"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 июнь, чоршанба.

ФАРИШТАЛИ ВА САРИШТАЛИ

Жамият
Tipografiya

Тадбир

ФАРИШТАЛИ ВА САРИШТАЛИ

Шундай касб эгалари борки, кўп-да уларнинг меҳнати қадрига етавермаймиз. Ўйламаймизки, тоза-озода хиёбонлар, йўлаклар йўллар кимнинг меҳнати маҳсули? Кеча тунда чиқинди ташлаб ўтган жойимизни тонг отмай ким топ-тоза ҳолга келтирди? Ёки ишхонамиз чиннидай ярақлаб туришига ким сабабчи? Албатта, кўнгилларни равшан этувчи касб эгалари – фаррошлар, орастабонлар.

Ҳар куни эрталаб ишга ошиқаркансиз, кўча-кўйдаги саранжом-саришталикни, чор-атрофнинг озодалигини кўриб димоғингиз чоғ бўлади. Эрталабки кайфият эса кун давомида кишини тарк этмаслиги ўз тасдиғини топиб улгурган. Бунда чор-атрофни супуриб-сидириб юрган, мунис ва мушфиқ, камтар ва камсуқум, содда ва софдил фаррош опалар - озодалик фаришталарининг хизмати катта. Тан олиш керакки, улар қизғин ишга киришган бир пайтда баъзиларимиз уйқудан эринибгина тураётган бўламиз.

Саранжом-саришта, тоза-озода муҳит нафақат киши кўнглини равшан этади, балки бу саломатлигимиз учун ҳам муҳимдир. Шундай экан, фаррошлар меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак арзийди.

Эътиборга молик жиҳати, бу йил юртимиз тарихида илк бор – 8 март – Хотин-қизлар куни муносабати билан айнан фаррошлар, орастабонлар учун тантанали байрам тадбирлари ташкил этилди.

Қарши шаҳрида ўтган байрам тадбирида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев иштирок этиб, заҳматли касб эгаларини қутлуғ тантана билан муборакбод этди. Юртимиз обод, шаҳарларимиз озода бўлишида уларнинг меҳнати беқиёс эканини таъкидлади.

– 35 йилдан буён Косон туманидаги Сурхон касб-ҳунар коллежида фаррош бўлиб ишлайман, - дейди Адолат Норқулова. – Тўғриси, биринчи марта бундай катта тантанага таклиф этилишим. Бундай эътибор ва илтифотдан жуда хурсанд бўлдим.

Концерт дастури ҳам, кино намойиши ҳам жуда ёқди. Концерт ва кинодан сўнг байрам тадбири бир пиёла чой устида давом эттирилди. Орастабонларга тадбир ташкилотчиларининг совғалари, хусусан, китоблар топширилди.

- 15 йилдан буён шу соҳада ишлаб келаяпман, - дейди Касби тумани ободонлаштириш бошқармаси ходими Очилой Йўлдошева. – 4 нафар фарзандим бор. Яқинда 50 ёшга тўламан. Умримда биринчи марта мана шундай катта байрамда қатнашишим. Тўғриси, рўзғор ташвишлари билан бўлиб, бу яқин орада китоб ўқиганимни эслолмайман. Совға қилинган китобларни албатта ўқиб чиқаман. Бугунги кунимиз жуда чиройли, эсда қоларли бўлди. Бунинг учун Юртбошимиздан, давлатимиздан миннатдорман.

Барча муқаддас неъматлар покиза жойларда бўлишини кексаларимиз болалигимиздан уқтиришган. Ҳатто, фаришталар ҳам бундай гўзал жойларга меҳмонга келиб, сўнг мангу мезбондек қолиб кетишию Яратгандан ўзи турган жойга кўпроқ мар ҳамат кўрсатиши, мурувватини дариғ тутмаслигини, қолаверса, қут-барака, ризқу рўз, тинчлигу осойишталик сўраб эртаю кеч дуода бўлишини эшитганмиз.

Жонажон диёримиз ҳам худди шундай қут-баракали, ризқу рўзи мўл, тупроғи олтинга тенг замин эканлигига хонадонлардаги тотувлик, меҳр-оқибат, шунинг баробарида тозалик ва озодалик фаришталарининг меҳнати ҳам муҳим ўрин тутаётгани таҳсинга лойиқ.

- Шаҳримиз кўчаларига қарасангиз,ҳавас уйғотадиган даражада тоза, озода. Ҳаммаёқ супуриб-сидирилган, - дейди Қарши шаҳарҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Райхон Шерова. - Баҳор фасли, ободонлаштириш ойлиги бўлгани сабаб озодалик фаришталарининг юмуши бошқа фаслларга қараганда анча-мунча ортган. Негадир уларни келинчакларга ўхшатаман. Эътибор берган бўлсангиз, бирон маҳаллага янги келин тушгандан сўнг шу ­хонадоннинг атрофи эрта тонгдан сув сепилиб, супурилган бўлади. Шаҳарга келган янги меҳмон ҳам бундай озодаликни кўриб ичида “Ҳа, бу уйга яқинда келин келибди-да”, деб қўяди. Шу маънода озодалик фаришталари ҳам Ватанимизнинг доимий келинчакларидир десак, асло хато бўлмайди. Халқимизнинг “Обод жойда барака, унум бўлади”, “Сариштали маскан - фариштали маскан” деган пурмаъно иборалари аждодлардан авлодларга ўтиб келаётгани ҳам бежиз эмас.

Касбидан файзу барака топа­ётган опа-сингилларимизга доимо қўлларингиз меҳнатдан толмасин, қалбларингиздан меҳр, юзларингиздан нур ёғи­либ турсин, деймиз. Байра­мин­гиз муборак бўлсин, азизлар!

Шоҳиста БОЗОРОВА