"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

19 июнь, чоршанба.

ЧЕГАРА ЁПИҚЛИГИ БОИС ОТА-ОНАМНИНГ ЖАНОЗАСИГА ҲАМ БОРОЛМАГАНМАН

Жамият
Tipografiya

Муносабат

ЧЕГАРА ЁПИҚЛИГИ БОИС ОТА-ОНАМНИНГ ЖАНОЗАСИГА ҲАМ БОРОЛМАГАНМАН

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қўшни Тожикистон Республикасига давлат ташрифи доирасида икки қардош халқ яшовчи мамлакатлар ўртасида йиллар давомида йиғилиб қолган қатор муаммолар ўз ечимини топди. Эндиликда халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланади. Бу борада тегишли ҳужжатлар имзоланди. Айниқса, чегаралардаги ўтказиш пунктлари фаолияти қайта йўлга қўйилгани биз, оддий фуқаролар учун катта воқеа бўлди.

1985 йилда Тожикистондан Қарши шаҳрига келин бўлиб тушганман. Қариндош-уруғларимнинг барчаси Тожикистонда. Шу пайтгача тўй-маросимларга келиб-кетиш ёки шунчаки меҳмонга боришда қатор муаммоларга дуч келардик. Ўтказиш пунктларидаги расмиятчиликлар, қоғозбозлик салкам икки ойга чўзиларди. Ана шундай қаттиқ тартиб туфайли ота-онамнинг жанозасида қатнашиш ҳам насиб этмаган - нақ бир ой кечикиб борганман.

Икки қардош давлат раҳбарларининг  саъй-ҳаракатлари билан бу каби муаммолар барҳам топди. Чегара постларининг очилиши икки томон фуқароларининг эмин-эркин, ортиқча оворагарчиликларсиз борди-келди қилишлари учун катта қулайлик яратди.

Чегара ёпиқ бўлгани учун мана қарийб икки йилдан бери қариндошларимни кўролганим йўқ. Ҳар йили уй-рўзғор ташвишларидан ортиб, икки-уч кунга қариндошларимизникига бориб келишга отланамиз, бироқ ҳужжат тайёрлаш билан боғлиқ ортиқча расмиятчиликлар бунга монелик қиларди. Аллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, ҳаммаси ўз жойига тушди. Яратилган бундай қулайликдан бошимиз кўкка етди.

Ўзбек ва тожик халқлари қадимдан аҳил-иноқ яшаб келишган. Динимиз, урф-одатларимиз бир. Қуда-андалик борасида тарихи узоқ йилларга бориб тақаладиган яхши анъаналаримиз бор. Ана шу анъаналаримиз қайта тикланганидан, қардошлик ришталари янада   мустаҳкамланаётганидан хурсандмиз. Бу икки халқнинг яқин қўшничилиги, дўстлигига ҳеч қачон кўз тегмасин! 

 

Мақсуда РАУПОВА, Қарши шаҳри