"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 мaй, пайшанба.

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ – АДОЛАТ МАСКАНИ БЎЛА ОЛДИМИ?

Жамият
Tipografiya

Сарҳисоб

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ – АДОЛАТ МАСКАНИ БЎЛА ОЛДИМИ?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги фармони ижроси доирасида ташкил қилинган Халқ қабулхоналари аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоялашга қаратилгани билан халқ эътиборини қозонди. Буни биргина вилоят Халқ қабулхоналарига ўтган йил давомида 27 мингга яқин мурожаат йўлланганидан ҳам билиш мумкин. Эътиборлиси, мазкур мурожаатларнинг асосий, яъни 83,6 фоизи қаноатлантирилган.

Қайд этиш жоизки, мурожаатларни ўрганиш ва ечим топиш, мазкур жараёнда эътиборсизлик, сансоларлик ва қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўяётган раҳбар-ходимларга нисбатан кескин чоралар кўришда Халқ қабулхоналари муҳим функцияларни бажармоқда.

Ўтган йили жойларда 550 дан ортиқ сайёр қабуллар ўтказилди ва уларда 22 мингдан зиёд фуқаро қабул қилинди. Аксарият муаммолар жойида ҳал этилишига эришилди. Шунингдек, Президент Девони, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда ҳам 5 мингдан ортиқ фуқаро қабул қилиниб, мурожаатлар тегишли тартибда қаноатлантирилди.

Мурожаатларнинг соҳалар бўйича таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг катта қисмини уй-жой билан таъминлаш, ер участкаси ажратиш, моддий ёрдам, пенсия таъминоти, болалар нафақаси, ишга жойлашиш, коммунал хўжалик, ички ишлар органлари, соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти билан боғлиқ масалалар ташкил этади. Виртуал ва Халқ қабулхоналарига бўлган энг кўп мурожаат Қарши шаҳри (18055 та), Ғузор (12043 та) ва Шаҳрисабз (9223 та) туманлари ҳиссасига тўғри келади.

- Ўтган давр мобайнида уй-жой масаласида жуда кўп мурожаат бўлди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири Абдуҳалим Холмахматов. – Шундан келиб чиққан ҳолда 1700 нафар киши арзонлаштирилган замонавий уй-жой билан таъминланди. Бу уйларнинг нархи 10 фоизга арзонлаштирилиб, иқтисод қилинган маблағлар ҳисобига уй-жойлар олдида ҳар бири 2 сотихдан бўлган жами 410 та иссиқхона қуриб берилди. Бундан ташқари, вилоят Халқ қабулхонаси ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида 29 та бўш турган ётоқхона ва фойдаланилмаётган бинолар аниқланиб, уларни уй-жойга эҳтиёжи бўлган оилаларга бериш юзасидан вилоят ҳокимлигига таклиф киритилди.

Ўрганишлар шуни кўрсатадики, уй-жой билан боғлиқ мурожаатларнинг аксарияти фуқароларнинг яшаб турган уйларига мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари йўқлиги сабабли юзага келаяпти. Бундан ташқари, қўни-қўшнилар ўртасида ер талашиш, қариндошлар ўртасидаги уй-жойга эгалик қилиш бўйича мулкий низолар, “ўзбошимчалик билан қуриб олинган” деган важ билан мутасадди ташкилотлар томонидан уйларнинг бузилиши каби ҳолатлар ҳам мурожаатлар кўпайишига сабаб бўлган. Биргина Қарши туманида 30 мингдан ортиқ уй-жойнинг эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжати йўқ. Бундай ҳолат вилоятнинг деярли барча туманларида учрайди. Шуни инобатга олган ҳолда тегишли мутахассислар Халқ қабулхонасида мунтазам бўлиши ва тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориши ташкил этилди.

Ўтган йил таҳлилларидан аён бўладики, айрим давлат органларида мансабдор шахсларнинг мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқмаслиги ва мурожаат этувчига жавоб бермаслиги ёки масалани юзаки ўрганиши каби ҳолатларга йўл қўйиб келинган. Мурожаатлар билан ишлашда юзаки ёндашув ҳолатлари вилоят бандлик бошқармасида кўп кузатилган. Масалан, фуқароларнинг Қарши шаҳар, Қамаши, Косон, Қарши туманлари бандликка кўмаклашувчи марказларига ишга жойлашиш тўғрисидаги мурожаатлари эътиборсиз қолдирилаётгани, шунингдек, мазкур идоралар ходимлари фуқароларга қўпол муомалада бўлишаётгани ифода этилган мурожаатлар вилоят бандлик бошқармасига ўрганиб, тегишлича ҳал этиш учун юборилган бўлса-да, бу мурожаатлар яна ўша марказларга, яъни устидан шикоят қилинган идораларнинг ўзига кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун юборилган. Бу такрорий мурожаатлар кўпайишидан ташқари, фуқароларнинг давлат органларига нисбатан ишончи йўқолишига ҳам сабаб бўлган. Айни пайтда бу ҳолат тегишли қонун талабларига ҳам зиддир. Чунки мурожаатда шикоят қилинаётган идора ёки масъул шахс кўрсатилган бўлса, юқори турувчи органга жўнатилиши керак бўлади. Бундай ҳолат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ҳам кузатилган. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали ходимининг раҳбарият хатти-ҳаракатидан норози бўлиб қилган мурожаати вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти томонидан кўриб чиқилмасдан яна ўша филиал раҳбарининг ўзига юборилган. Ўз навбатида филиал раҳбари ушбу мурожаатни бутун меҳнат жамоаси олдида муҳокама қилиб, “Қаерга ёзсанг ҳам барибир ўзимизга келади”, деган иддао билан ариза ёзган ходимни изза қилган. Бу ўринда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши билан бирга, фуқаронинг ҳуқуқлари ҳам поймол қилинган. Шунингдек, Яккабоғ, Нишон, Косон, Китоб, Қамаши, Ғузор туманлари тиббиёт бирлашмалари мутасаддиларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб қилинган мурожаатлар ҳам худди шу тартибда “кўриб чиқилган”.

Айтиш жоизки, кўпчилик мурожаатлардаги масалалар жойлардаги тегишли идора, муассаса ва ташкилотларнинг ўзида ҳал этилиши лозим бўлган ишлардир. Фуқароларнинг юқори ташкилотларга такрор ва такрор мурожаат қилишларининг асосий сабабларидан бири бу - давлат бошқаруви органларида ишлаётган айрим мансабдор шахсларнинг ўз вазифасини тўлиқ бажармаслиги, мурожаатларга эътиборсизлиги, масъулиятсизлиги натижасидир. Аҳолини ўйлантираётган масалалар, уларнинг оворагарчиликларига сабаб бўлаётган муаммоларга жойида адолатли ечим топишга ҳаракат қилинганда фуқаролар четдан нажот излашмасди.

Умуман олганда, халқ билан мулоқот жараёни, уларнинг мурожаат ва шикоятларини тинглаш, камчиликларни жойида бартараф этиш яхши самара бераётир. Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳоли учун жуда катта қулайлик туғдирмоқда.

Мусо МУРОДОВ