"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июль, душанба.

ЧЕТ ЭЛДА ИШЛАБ, ЎЗБЕКИСТОНДА ПЕНСИЯ ОЛИШ МУМКИНМИ?

Жамият
Tipografiya

Сўраган эдингиз

ЧЕТ ЭЛДА ИШЛАБ, ЎЗБЕКИСТОНДА

ПЕНСИЯ ОЛИШ МУМКИНМИ?

Кимдир узоқ йиллар давомида чет элда ишлайди. Яна биров ҳовлисида қорамол боқиб, уни даромад манбаига айлантиради. Хуллас, бекор ўтирмайди. Унинг бу фаолиятидан давлатга ҳам маълум маънода наф келади. Харид, сотиш ва ҳоказолар каби.

Бироқ бу тоифадаги ишчилар пенсия ёшига етганда асосий муаммога дуч келишади. Чунки вақтида турли солиқлар тўланмаган, стаж йўқ. Бироқ қонунчилигимизда бу борада ҳам муҳим тартиб-таомиллар борки, улардан бохабар бўлиш фақат фойдага хизмат қилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Бойсари ЖЎРАЕВ қуйидагиларни маълум қилди:

- Бу борадаги муносабатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги "Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 46-сонли Қарори асосида тартибга солинади, - дейди Б.Жўраев.  - Ушбу Низом чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс, якка тартибдаги тадбиркор, якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимлар, деҳқон хўжалиги бошлиғи, деҳқон хўжалиги аъзоси, оилавий тадбиркорлик субъекти оиласи аъзоси, солиқ агенти ҳисобланмаган иш берувчидан даромад олувчи ходим ва шахсий ёрдамчи хўжаликларда қорамол боқиш ва етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш билан банд бўлган жисмоний шахсларнинг Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш тартиби ҳамда пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш стажи ва иш ҳақи миқдорини ҳисоблаб чиқиш тартибини белгилайди.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи (ваколатли органдан рухсатнома олган ҳолда ишловчи) шахс Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ихтиёрий равишда, бироқ белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда тўлайди.

Якка тартибдаги тадбиркор ва деҳқон хўжалиги аъзоси ўзи учун ўзидаги мавжуд имкониятлардан ва пенсия билан таъминланишнинг миқдоридан келиб чиқиб, Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда, бироқ Солиқ кодексининг 311-моддасида белгиланган суғурта бадаллари энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда белгилайди.

Оилавий тадбиркорлик субъектининг ҳар бир аъзоси, шунингдек, меҳнат шартномаси бўйича якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ҳар бир ходим учун Пенсия жамғармасига ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали тўланади.

- Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахслар бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган тақдирда уларга қандай ҳуқуқлар берилади?

"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқи пайтида уларнинг суғурта бадаллари тўлаган даври меҳнат стажига қўшилади.

- Мазкур суғурта бадаллари қанча миқдорда ва қандай тартибда тўланади?

Юқоридаги тоифага мансуб кишилар мавжуд имкониятларидан, пенсиянинг ўзи истайдиган миқдоридан келиб чиқиб, суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда тўлайди.

Бироқ, чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс, якка тартибдаги тадбиркор, оилавий тадбиркорлик субъекти тўлайдиган бадал энг кам миқдори Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан, якка тартибдаги тадбиркор ёллаган ходим, оилавий тадбиркорлик субъекти аъзоси тўлайдиган бадал энг кам миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан, деҳқон хўжалиги бошлиғи ва шахсий томорқада қорамол етиштирувчи тўлайдиган бадал энг кам миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 4,5 баробаридан, солиқ агенти ҳисобланмаган иш берувчидан даромад олувчи ходим тўлайдиган бадал энг кам миқдори ҳар ойлик даромадининг 8 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс томонидан суғурта бадалларини тўлаш ҳар ойда ёки ҳар чоракда ёки бир йўла - Ўзбекистон Республикасига келган кунидан бошлаб уч ой мобайнида амалга оширилиши мумкин. Якка тартибдаги тадбиркор ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзолари томонидан - ҳар ойда, тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг 25-кунидан кечиктирмай тўланади. Деҳқон хўжалиги аъзоси томонидан - ҳисобот йилининг 1 октябригача тўланади. Солиқ агенти ҳисобланмаган иш берувчидан даромад олувчи ходим томонидан ҳар йили ўтган йил учун 1 апрелга қадар декларация топшириб, 1 июнга қадар доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ органларига хизмат кўрсатаётган банкларда очилган пенсия жамғармасининг тегишли даромад транзит ҳисоб рақамларига тўланади.

- Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг меҳнат стажлари қандай юритилади?

- Меҳнат дафтарчаси уларнинг доимий яшаш жойи бўйича пенсия жамғармаси бўлимида фаолиятни амалга оширишнинг бутун даври давомида сақланади ва юритилади. Агар деҳқон хўжалигидаги меҳнат ёки якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти фуқаро учун қўшимча ҳисобланса, унинг меҳнат дафтарчаси асосий иш жойида юритилади.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.