"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 июнь, чоршанба.

ҚАРШИ ШАҲАР ИИБ ТОМОНИДАН ЖИНОЯТ ҲАҚИДАГИ АРИЗАЛАР НЕГА ЎЗ ВАҚТИДА КЎРИБ ЧИҚИЛМАГАН?

Жамият
Tipografiya

Ижро интизоми

ҚАРШИ ШАҲАР ИИБ ТОМОНИДАН ЖИНОЯТ ҲАҚИДАГИ АРИЗАЛАР НЕГА ЎЗ ВАҚТИДА КЎРИБ ЧИҚИЛМАГАН?

Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Қарши шаҳар ички ишлар бошқармасида жиноятлар ҳақидаги ариза ва хабарларни қайд қилиш, кўриб чиқиш, ҳал қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси талабларига амал қилиниши қонунийлиги юзасидан текшириш ўтказилди.

Аниқланишича, Қарши шаҳар ИИБда ариза ва хабарларни рўйхатга олиш Шакл-1 китобида жорий йилнинг дастлабки ойида 678 та жиноят ҳақидаги ариза ва хабарлар қайд этилган.

Қайд этилган мурожаатларнинг 24 таси бўйича жиноят иши қўзғатилган, 216 таси асосида суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши қўзғатиш рад қилинган. 39 та мурожаат тегишлилигига кўра бошқа идораларга йўлланган. 36 мурожаат бўйича тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун маъмурий судга юборилган.

Бироқ жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларнинг 3 таси бўйича қонуний тўхтамга келинмаган, текширув муддати прокурор рухсати билан узайтирилмаган ҳамда қонуний қарор қабул қилинмасдан сансоларликка солиб келинган. Жиноят ҳақидаги мазкур хабарлар юзасидан тезкор суриштирув тадбирлари амалга оширилмаган ҳамда Жиноят-процессуал кодекси 329-, 330-моддалари талаблари бузилиб, қонуний қарорлар қабул қилинмасдан қолган.

Маълумки,

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 329-моддасига кўра, жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар рўйхатга олиниши ва дарҳол, жиноят иши қўзғатиш учун сабаб қонунийлиги ва асослар етарли эканлиги бевосита ёхуд суриштирув органлари ёрдамида текшириш зарурати бўлган тақдирда эса, 10 суткадан кечиктирмасдан ҳал қилиниши лозим. Ушбу муддат жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар олинган пайтдан бошлаб ҳамда то ишни қўзғатиш ёки қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор чиқарулгунга қадар ёхуд терговга қадар текширув материаллари прокурорга юборилгунига қадар бўлган вақтни ўз ичига олади. Алоҳида ҳолларда терговга қадар текширув муддати суриштирувчи ёки терговчининг асослантирилган қарори, прокурор томонидан бир ойга узайтирилиши мумкинлиги белгиланган бўлса-да, Қарши шаҳар ички ишлар бошқармасида ушбу талаблар бузилган.

Аниқ мисол келтирадиган бўлсак, Қарши шаҳар ИИБ йўл-патрул хизмати инспектори О.Жовлиев томонидан етказилган О.Абдуллаева йўл-транспорт ҳодисаси туфайли тан жароҳати олиб, шифохонага тушганлиги тўғрисидаги хабар 361-рақам билан 17 январда қайд қилинган. Бироқ мазкур мурожаатни ҳал этиш муддати узайтирилмасдан 10 кунлик муддат бузилиб, 14 кун ўтган бўлса-да, қарор қабул қилинмаган.

Шунингдек, Қарши шаҳар ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими инспектори А.Шаймардонов томонидан Қарши шаҳрида яшовчи С.Нодировнинг қўл телефони олиб қўйилгани хусусидаги аризаси 2 январда қайд қилинган. Аммо орадан 20 кун ўтган бўлишига қарамай ходим тегишли қарор қабул қилмаган.

Қарши шаҳар ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими инспектори У.Холлиев томонидан Қарши шаҳар Ғафур Ғулом маҳалласида яшовчи Т.Орзиевнинг аризаси 10 январда қайд қилинган бўлса-да, муддат узайтирилмасдан 17 кун ўтганига қарамай ҳал этилмаган.

Қайд этилган қонун бузилиши ҳолатларига Қарши шаҳар ИИБда жиноятлар ҳақидаги ариза ва хабарларни қайд қилиш, кўриб чиқиш ва ҳал қилишда Жиноят-процессуал кодекси талабларига риоя қилинмаслиги, ИИБ ходимлари устидан етарлича назорат ташкил қилинмаётгани сабаб бўлган.

Ўз-ўзидан аёнки, мазкур қонун бузилишларини зудлик билан бартараф этиш, айбдор ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўриш ва бу борада қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олиш лозим бўлади. Акс ҳолда жамият ва давлат, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказилиши мумкин.

Жамшид АВАЗОВ, Қарши шаҳар прокурори ёрдамчиси

 

Улуғбек МУҲАММАДИЕВ, Қарши шаҳар прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи