"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 июнь, чоршанба.

ТИЛОВАТДАН ҚАЛБЛАР НУРГА ТЎЛДИ

Жамият
Tipografiya

“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси - 2018”

ТИЛОВАТДАН ҚАЛБЛАР НУРГА ТЎЛДИ

Президентимиз ташаббуси билан юртимиз тарихида биринчи марта ўтказилаётган Қуръон мусобақаси вилоятимизда ҳам уюшқоқлик билан кўтаринки руҳда ташкил этилди. Эътиборлиси, мусобақаларда хотин-қизлар ҳам фаол иштирок этди.

Мусобақанинг шаҳар, туман босқичида 58 нафар қория қатнашган бўлса, тиловат йўналишида бўлиб ўтган вилоят босқичида 6 нафар қория ўз иқтидорини намойиш этди. Унда 18-25 ёшли хотин-қизлар орасида Нозима Нажмиддинова ва 25-40 ёшлилар орасида Манзура Ҳомидова ғолиб бўлишди. Уларнинг иккаласи ҳам Китоб туманидан. Энди улар мусобақанинг шу йилнинг апрель ойида ўтказиладиган республика босқичида иштирок этишади.

- Қуръон ўқишни даставвал ота-онамдан ўрганганман, - дейди Нозима Нажмиддинова. – 2008-2012 йилларда тумандаги Хадичаи Кубро хотин-қизлар мадрасасида таълим олдим. Давлатимиз раҳбари, “Қуръонни эшитиш, эшита олиш - юксак маънавият, маърифат. Қуръонҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффақият бўлади, элимизга нур келади”, дегандилар. Дарҳақиқат, шундай. Мусобақа жараёнида Қуръон тиловатидан қалбларимиз нурга тўлди.

- Ислом дини - маърифатпарвар дин. Унинг моҳиятини чуқур англаш керак, - дейди Манзура Ҳомидова. - Шунда одамлар орасида динҳақида турли қарашлар пайдо бўлмайди, билган-билмаган нарсаларни ўзларича овоза қилиб юришмайди. Ўтказилаётган ушбу нуфузли мусобақа иқтидорли қори ва қорияларни тарбиялаш, уларни Қуръонни ёд олишга қизиқтириш ва ҳифзини камолотга етказиш борасида муҳим аҳамият касб этади. Ушбу мусобақа мен учун катта бир имтиҳон бўлди. Кўп нарсаларни ўргандим. Насиб этса, Қуръон мусобақасининг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишгаҳаракат қиламан.

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг эркаклар ўртасида ўтказилган вилоят босқичида тиловат йўналиши бўйича ғолиблик Қарши шаҳрилик Ҳасан Комилов ва Шаҳрисабз туманилик Акбар Асқаровга, ҳифз йўналиши бўйича эса Шаҳзодбек Ғайратов ва Акмал Низомовга насиб этди.

Руҳиддин АКБАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги ходими