"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 январь, душанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ИСМОИЛНИНГ ҚОМУСИ

Жамият
Tipografiya

ИСМОИЛНИНГ ҚОМУСИ

Ёхуд нега Конституцияни севиш кераклиги ҳақида

- Қомусимиз – бахтимиз,

У бор, баланд шахдимиз,

Ҳаётнинг у гул- то-жиии...

Шеърнинг шу ерига келганида 7 ёшли Исмоил тўхтаб, тараддудланиб қолади. Қўлидаги қоғозга чиройли ҳуснихат билан ёзилган шеърга қараб, ўғлининг матнни тўғри ё нотўғри айтаётганини кузатиб турган онаси унга диққат билан тикилиб турибди.

Унинг талабчан ва синовчан нигоҳи болани бир зум саросимага солади, гўё қаршисида устози тургандек.  Сийрак қошларини чимирганича, қовоқларини уйиб олган бола зўр бериб, митти хотирасининг  биллурдай тиниқ қатларига жойланиши нима учундир мушкуллик қилаётган мисраларни эслашга уринади. Нима эди-я?! У эслолмагач, она кўмакка келади:

- Амал қилмоқ...қани, давомини айтарсан энди?

- Э, ҳааа, - дейди бола чўзиброқ. Сўнг қора кўзлари мамнун чақнайди. – Амал қилмоқ аҳдимиз!

 - Шундай! Нега ўзи осонгина шеърни ёдлашга бунча қийналасан, ўғлим? Қара, ўзи бор-йўғи тўрт қаторгина. Ҳали катта синфларга ўтсанг, биласанми, қанча шеърни ёдлашингга тўғри келади? Унда нима қиласан?

- Қийин-да, ая! Билмайдиган қийин сўзларим кўп-да ичида!

- Қайси сўз қийин экан? – сўрайди она.

- “Қомусимиз” - қийин сўз, - дейди Исмоил. – Нима дегани, айтинг-чи!

Она кулиб юбориб, тушунтира бошлайди:

 - Қомусми? Бу Конституция, дегани, қонунлар тўплами...

- Биламан, - қўл силтайди бола. – Устозимиз айтган. Лекин, ая, нега уни бизнинг бахтимиз, деяпти? Тушунтириб беринг-чи!

Она бироз тараддудланади. Сўнг уларнинг суҳбатини эшитганича мийиғида кулиб, журнал варақлаб ўтирган умр йўлдошига юзланади:

- Қарасангиз-чи, дадаси! Бунингиз шеър ёдлаш ўрнига мени сўроққа тутаяпти-ку!

Ота қўлидаги журнални столга ташлаб, ўғлини ёнига чақирди:

- Қани, ўғлим, келинг-чи, кўрайлик-чи, нимани тушунмаяпсиз экан?

Бола итоаткорлик билан шеър ёзилган қоғозни онасидан олиб, отасига узатди. Шеърни диққат билан ўқиб чиққан ота бир зум ўйланиб қолди. Ўзи ҳам бола бўлган эмасми, тушунмаган шеърни ёдлаш қийинлигини яхши билади. Ўқувчилигида ўзи ҳам онасидан ҳижжалаб тушунмаганларини сўраб ўтираверарди. Онаси яхшилаб тушунтириб бергачгина шеърни ёдларди. Негадир, маъноси таниш сўз хотирада тез сақланиб қолади-я...

- Бу ерда “Қомусимиз” дейилибди, тўғрими? – ўғли бош қимирлатиб тасдиқлади. – Унинг маъноси, онанг айтганидек, Конституция, яъни қонунлар тўплами. Биз уни “бош қомусимиз” деймиз, бунинг сабаби – бу қонунлар мажмуаси сен, аянг, уканг ва мен, қолаверса, худди бизга ўхшаган кўплаб оилалар, яъни шу мамлакатда яшовчи одамларнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб тузилган...

- Уни ким тузган? – диққат   билан эшитган бола навбатдаги саволини беради.

- Мутахассислар. Яъни билимдон олимлар, кўпни кўрган сиёсатчилар, тажрибали юртдошларимиз биргаликда тузиб чиқишган, - жавоб беради ота.

- Нима учун?

- Нима учун бўларди, ўғлим? Бизнинг тинч-осуда яшашимиз, бахтли, фаровон турмушимиз учун-да! – у ўғлининг буни унчалик яхши тушунмаганини кўриб, мисол келтиришга зарурат туйди. – Мана, сен. 7 ёшга тўлишинг билан мактабга ўқишга қабул қилиндинг, тўғрими? Хўш, сени мактабга нима учун қабул қилишди? Биласанми?

Бола бошини чайқаб қўйди.

- Чунки сен ҳам бошқа барча ўзбекистонлик болалар қатори бепул умумий таълим олиш ҳуқуқига эгасан. Бу ҳуқуқинг эса ана шу Қомусда, яъни Конституцияда ёзиб, қонуний муҳрлаб қўйилган. Тушундингми?

- Ҳа, тушундим.

- Яхши! Энди, қара, уч кун аввал аянг укангни поликлиникага олиб бориб, эмлатиб келди, эсингдами?

- Ҳа, мен мактабдан келсам, улар уйда йўқ эди, - деди Исмоил.

- Бу нимага кўра? Бу – бизнинг соғлиғимизни кафолатлайдиган қонун асосида бўлаётган тадбир, энди тушундингми?

- Тушундим, - деди бола.

- Яна бир мисол. Бобонг нафақага чиққан, ҳар ойда белгиланган нафақа пулини олади, кейин сенга бирор нима олиб беради, тўғрими? Бу – унинг кексалик гаштини суриши учун давлат томонидан яратилган имтиёз. Унинг ҳам қонуний асоси бизнинг Бош қомусимизда белгилаб қўйилган. Умуман олганда, ҳар биримизнинг яшаш, таълим олиш, ишлаш, даволаниш ва бошқа ҳақ-ҳуқуқларимиз қомусимизда белгиланган. Уни асло бузиб бўлмайди, амал қилиш эса барчамизнинг мажбуриятимизга киради. Асосий қонунимиз – фақат бизники: сеники, меники, барчаники. Энди тушундингми?

- Тушундим.

- Энди шеърингни бир айтиб бергин-чи!

Бола шеърни бурро-бурро такрорларкан, ҳар бир сўзи хотирасига қуйилиб қолди...

Эртасига мактабдан шошиб-елиб келган Исмоил ота-онасидан суюнчи олди:

 - Дада, ая! Бизнинг устозимизга медаль беришибди! “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” деган... – сўнг сўради. – Бу ҳам Қомусимизда ёзилганми, дада?

- Албатта, ўғлим! Ўша сен айтган эсдалик нишони Президентимизнинг шу йил 10 октябрдаги фармони билан таъсис этилди. Устозингни эса ҳозироқ қўнғироқ қилиб, табриклашимиз керак...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА