экспорт, 136,9 миллион доллари импорт ҳиссасига тўғри келди. Кўриниб турганидек, салдо салбий кўрсаткичга эга - 12,8 миллион доллар.

     Ўз навбатида ҳудудда етиштирилган пахта толаси экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 58,2 фоизга, энергия манбалари ва нефть маҳсулотларини четга сотиш ҳажми эса 63,8 фоизга ошган. Аввалгига қараганда 4,9 фоизга кўп машина ва асбоб-ускуна экспортга йўналтирилган. Экспорт таркибида асосий улушни пахта толаси (35,2 фоиз), озиқ-овқат (10,9 фоиз), кимё маҳсулотлари (18,9 фоиз) ташкил қилган. Бунда энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари (3,8 фоиз), машина ва дастгоҳлар (0,1 фоиз) ва хизматлар (3 фоиз) салмоғи камроқ бўлган. Юқори туризм салоҳиятига эга ҳудуд учун хизматлар экспортининг бу миқдори мос эмас, албатта. Чет элликлар биздаги транспорт (16,7 фоиз), қурилиш (47 фоиз) ва молиявий     хизматлар (14,7 фоиз)лардан кўпроқ   фойдаланишган. Ушбу фаолият эвазига 3,7 миллион АҚШ доллари миқдорида валюта тушуми амалга ошган.

    Импорт таркибини таҳлил қилар эканмиз, вилоятимизга четдан машина ва асбоб-ускуналар (61,5 фоиз) олиб келиниши кўлами ҳамон юқори экани ойдинлашади. Ҳудуд валюта захирасининг асосий қисми шунга сарфланаяпти. Кимё саноати учун харид қилинган буюм ва ингредиентлар (13,3 фоиз) катта миқдорда хориждан импорт қилинаётганига ҳам эътибор қаратиш лозим бўлади.

     Экспорт географияси асосан МДҲ мамлакатлари ҳисобига шаклланган. Шунингдек, Хитой, Эрон, Туркия, Индонезия ва Афғонистон каби мамлакатларга маҳсулот сотиш кўлами ҳам ошмоқда. Юқори технологиялар, замонавий ускуналар ишлаб чиқарувчи мамлакатлар етакчи импортерлар ҳисобланади.

     Ўтган даврда ҳудуд ишбилармонлари томонидан қиймати 13,5 миллион АҚШ долларига тенг мева-сабзавот ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулоти экспортга жўнатилган. Аҳамиятлиси, мазкур маҳсулотларнинг асосий харидори Афғонистон мамлакати (умумий ҳажмдаги улуши - 44,4 фоиз) бўлган. Россия (17 фоиз), Қозоғистон (24,4 фоиз), Вьетнам (3,7 фоиз), Ироқ (3 фоиз) ва Эрон          (2,2 фоиз) кейинги ўринларни эгаллаган.

Кичик бизнеснинг саноатдаги улуши ортмоқда

     Маълумотларга кўра, 2018 йилнинг  дастлабки 5 ойида вилоятдаги корхоналар томонидан 5 триллион 337,4 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган. Натижада бу борада ўтган йилнинг шу даврига қараганда 110,1 фоизлик ўсишга эришилган. Маҳсулдорликнинг асосий омили сифатида қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш ҳажмининг 10,6 фоизга, тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлашнинг 7,1 фоизга, электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялашнинг 10,7 фоизга, сув билан таъминлаш, канализация тизими ва чиқиндиларни утилизация қилиш кўламининг 307,7 фоизга ошиши кўрилмоқда.

    Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш йўналишида ҳам юқори унумдорлик қайд этилди. Тегишли ҳажм 855 миллиард сўмдан ошди ва аввалги мос давр билан солиштирганда 101,4 фоизга кўпайди. Унинг таркибида 504,3 миллиард сўмини озиқ-овқат (59 фоиз), қолганини ноозиқ-овқат товарлари ташкил этди. Ушбу соҳанинг вилоят саноатидаги улуши эса 16 фоизга тенг бўлди.

     Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, вилоят бўйича ишлаб чиқарилган саноат маҳсулоти ҳажмининг катта қисми Муборак (29,2 фоиз), Ғузор (20,6 фоиз), Қарши шаҳри (11,7 фоиз) ва Нишон (10 фоиз) туманлари ҳиссасига тўғри келди. Мазкур натижани ушбу минтақаларда йирик саноат корхоналари фаолият юритаётгани билан изоҳлаш мумкин. Айни шу жиҳат эса бугунги кунда саноат салоҳияти жадал юксалаётган Шаҳрисабз (вилоят ялпи саноат маҳсулотининг 1,8 фоизини етказиб беради), Китоб (1,5 фоиз), Яккабоғ (1,4 фоиз) ва Чироқчи (1,3 фоиз) туманларининг рўйхатда охирги бўлишига сабабчидир.

    Яна бир томони, айрим ҳудудларда, жумладан, Қарши тумани (2017 йилнинг январь-май ойларига нисбатан 203,9 фоиз), Миришкор (132,4 фоиз), Деҳқонобод ва Косон туманлари (ҳар иккиси ҳам 114,4 фоиз) ва Қарши шаҳрида саноат (117,5 фоиз) ишлаб чиқариш миқёсининг сезиларли даражада ортиши таъминланди. Ҳолатни эса уларда янги саноат қувватларининг ишга тушгани билан тушунтириш мумкин.

     Айтиш ўринлики, ҳисобот даврида кичик тадбиркорлик субъектларининг ҳудуд саноат ишлаб чиқаришидаги иштироки фаоллашгани кузатилди. Бу борадаги ўсиш 1,3 фоизга ошди. Айни пайтда кичик бизнеснинг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 17,8 фоизни ташкил этмоқда. Ҳудудлар кесимида эса кичик бизнеснинг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги юқори ҳиссаси Китоб (100 фоиз), Яккабоғ (83,6 фоиз), Чироқчи (78,1 фоиз), Шаҳрисабз (62,3 фоиз) туманлари ҳамда Қарши (54,4 фоиз) ва Шаҳрисабз (55,9 фоиз) шаҳарларида кузатилди. Аксинча, Муборак (1,2 фоиз), Ғузор (1,9 фоиз), Нишон (4,2 фоиз) ва Деҳқонобод (9,5 фоиз) туманларида кичик бизнес вакилларининг бу борадаги ҳиссаси пастлигича, соҳа ривожи эса йирик саноатга боғлиқлигича қолмоқда.

     Бугунги кунда вилоят бўйича 2 мингдан зиёд саноат корхонаси фаолият кўрсатаётган бўлса, шунинг 489 таси Қарши шаҳрида, 320 таси Китоб туманида, 233 таси Шаҳрисабз шаҳрида, 203 таси Яккабоғда жойлашган. Бироқ Ғузор (86 та), Касби (61 та), Муборак (48 та), Нишон (51 та), Деҳқонобод (40 та) ва Миришкор (46 та) туманлари бу борадаги кўрсаткичлари билан мақтана олмайди.

Тадбиркорлик субъектлари кўпроқ  савдо фаолиятини танламоқда

     Жорий йилнинг январь-май ойларида вилоятимизда 1 минг 467 та корхона ва ташкилот янгидан ташкил этилди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 273 тага кўпдир. Аммо 329 та корхона ва ташкилот айрим сабабларга кўра ўз фаолиятини тўхтатган. Аҳамиятли жиҳати, бунда аввалгига қараганда 38,4 фоиз камайиш бор. Жорий йилнинг бошига нисбат олсак, ҳудудда фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони (деҳқон ва фермер хўжаликларидан ташқари) 1193 тага (6,5 фоиз) кўпайган ва 19 минг 664 тага етган. Уларнинг аксарияти Қарши шаҳри (21,3 фоиз), Косон (8,7 фоиз), Чироқчи (7,8 фоиз) ва Қарши (7,5 фоиз) туманларида жойлашган. Албатта, бунга инфратузилманинг ривожланганлик даражаси ва муҳандислик-коммуникация тармоқларининг мавжудлиги омили муҳим таъсир кўрсатган.

     Таъкидлаш керакки, 7 та ҳудуддаги фаолиятда бўлган корхона ва ташкилотлар салмоғи 1000 тадан ошмайди. Деҳқонобод (947 та), Шаҳрисабз (859 та) Ғузор (837 та), Муборак (736 та), Нишон (687 та), Касби (675 та) ва Миришкор (603 та) туманлари шулар сирасига киради.

     Иқтисодий фаолият турлари билан ажратсак, энг кўп корхона ва ташкилот (23,3 фоиз) савдо соҳасида эканини кўрамиз. 12,6 фоизи эса қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида, 12,1 фоизи қурилиш тармоғида, 11,4 фоизи саноатда машғул. Яшаш ва овқатланиш хизмати кўрсатиш (4,1 фоиз), ташиш ва сақлаш (3,7 фоиз), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (2,2 фоиз), ахборот ва алоқа (1,2 фоиз) соҳаларида банд корхона ва ташкилотлар камчиликни ташкил этади.

      Энг кўп янги корхона ва ташкилот Қарши шаҳрида (289 та) ўз фаолиятини бошлаган. Чироқчида бу рақам 126 тага, Яккабоғда 120 тага, Қамашида 105 тага тенг бўлган. Шунингдек, Ғузор (50 та), Касби (50 та) ва Миришкор (59 та) туманларида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жиддий иш олиб бориш лозим бўлади.

     1 июнь ҳолатига кўра, вилоятда 15 минг 662 та тижорат шаклидаги корхона ва ташкилот фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан 6 минг 984 тасини хусусий корхона, 589 тасини оилавий корхона, 7 минг 291 тасини масъулияти чекланган жамияти, 42 тасини акциядорлик жамияти, 756 тасини эса бошқа шаклдаги субъектлар ташкил этади.

    Эътиборлиси, 1 июнь ҳолатида воҳамизда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар 58 тага етган, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 тага кўпайган. Шунинг 45 таси қўшма корхона бўлса, қолгани тўлиқ хорижий сармояга асосланган. Ўтган 5 ойда АҚШ резидентлари капитали асосида 1 та, Хитой ва Жанубий Корея сармояси тикилган 3 тадан корхона рўйхатдан ўтган. Қолаверса, айни пайтга қадар Афғонистон, Ҳиндистон ва Германия, Украина, Озарбайжон мамлакатлари ишбилармонлари вилоятимизда ҳамкорликда фаолият юритишга қизиқиш билдирган.

     Хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми Қарши шаҳри (24 та), Китоб (8 та), Муборак ва Қамаши туманлари (4 тадан) ҳиссасига тўғри келмоқда. Деҳқонобод, Яккабоғ туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида фақат 1 тадан шундай корхона мавжуд. Бу эса мазкур ҳудудларда хорижий ҳамкорлар билан ишлаш, иқтисодиёт тармоқларига чет эл сармоясини жалб этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўришни талаб этади. Иқтисодий фаолият турига кўра, воҳамиздаги хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми саноатда (36 та), савдода (9 та) ва қишлоқ хўжалиги соҳасида (6 та) фаолият кўрсатмоқда.

     Шу ўринда эътироф этиш керакки, вилоят иқтисодиёти ривожида кичик корхона ва микрофирмалар муҳим ўрин тутади. Уларнинг сони 15 минг 522 тани ташкил этаётгани ҳам истиқболдаги юксак натижалардан дарак бермоқда. Бу миқдор илгариги давр билан таққослаганда 6,4 фоизга ўсган.

М.ШУҲРАТОВ тайёрлади.