"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

25 апрель, пайшанба.

62 ТА МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИЛМАДИ

Жамият
Tipografiya

Йиғилиш

62 ТА МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИЛМАДИ

Бироқ вилоятимизда 730 та фуқаролар йиғини мавжудлигини инобатга олсак, бу жуда паст кўрсаткич экани ўз-ўзидан аён бўлади

 Қарши шаҳрида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашининг 2017 йил якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган йиғилишда тизимда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Унда вилоят кенгаши масъул ходимлари, барча шаҳар ва     туманлар кенгашлари раисларининг ўринбосарлари иштирок этди.

Қайд этилдики, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасида маҳалла тизимига оид белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, фаолиятни янада такомиллаштириш зарур. Чунки эришилган натижалар қаторида ечимини кутаётган масалалар, камчиликлар ҳам кўп.

- Ўтган йилда эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳамда табиий офатдан жабр кўрган 2958 нафар фуқарога жами 1 миллиард 489 миллион 476 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди, - дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Дўстмурод Султонов. - Шунингдек, "Оила - маҳалла - таълим муассасаси" ҳамкорлиги доирасида сабабсиз маълум муддат дарсга келмаган 98 нафар мактаб ва 815 нафардан ортиқ коллеж ва академик лицей ўқувчилари таълимга жалб этилди. Бундан ташқари, фарзандининг узлуксиз таълимга жалб этилишига қаршилик кўрсатаётган 72 нафар ота-она ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар рўйхати шакллантирилиб, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларга кўриб чиқиш ва қонуний тартибда чоралар кўриш учун тақдим этилди.

Кенгаш йиғилишида маҳаллаларда жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш бўйича жамоатчилик назорати тўлиқ йўлга қўйилмагани ҳам қайд этилди. Маҳалла ходимлари, айниқса, посбонлар ҳалигача масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр эмас. Таҳлилларга кўра, ўтган йили вилоятимиздаги 62 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган. Агар вилоятимизда 730 та  фуқаролар йиғини мавжудлигини инобатга олсак, бу жуда паст кўрсаткич   экани ўз-ўзидан аён бўлади.

Шунингдек, йиғилишда айрим туман кенгашлари ижро интизоми, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, йиғинларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида хато ва камчиликларга йўл қўйгани танқид қилинди. Уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли мутасаддилар ҳисоботлари тингланди. Муҳокама этилган масалалар бўйича қарорлар қабул қилинди.

Йиғилишда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раиси ўринбосари Азимжон Mиpзажонов иштирок этди.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА