"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 сентябрь, чоршанба.

ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲАММА ЕРДА ҲАМ ҚАДРЛИМИ?

Жамият
Tipografiya

Оила ва жамият

ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲАММА ЕРДА ҲАМ ҚАДРЛИМИ?

Оила - жамият қўрғони. Бу қўрғоннинг мустаҳкам устуни эса аёлдир. Чунки оила тинчлиги, жамият равнақи,  фарзандлар тақдири айнан аёлларга боғлиқ. Шу сабаб жаҳонда аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда иштирок этиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Буни дунё конституцияларидан ҳам билиш мумкин.

Хусусан, Туркманистон конституциясининг 18-моддасида "Аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқларга эга. Ушбу нормани бузган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади" деб кўрсатилган.   Тожикистон конституциясида ҳам айни  фикрларни ўқиш мумкин.

Украина 24-моддасида жамоат ишларида, сиёсий ва маданий   фаолиятда тенг тарзда иштирок этиш қайд этилган. Таълим олиш ва махсус касбий тайёргарликдан ўтиш, меҳнатига яраша тақдирланиш, меҳнатни муҳофаза қилиш,  соғлиқни сақлаш, пенсия таъминотида имтиёзлар олишда ҳам тенглик таъминланади.

Маълумки, оналик ва болаликнинг давлат томонидан муҳофаза этилиши тараққиётга ғов бўлувчи кўпгина салбий иллатлар, муаммоларнинг олдини олиши исботланган. Шунга асосан Россия Федерациясининг конституцияси "Инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари" номли II бобида оналик, болалик ва оила давлат ҳимоясида эканлиги, болалар ва уларнинг тарбияси борасида ота-оналарнинг мажбуриятлари батафсил кўрсатилган. Молдова бош қомусининг 50-моддасида "она, бола ва ёшлар давлат ҳимоясида. Она ва бола алоҳида ёрдам ва ҳимояга муҳтож", дея  қайд қилинган.

Озарбайжонда эса оилалар фаровонлиги мамлакат истиқболига хизмат қилади, деб қаралади. Шу боис, мамлакат Конституциясининг 17-моддаси "Оила ва давлат" деб номланиб, оила - жамиятнинг асосий бўғини ва у давлат ҳимоясида экани, ота-оналарнинг болалар олдидаги мажбуриятлари алоҳида таъкидланган.

Ирландия конституциясининг "Асосий ҳуқуқлар" деб номланган бўлими 41-моддасида никоҳ ва оиланинг давлат ҳимоясида эканлиги, "никоҳ" тушунчаси ва шартлари, уни бекор қилиш асослари ҳамда тартиби, ота-оналар, болалар ҳуқуқлари, шунингдек, мажбуриятлари ҳақидаги қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган.

Асосий муаммо шундаки, бир масала қонунчиликда норма сифатида белгиланиши, бироқ амалда рўёбга чиқмаслиги мумкин. Хусусан, аёлларни камситишга барҳам бериш дунё мамлакатларини ташвишлантираётган масалалардан бири. Чунончи, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига  барҳам бериш декларациясининг 8-моддасида давлатлар аёллар билан савдо қилиш ва улардан фоҳишаликда фойдаланишнинг барча кўринишларига барҳам бериш юзасидан тегишли чоралар кўриши  лозимлиги қайд этилган.

Эътиборга молик жиҳати, мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимизда аёлларни ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш масаласи давлат сиёсатининг устувор вазифалари сифатида илгари сурилди. Қонунларимиз ҳам аёлларга эркаклар билан тенг шароитлар асосида меҳнат қилиш, ишга ёлланишда бир хил имкониятларни, касбни эркин танлаш, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва   хавфсиз меҳнат шароитларига эга бўлиш, ногиронлик, пенсияга чиқиш, ва ишсизлик ҳолатларида ижтимоий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боби "Оила" деб номланиб, бир қатор моддалар оилавий муносабатларни тартибга келтиришга бағишланган. Конституциямизнинг 46-моддасида: "Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар" деб ёзилиб,  аёлларнинг шахсий, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлари давлат қонунлари билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган. Бош Қомусимизнинг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида экани белгиланган. 65-моддада эса оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши қайд қилинган.

Халқаро ҳуқуқ талабларидан келиб чиққан ҳолда тузилган Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси ҳам алоҳида аҳамиятли. Хусусан, кодекснинг 21-моддасида "Оилавий турмушнинг барча масалаларини эр ва хотин биргаликда ҳал қиладилар" деган қоида мустаҳкамланган. Шунингдек, эр-хотиннинг ҳар бир машғулот, касб ва яшаш жойини танлашда эркинлиги айтилган. 39-моддада эрнинг никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб қўйишини ман этадиган ҳолатлар сифатида хотиннинг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида хотиннинг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш қўзғатишга ҳақли эмаслиги кўрсатилган.

Аёлларга берилган имконият ва имтиёзларни нафақат оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, балки меҳнат қонунчилигида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 78-моддасида ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга йўл қўймайдиган ҳолатлар ичида ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни - тегишинча, уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлигини важ қилиб ишга қабул қилмаслик ман этилиши, 84-моддасида эса ҳомиладор ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар ишга қабул қилинганда, шунингдек олти ойгача муддатга ишга қабул қилиш ҳақида ходимлар билан меҳнат шартномаси тузилганда дастлабки синов белгиланмаслиги таъкидланган.  

Бир сўз билан айтганда, аёл қай макон ва замонда яшамасин, доим эҳтиром ва ҳурматга лойиқ. Лойиқ бўлиши керак. Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши эса соғлом оила ва авлодни шакллантиришга замин яратади.

 

Сожида АЛЛАЁРОВА