"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 июнь, чоршанба.

НАМУНАЛИ ТАЯНЧ ПУНКТИ АНИҚЛАНДИ

Жамият
Tipografiya

 

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ:

 

Профилактика инспекторлари бундан буён ички ишлар органларининг маҳалладаги вакили эмас, балки маҳалланинг ички ишлар органларидаги вакили сифатида ўз ишини ташкил этиши керак.

 

 

Кўрик-танлов

 

НАМУНАЛИ ТАЯНЧ ПУНКТИ АНИҚЛАНДИ

Қарши шаҳрида "Ички ишлар органларининг намунали таянч пункти" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Маълумки, мамлакатимизда профилактика инспекторларининг масъулиятини ошириш, уларнинг ўз вазифасини тўлақонли адо этиши учун барча шарт-шароитларни яратиб беришга катта эътибор қаратилмоқда. Профилактика инспекторларига ўзи хизмат қилаётган маҳалла ҳудудида хизмат уйлари қуриб берилгани, имтиёзли кредит асосида шахсий автоуловлар тақдим этилганидан кўзланган мақсад уларнинг шу маҳалла аҳли билан яқин бўлиши, асосий вақтини шу ҳудудда ўтказишини таъминлашдир. Бу эса профилактика инспекторининг куну тун ўз хизмат жойида фаолият олиб бориши, маҳалла фаоллари билан ҳамкорлиги мустаҳкамланиши, пировардида ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига имкон бермоқда.

 

Танловда ана шу жиҳатларга, яъни профилактика инспекторининг аҳоли ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорлиги, билими, вояга етмаганлар билан ишлаш тажрибаси, ҳудуддаги ижтимоий вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилгандан сўнг эмас, унинг олдини олиш мақсадида самарали профилактикани йўлга қўйишнинг натижадорлиги ўрганилди.

 

Якуний натижаларга кўра, танловда Қарши шаҳри Отчопар маҳалласи ҳудудидаги 32-сонли таянч пункти профилактика инспектори, капитан Ойбек Сафаров биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Шаҳрисабз шаҳридаги Зингирон маҳалласида жойлашган 270-сонли таянч пункти профилактика инспектори, капитан  Ҳусниддин Бойсуновга насиб этган бўлса, учинчи ўринга Чироқчи тумани Сувлиқ маҳалласидаги 357-сонли таянч пункти профилактика инспектори, лейтенант  Улуғбек Ражабов муносиб деб топилди.

 

Шунингдек, танловда "Энг фидойи сектор раҳбари", "Ёшлар ва вояга етмаганлар бўйича энг фаол инспектор", "Энг фаол жазони ижро этиш инспекцияси ходими", "Ички ишлар органлари бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича энг фаол ўринбосари", "Энг матонатли маҳалла посбони" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Уларга махсус диплом ва совғалар топширилди.

 

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

 

* * *

 

Суратда: тадбирдан лавҳа.

 

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.