"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 сентябрь, чоршанба.

ВИЛОЯТДА ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШ БОРАСИДАГИ ФАОЛИЯТ ҚОНИҚАРЛИМИ?

Жамият
Tipografiya

Қўшма мажлис

ВИЛОЯТДА ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШ БОРАСИДАГИ ФАОЛИЯТ ҚОНИҚАРЛИМИ?

Вилоят ҳокимлигида Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси ва халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда давлатимиз раҳбари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича секторлар кесимида ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва жамоатчилик ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.

Тадбирни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев кириш сўзи билан очди. Видеоселектор тарзида ташкил этилган мажлисда депутатлар, сенаторлар, туман, шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, секторлар раҳбарлари иштирок этди. Мажлисни шаҳар ва туманлар студиялари орқали фаоллар, кенг жамоатчилик вакиллари кузатиб борди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Республика комиссияси аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раисининг ўринбосари Баҳодир Деҳқоновнинг вилоятда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари юзасидан ахбороти тингланди.

Қайд этилганидек, вилоятда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида муайян ишлар қилинган. Натижада 2017 йил якунига кўра, вилоятда барча соҳаларда содир этилган жиноятлар 23,4 фоиз, яъни 1371 тага, безорилик 46,8 фоизга, номусга тегиш 46,7 фоизга, талончилик 38,3, товламачилик 31,8, босқинчилик 15, ўғрилик 11,8, қотиллик 10,3 фоизга камайган.

Вилоятнинг 61 та маҳалласида бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Бунда "Ўз маҳалламни ўзим    асрайман", "Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак" мазмунидаги тарғибот тадбирлари самара берганини таъкидлаш жоиз. Ўз навбатида 155 та маҳаллада жиноятлар 2016 йилга нисбатан ошгани бу борада ҳали қилинажак ишлар кўплигини кўрсатади.

Жиноят турлари туман (шаҳар)лар кесимида таҳлил қилинганда, вояга етмаганлар, гуруҳлар, ишламайдиганлар, аёллар томонидан содир этилган жиноятлар ўсгани  ойдинлашди.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича ишлар тизимли бажарилмагани боис нохуш ҳодисалар рўй берган.

Давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йилда ўз жонига қасд қилиш 11,6 фоизга камайган (2016 йилда 225, 2017 йилда 199 киши ўз жонига қасд қилган). Бироқ ўз жонига қасд қилганларнинг 23 нафарини ёки 11,6 фоизини вояга етмаганлар, 103 нафарини ёки 51,8 фоизини аёллар ташкил этиши хотин-қизлар қўмиталари, Ёшлар иттифоқи вилоят, туман (шаҳар)лар кенгашлари бу бўйича талаб даражасида иш олиб бормаётганини кўрсатади. Жорий йилнинг 2 ойида 38 та шундай нохуш ҳолат рўй берган бўлса, улар субъектларининг 6 нафарини вояга етмаганлар, 24 нафарини аёллар ташкил этади.

Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий маркази, профилактика инспекторлари томонидан қилинган ишлар етарли эмаслиги оқибатида аёллар томонидан жиноятлар содир этилишига йўл қўйилган.

Мисол учун, Қарши туманида яшовчи Н.Ашурова 2017 йилнинг 26 март куни шаръий турмуш ўртоғи Т.Раҳимов   билан келиб чиққан ўзаро жанжал оқибатида, уни пичоқлаб қасддан ўлдирган.

Ички ишлар органларида одам савдоси, жинсий эркинлик ва ахлоққа қарши ҳуқуқбузарликлар содир қилганлиги учун 284 нафар шахс ҳисобга олинган бўлиб, уларнинг 42,6 фоизини ёки 121 нафарини аёллар ташкил этади.

Масалан, Қарши туманида яшовчи ишсиз М.Абдиева ва З.Музропова жорий йилнинг 4 март куни Нишон маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси бўлган Н.Қурбонованинг 2018 йил 25 февралда туғилган чақалоғини 3 миллион сўмга сотган.

Ёки Яккабоғ туманида яшовчи вақтинча ишсиз Г.Каримова уйида мунтазам равишда қўшмачилик билан шуғулланиб келган.

Айрим ҳудудларда таълим муассасалари, Ёшлар иттифоқи ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларнинг ички ишлар идоралари билан ҳамкорлиги самарали бўлмагани оқибатида вояга етмаганлар томонидан 2017 йилда 99 та, 2018 йилнинг 2 ойида 5 жиноят содир этилган.

Соғлиқни сақлаш муассасаларида ҳисобда турган спиртли ичимликка ружу қўйган, гиёҳванд ва руҳий касал шахсларни мажбурий даволаш муассасаларига жойлаштириш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган.

Қўшма мажлисда сектор раҳбарлари - вилоят ҳокими, вилоят прокурори, ички ишлар ҳамда давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлари юзасидан ҳисоботи эшитилди. Мазкур йўналишда қилиниши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш, айни масалада доимий депутатлик назорати таъминланиши таъкидланди.

Шунингдек, "профилактика куни" тадбирларининг натижадорлигини ошириш мақсадида ҳар бир идора кесимида мазкур тадбирнинг қаерда, кимлар иштирокида ва қандай тартибда ўтказилиши бўйича алоҳида қўлланма ва режа ишлаб чиқиш, жиноят юз бермаган маҳалла раислари, "Маҳалла  посбони" жамоатчилик тузилмаси сардорлари, маҳалла посбонлари, кўчабошилар ва фаоллар, профилактика инспекторларини рағбатлантириш, жойларда осойишталикни таъминлаш мақсадида туну кун фаолият кўрсатувчи "ҳаракатдаги гуруҳлар"ни шакллантириш, маҳалла идораларида 500 дан 1000 тагача китоб фонди бўлган, ўқиш хоналарига эга кутубхоналар ташкил этиш каби тавсиялар берилди.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Республика комиссияси раиси Ниғматилла Йўлдошев иштирок этди.

Б.ЎКТАМ