"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 мaй, пайшанба.

QR-КОД САЙЁҲГА ТАРИХИЙ ОБЪЕКТ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ БЕРАДИ

Жамият
Tipografiya

Туризм

QR-КОД САЙЁҲГА ТАРИХИЙ ОБЪЕКТ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ БЕРАДИ

Маълумки, юртимизда туризм салоҳиятини жаҳонда кенг тарғиб қилиш, кўпроқ сайёҳларни мамлакатимизга жалб этиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Бунда соҳага ахборот-коммуникация технологиялари, энг сўнгги янгиликларни самарали жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, туризм аҳоли бандлигини ошириш, иқтисодиёт ривожини жадаллаштириш бўйича кўплаб имкониятларга эга.

Сўнгги вақтда мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш мақсадида аниқ амалий чоралар кўрилаётгани аҳамиятга молик. Вилоятимизнинг Шаҳрисабз шаҳридаги тарихий ёдгорликлар, меҳмонхоналар, ресторанлар ва туризм индустриясининг бошқа объектлари QR-кодлар билан жиҳозлангани бунга мисол бўла олади. Ушбу ишлар VERUM QR лойиҳаси доирасида қилинганини айтиб ўтиш лозим. Мазкур қўшма лойиҳа Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва “Texno Dargoh” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берган.

Хабарда келтирилишича, синов тариқасида рўёбга чиқарилаётган бу лойиҳанинг илк босқичида QR-кодлар фақат Шаҳрисабз шаҳрида ўрнатилган. Жорий йилнинг 1 апрелига қадар вилоятимиздаги барча туристик объектларни шундай кодлар билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Тегишли объект ҳақидаги ахборотни 12 тилда тақдим этиш кўзда тутилган.

Мутахассисларнинг билдиришича, QR-код ёрдамида туристлар шундай код жойлаштирилган объект ҳақида ўз смартфони ёрдамида зарур ахборотни олиш имконига эга бўлади. Янги технология сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган маданий-тарихий объектлар, меҳмонхоналар ва бошқа диққатга сазовор жойларда қўлланилган.

Таъкидланишича, VERUM QR лойиҳаси Ўзбекистон имижини халқаро туризм бозорида кўтариш, мамлакатимизнинг мазкур секторида SMART-туризм ва IT-технологиялардан фаол фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган.

Қайд этиш жоизки, айни вақтга қадар Хива шаҳридаги кўплаб тарихий ёдгорликлар, Бухоронинг 50 га яқин туристик объекти QR-кодлар билан жиҳозланган.

 

М.ШУҲРАТОВ