"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

2 ОЙДА 403 ОИЛАГА ДАРЗ КЕТДИ, НЕГА?

Жамият
Tipografiya

2 ОЙДА 403 ОИЛАГА ДАРЗ КЕТДИ, НЕГА?

Жорий йилнинг дастлабки икки ойида вилоятда оилавий ажримлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9 тага кўпайиб, 403 тани ташкил қилди. Ваҳоланки, шу давр ичида 402 оилада ажримларнинг олди олинишига эришилган.

 Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросига бағишлаб вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилган.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, оилавий ажримлар сонидаги ўсиш бўйича “етакчи”ликни Миришкор тумани қўлга олган. Кўрсатиб ўтилган даврда ҳудудда 19 та “қўрғон”га дарз кетган. Мос даврга нисбатан бу борадаги ўсиш 17 ажримни ташкил этмоқда.

Кейинги ўринда Чироқчи тумани бормоқда. Бу ҳудудда январь-февраль ойларида 40 та оилавий ажрим қайд этилган, ҳеч кимни хурсанд этмайдиган ўсиш кўрсаткичи эса 11 та.

Шунингдек, ушбу давр ичида Китоб туманида 58 та (ўсиш 9 та), Нишон туманида 16 та (ўсиш 7 та), Ғузор туманида 16 та (ўсиш 7 та) оилавий ажримлар ҳисобга олинган.

Олиб борилган ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу ажримларнинг 145 тасига эр-хотин, қайнона ва келин ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб бўлган.  89 та ҳолатда эса эр бошқа аёлга уйлангани ёки узоқ муддат хорижга чиқиб кетгани оилага дарз кетиши омили бўлиб хизмат қилган. Бефарзандлик 76 ҳолатда оилавий муносабатлар ниҳояланишига олиб келган. 17 киши эса ичкиликка ружу қўйгани боис муқаддас оила қўрғонини сақлаб қололмаган бўлса, қолган ажримларга ҳам шу каби турли маиший муаммолар сабаб бўлган.

Йиғилишда ажримларни камайтириш, оилаларни мустаҳкамлаш, эр-хотин муносабатларига оид низоларнинг олдини олиш, сабабларини ўрганиш ва ёшларни оилага тайёрлаш борасидаги ишлар самарадорлигини кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Муҳокамалар асосида йиғилиш қарор қилди ва унга биноан Оилавий ажрим ва низоларнинг олдини олиш, улар сабабларини ўрганиш, оилаларни яраштириш бўйича вилоят ишчи гуруҳи ва унинг жойларда яраштирув муҳокамаларини ўтказиш жадвали тасдиқланди. Мутасаддиларга оилаларни мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.                    

  Ўз мухбиримиз