"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 июнь, чоршанба.

ЎЗИМИЗДА БОР МАҲСУЛОТ МУҚОБИЛИНИ ХОРИЖДАН ИМПОРТ ҚИЛИШДАН КИМГА НАФ?

Жамият
Tipografiya

Тадбир

ЎЗИМИЗДА БОР МАҲСУЛОТ МУҚОБИЛИНИ ХОРИЖДАН ИМПОРТ ҚИЛИШДАН КИМГА НАФ?

Маълумки, мамлакатимизда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, мавжуд хомашёни замонавий технология асосида шу ернинг ўзида қайта ишлашни ташкил этишдан аниқ мақсад кўзланган. Асосийси, ички бозорга рақобатбардош маҳсулот таклиф этилиши эвазига импорт ҳажми камаяди, катта миқдордаги валюта иқтисод қилиб қолинади, иш ўринлари кўпаяди. Бу эса иқтисодиёт ривожини таъминлайди. Бироқ, юртимизда маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор чоралар амалга оширилаётганига қарамасдан, ўзимизда муқобили бор товарлар четдан импорт қилиниши ҳолати камаймаяпти.

Мисол учун, ўтган йили вилоятимиз ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан қиймати 391 миллион 381 минг АҚШ доллари миқдоридаги товарлар импорти амалга оширилган. Унинг таркибида технологик жиҳозлар, бутловчи қисмлар асосий ўрин эгалласа-да, ноозиқ ва озиқ-овқат маҳсулотлари улуши ҳам салмоқли. Боз устига импорт қилинаётган кўпгина маҳсулотлар турдоши бугунги кунда воҳамиз ишбилармонлари томонидан ишлаб чиқарилмоқда.

Бу ҳақда вилоят божхона бошқармасида вилоят ҳокимлиги, прокуратура  билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда айтиб ўтилди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган ушбу учрашувда йирик    саноат корхоналари вакиллари, маҳаллий тадбиркорлар, хўжалик юритувчи ташкилотлар масъуллари қатнашди.

Таъкидланганидек, жорий йил 27 февраль куни Президент Шавкат    Мирзиёев раислигида экспортни ошириш ва импортни қисқартириш бўйича вазифалар ижроси, бу борада тармоқлар ва ҳудудлардаги ишлар ҳолатига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган ва унда давлатимиз раҳбари шу пайтгача мамлакатимизга кириб келаётган маҳсулотлар импорти таҳлил қилинмагани, ушбу соҳада назорат ўз ҳолига ташлаб қўйилганини қаттиқ  танқид қилган. Хусусан, катта миқдорда валюта эвазига хориждан олиб келинган баъзи маҳсулотлар айни пайтда ўзимизда ҳам кенг миқёсда ишлаб чиқарилаётгани ёки шунга шароит бор экани, аммо бу жиҳат анча вақтдан бери эътиборга олинмагани, маҳаллийлаштириш дастурлари кўзбўямачилик учун ижро этилгани қайд қилинган.

- Бунга йўл қўйган корхона ва ташкилотлар вилоятимизда ҳам бор, - дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Мейли Аманов. – Улар бунинг учун божхона имтиёзларидан ҳам фойдаланган. Масалан, айрим йирик саноат корхоналари умумий қиймати 200 минг АҚШ долларидан зиёд ҳар хил турдаги махсус кийим-кечакларни импорт қилган. Ваҳоланки, сўнгги вақтда ҳудудда тўқимачилик, тикувчилик тармоғи жадал ривожланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар ўзимизда ўнлаб топилади. Тўғри, харидор олмоқчи бўлган товарига қатъий талаб қўйиши мумкин. Буни тадбиркорга ҳам тушунтириш керак, ўзаро ҳамкорлик қилинса, валюта беҳуда харж қилинишининг олди олинарди.

Тадбирда шунга ўхшаш бошқа ҳолатларга ҳам тўхталиб ўтилди. Маҳсулот импорт қилишдан олдин ички бозорни жиддий ўрганиш лозимлиги, бундай маҳсулот мамлакатда умуман ишлаб чиқарилмаса, аввало, маҳаллий тадбиркорларга бу борада таклиф бериш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Шу орқали маҳаллий ишбилармонлар қўллаб-қувватланишига, янги қувватлар барпо бўлишига эришилади, аҳоли бандлиги даражаси ошади.

Учрашувда вилоят ҳокими бошчилигида ҳудудда импортни камайтириш бўйича комиссия фаолияти ташкил этилгани маълум қилинди. Мазкур комиссия корхоналар кесимида импортни таҳлил қилиш билан шуғулланади, беҳуда валюта сарф этилишига йўл қўйган шахсларни аниқлайди.

Тадбир доирасида вилоятда маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилаётган, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар намойиш этилди.

Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуррам Жўраев сўзга чиқди.

 

М.ШУҲРАТОВ