"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ТАРИХИЙ МУРОЖААТНОМАДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН МУҲИМ 18 ЯНГИЛИК

Жамият
Tipografiya

Муносабат

ТАРИХИЙ МУРОЖААТНОМАДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН

МУҲИМ 18 ЯНГИЛИК

Ҳеч кимга сир эмас, Президент Шавкат Мирзиёев бирор йиғилишда қатнашаркан, халқаро ёки вилоят миқёсида бўладими, ўша тадбир янгиликларга бой ўтмоқда. Биргина Олий Мажлисга Мурожаатномани олиб кўрайлик. Хўш, унда қандай янгиликлар ҳақида сўз борди? Қандай таклифлар илгари сурилди?

Аввало, мазкур Мурожаатноманинг ўзи янгилик. Давлат раҳбари юртимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлисга мурожаат билан чиқди. Халқ ноиблари ҳузурида кўп билан кенгашилиб, эртанги кунимиз, ёруғ келажакни таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Мазкур Мурожаатномадан келиб чиқадиган, келгуси тараққиёт йўлимизни белгилаб берадиган муҳим янгиликларни санайдиган бўлсак, биринчи навбатда шуни таъкидлаш жоизки, жорий йилдан замон шиддатига ҳамоҳанг тарзда инновацион ривожланиш йўлига ўтамиз.

Аҳоли саломатлигини таъминлаш борасидаги ишларни яхшилаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида соғлиқни сақлаш масалалари бўйича алоҳида қўмита ташкил этилади.

Энди маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ҳудудлардаги вазият, бюджет ижроси тўлиқ таъминланиши, жиноятчилик камайиши, янги иш ўринлари яратилиши, бир сўз билан айтганда, халқимизнинг турмуш даражасига қараб баҳо берилади.

"Ўлик" қонунларни бартараф этиш мақсадида Қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепция ишлаб чиқилади. Эндиликда қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи халқ бўлади. Бунинг учун     интернет тармоғида "Менинг фикрим" деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил қилинади.

Халқ қабулхоналари қошида тадбиркорлар ва халқимизга тезкор, сифатли хизмат кўрсатадиган Давлат хизматлари  маркази фаолият юритади.

Эндиликда давлат бошқарувини ҳаддан ташқари марказлаштиришдан воз кечилади.

Бундан буён тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими, иқтисодиёт, молия бўлимлари, солиқ инспекцияси ва бошқа тузилмалар раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод этиш туман (шаҳар) ҳокими томонидан амалга оширилади.

Шу вақтгача маҳаллий Кенгашларга ҳокимнинг ўзи раҳбарлик қилар, фаолиятига ўзи баҳо берарди. Энди ҳокимларнинг ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан маҳаллий Кенгашларга ҳисобот бериш тизими қайта кўриб чиқилади.

Нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари фаолиятини жонлантириш мақсадида Президент ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши тузилади. Шу асосда "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Қонун қабул қилинади.

Одамлардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириш, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиш, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши билан бирга муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш вазифалари юклатилган Олий Мажлис ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ташкил этилади.

Тинтув ўтказишга ва жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларнинг телефондаги мулоқотларини эшитиб туришга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилади.

Айрим қилмишларни жиноятлар тоифасидан чиқариш ва либераллаштириш, жиноий жазоларни инсонпарварлик нуқтаи назаридан ўзгартириш мақсадида 2018-2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни ривожлантириш концепцияси амалга оширилади.

Жиноий жавобгарликка тортиш муддатлари қайта кўриб чиқилади.

Йўл-патрул ва пост-патрул хизматлари фуқаролар билан мулоқот жараёнини қайд этиш имконини берадиган видеокамералар билан жиҳозланади. Вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патрул постлари тугатилиб, патрул хизмати стационар постлари сони кескин камайтирилади.

Тошкент давлат юридик университети қабул квотаси оширилади. Айни пайтда мамлакатимизда юридик йўналишдаги йирик ва нуфузли хорижий олий таълим муассасалари филиаллари ташкил этилади.

Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан "текшир-текшир" ва "деди-деди" қабилидаги гаплар асосида жавобгарликка тортиш, ўз манфаати йўлида "идора" номини рўкач қилишга   барҳам берилади. "Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида"ги ва "Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонунлар ишлаб чиқилади.

Тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш 2 йилга тўхтатилади.

Солиқ сиёсатини амалга оширишда кескин чора-тадбирлардан воз кечилади.

Чет элларда яшаётган ва ишлаётган ватандошларимиз   билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида давлат сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади.

Президент Мурожаатномасидан бохабар киши борки, унда юзлаб янгиликлар илгари сурилганини яхши билади. Биз фақат халқ билан мулоқот жараёни ва инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган таклиф-топшириқларни сараладик. Шунинг ўзиёқ амалга ошажак ишлар кўлами ва миқёсини кўрсатиб  турибди. Энг асосийси, барча ўзгариш, ислоҳотлар марказида бир омил мужассам - инсон. Бу борада ниҳоятда мукаммал ва муҳим тизим яратилмоқдаки, унинг ҳаётбахш самараларини, ҳузурини шу азиз Ватаннинг барча фуқаролари кўради - Сизу биз.

 

Б.САЙФИЕВ