"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 сентябрь, чоршанба.

ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР РЎЁБИ – ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ

Жамият
Tipografiya

Сарҳисоб

ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР РЎЁБИ – ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ

Ўтган йилнинг 23-24 февраль кунлари Президентимиз вилоятимизга қилган ташрифи давомида юқори ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга кўплаб йирик лойиҳалар билан танишганди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари лойиҳаларни янада мукаммаллаштириш, самарали рўёбга чиқариш бўйича ташаббускорлар ҳамда тегишли мутасаддиларга ўз кўрсатмалари ва тавсияларини берганди. Ушбу лойиҳалардан айримларининг бугунги ҳолати билан танишдик.

“Султан текстиль груп” масъулияти чекланган жамияти томонидан Қарши шаҳрида хорижий технологиялар асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган лойиҳа бажарилди. Биринчи босқичда йилига 7 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу фабрика собиқ пахта тозалаш заводи негизида ташкил этилди. Янги тўқимачилик фабрикаси юқори самарали, энергиятежамкор дастгоҳлар билан жиҳозланди. 200 нафардан зиёд киши ишга жойлаштирилди. Илк маҳсулот аллақачон экспортга йўналтирилгани аҳамиятлидир.

Яккабоғ туманида пахта толасини қайта ишлашга ихтисослашган “Яккабоғ воҳа текс” масъулияти чекланган жамияти фаолият кўрсата бошлади. Тегишли дастурга кўра амалга оширилган ушбу лойиҳа қиймати бир неча миллион долларни ташкил этди. Йигирув цехида Швейцариянинг “Ритер” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дастгоҳлар ўрнатилди. Мавжуд қувват бир йилда 3 минг тонна калава ип тайёрлашга мўлжалланган. Ўтган даврда корхонада катта миқдордаги пахта хомашёси қайта ишлашга йўналтирилди. Ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулот эса хорижга экспорт ҳам қилинди.

“Қарши лезер” Ўзбекистон-Исроил-Хитой қўшма корхонаси томонидан вилоятимизда биринчи марта саноатнинг муҳим хомашёси саналган тайёр чарм ишлаб чиқариш ташкил этилди. Мазкур жараёнга эса энг сўнгги технологиялар жалб қилинди. Умумий қиймати 14,5 миллион АҚШ долларига баҳоланган лойиҳа 3 босқичда амалга оширилаяпти.  Дастлабки босқичда терини қайта ишлаб, чарм тайёрлаш йўлга қўйилди. 2017 йилда лойиҳа доирасида 15,5 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Ўтган йили қиймати 2 миллион АҚШ доллари бўлган ярим тайёр чарм Хитойга жўнатилди.

Яна бир лойиҳа асосида эса вилоятимизнинг тоғли ва тоғолди минтақаларида шифобахш хусусиятга эга ўсимлик – шафран етиштириш ташкил этилди. Шу мақсадда ўтган йили Шаҳрисабз туманидаги “Big agro fields” масъулияти чекланган жамияти томонидан 10 гектар майдонда шафран (заъфарон) парваришига киришилди. Лойиҳа доирасида Голландиядан келтирилган 10 тонна шафран пиёзи махсус ажратилган ерга экилди. Дастлабки ҳосил ҳам йиғиштириб олинди. Энди йил сайин экин ҳосилдорлиги ошиб боради. Етиштирилган маҳсулот тўлиғича экспортга чиқарилади.

“Биг агро экспорт” масъулияти чекланган жамияти томонидан Айсберг салатбарглари, брокколи, рангли карам ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бошлаб юборилди. Корхона учун Қарши туманидан ажратилган қарийб 200 гектар майдоннинг 2 гектарида кўчат етиштиришга ихтисослашган иссиқхона барпо этилди. Шунингдек, 4000 тонна сиғимли совуткич қуриш, мева-сабзавотни қайта ишлаш линиясини ишга тушириш бўйича ишлар қилинди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 14 миллион доллар маблағ сарф этилиши кўзда тутилган. Бултур 50 гектарга “Пекин” салатбарги, 25 гектарга “Айсберг” салатбарги, 6 гектарга брокколи, 5 гектарга гулкарам, қолган жойга рангли карам ниҳоллари экилиб, мавсумда мўл ҳосил кўтарилди. Унинг асосий қисми МДҲ мамлакатларига экспортга чиқарилди.

Косон туманидаги “Истиқлол” хусусий корхонаси томонидан аҳолини сут ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга мўлжалланган лойиҳа доирасида катта ҳажмдаги ишлар қилинди. Шу мақсадда жами 15 миллиард сўм миқдоридаги банк кредити ўзлаштирилди. Ўтган йили Украина мамлакатидан 222 бош “Симментал” зотли қорамол келтирилди. Жорий йилнинг баҳорига қадар яна 300 бошдан зиёд наслли қорамол олиб келиш кўзда тутилган. Ушбу зотга мансуб сигирдан бир кунда 20 литргача сут соғиб олиш мумкин. Яқин орада замонавий чорвачилик мажмуаси тўлиқ қуриб битказилиши кўзда тутилган. Мазкур мажмуа оғилхона, емхона ва сутни қайта ишлаш цехини ўз ичига олади. Айни вақтга қадар корхонада 45 киши иш билан таъминланди.

Шаҳрисабз шаҳрида “Олчазор импекс” Ўзбекистон-Латвия қўшма корхонаси таъсисчилигида “Шаҳрисабз” логистика маркази ташкил қилиш бўйича ишлар олиб борилди. Марказ фаолияти ҳудуддаги анча вақт бўш турган собиқ пиллачилик фабрикаси ўрнида йўлга қўйилмоқда. Лойиҳа доирасида яқин орада 5350 тонна сиғимга эга замонавий совутиш омборини ишга тушириш белгиланган. Кейинги  босқичда мева-сабзавотларни етиштириш, тайёрлаш ва қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш ва   экспортга йўллаш имконини берувчи ишлар бажарилади. Бунинг учун зарур ускуналарнинг бир қисми хориждан келтирилган.

Ўтган йили Қарши тумани Мирмирон массиви ҳудудида 25 гектардан зиёд майдонда иссиқхоналар барпо қилинди. Ушбу лойиҳаларнинг асосий ташаббускори сифатида аҳоли вакиллари майдонга чиқди. Улар томонидан иссиқхона шароитида лимон, бодринг, помидор, гулкарам, ҳар хил кўкатлар, булғор қалампири каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, ички ва ташқи бозорларга етказиб берилди. Натижада ердан унумли фойдаланиш, аҳоли даромад манбаини ошириш учун шароит ҳозирланди.

Ўтган йили Қарши шаҳрида “Нишон кўзгуси” фермер хўжалиги томонидан замонавий мажмуа ишга туширилди. Қиймати 6 миллиард сўмдан ортиқ мазкур лойиҳа доирасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Мажмуада барча талабларга жавоб берувчи кушхона, энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари фаолияти йўлга қўйилди. Мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган замонавий совуткич ва иссиқхона барпо этилди. Янги кушхонада бир кунда ўрта ҳисобда 100 бош йирик ва 200 бош майда шохли молни гўштга тайёрлаш имкони мавжуд. Лойиҳа амалга ошиши натижасида шу кунга қадар 100 нафардан зиёд одам иш билан таъминланди. Уларнинг асосий қисми – коллеж битирувчилари.

Қамаши туманида наслдор қуёнлар боқиш лойиҳаси рўёбга чиқди. Умумий қиймати 6 миллиард сўмга баҳоланган лойиҳа доирасида Италия мамлакатидан “Янги Зеландия” зотига мансуб, тез етилиши билан ажралиб турувчи ноёб қуёнлар келтирилди. Шу мақсадда ҳудудда ташаббускор – “Қамаши момиқ қуёнлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан махсус мажмуа қурилди. Бу ерда бугунги кунда 1500 бош наслли қуён парвариш қилинмоқда. Улар асосан гўшти ва майин териси учун боқилаяпти. Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, мавжуд иш ўринлари сони 30 тага етказилади. Шунингдек, қуёнларни кўпайтириб, аҳолига сотиш, одамларни тадбиркорликка ўргатиш мақсад қилинган.

Яккабоғ тумани Бешқўтон қишлоғида йирик замонавий отчилик мажмуаси қуриб битказилди. Энг замонавий технологиялар асосида жиҳозланган, “Қорабайир отчилик мажмуаси” унитар корхонасига қарашли мажмуада зотдор отлар парваришланади ва от спорти билан боғлиқ турли мусобақалар ўтказилади. Мазкур иншоот “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ ташаббускорлигида 10,24 гектар майдонда барпо этилди. Бу ишларга 44 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Қамаши туманидаги “Азза парранда сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳа ички бозорни бир йилда 1000 тонна курка гўшти билан таъминлашни кўзда тутади. Лойиҳани самарали рўёбга чиқариш учун 29 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ҳозирги босқичда курка боқишга мўлжалланган замонавий мажмуани барпо этиш ишлари кетмоқда. Бу ерда 33 минг бошга яқин зотдор курка боқиш имкони яратилади. Фабрикада 70 нафар ишчи меҳнат қилади. Келгусида жўжаларни Германия мамлакатидан олиб келиш бўйича келишувга эришилган. Лойиҳа доирасидаги ишларни жорий йилнинг иккинчи чорагида тугаллаш кўзда тутилган. Қолаверса, шу ернинг ўзида жўжа очиришни ташкил этиш натижасида аҳолини 100 бошдан парранда билан таъминлашга шароит ҳозирланади.

Қарши шаҳридаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида - 5 гектар жойда янги кўнгилочар маскан иш бошлади.  Замонавий истироҳат боғи лойиҳаси ташаббускори “Асинза-БЗ” масъулияти чекланган жамияти ҳисобланади. Қисқа муддатда бу ерда кенг қамровдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Хитойнинг “Zhengzhou Beston Amusement Equipment Co. Ltd.” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий аттракционлар олиб келиб ўрнатилди. Шунингдек, бу боғдан дунёга машҳур ёдгорликларнинг кичрайтирилган макетлари жой олди. Бир қанча шохобчалар фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда ушбу истироҳат боғида аҳолига тўлақонли хизмат кўрсатилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, Президентимизнинг ўтган йилги ташрифи асносида вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий соҳалари доирасида, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа етакчи тармоқларида 100 дан ортиқ истиқболли лойиҳа амалга оширилиши учун пухта замин ҳозирланди. Ушбу лойиҳаларнинг аксари қисқа вақтда ишга туширилган бўлса, баъзилари муайян босқичда давом этмоқда. Асосийси, мазкур истиқболли лойиҳалар ҳудуд тараққиёти тезлашишига, мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланилишига хизмат қилмоқда, аҳоли фаровонлиги таъминланишига имкон яратаяпти.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар