"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июль, душанба.

51 ТА ҚОТИЛЛИК ЖИНОЯТИГА ҚАНДАЙ САБАБЛАР ЙЎЛ ОЧДИ?

Жамият
Tipografiya

Мониторинг ва натижа

51 ТА ҚОТИЛЛИК ЖИНОЯТИГА ҚАНДАЙ САБАБЛАР ЙЎЛ ОЧДИ?

Ўтган йили вилоятда соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турган 4 минг 235 нафар шахснинг 77,5 фоизи, жумладан, 3 минг 746 сурункали ичувчининг 617 нафари, 73 гиёҳванддан 21 нафари, 279 тажовузкор руҳий касалдан 167 нафарининг мажбурий даволаниши таъминланмаган. Вилоят наркология шифохонасига яқин қариндошларининг аризасига кўра олиб келинган шахсларни даволамасдан уйига қайтариб юбориш ҳамда белгиланган тартибда ҳужжатлаштирмаслик ҳолатларига йўл қўйилган. Оқибатда ушбу тоифадаги шахслар томонидан оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир қилинган.

Шу билан бирга, юқумли касалликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар ҳам ўз самарасини бермаган. 2017 йилда ОИВ касаллиги 183 тани ташкил қилиб, Косон, Китоб, Ғузор, Касби ва Қамаши туманларида кўпайган.

Бу ҳақда Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма қарорида сўз боради.

Аввал хабар берганимиздек, мазкур қўшма қарор Республика комиссиясининг минтақавий Ишчи гуруҳи томонидан вилоятда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари асосида қабул қилинди.

Унда акс этган рақамлар бу борада ҳали қилинажак ишлар кўплигини кўрсатади. Хусусан, 2017 йилда вилоятда содир этилган умумий жиноятларнинг 393 таси муқаддам судланганлар томонидан содир этилган. 51 та қотиллик (шундан 5 таси суиқасд) жиноятининг 18 таси (Косон, Китоб, Миришкор, Деҳқонобод ва Муборак туманларида 1 тадан, Қарши ва Қамашида 2 тадан, Қарши шаҳри, Шаҳрисабз ва Чироқчида 3 тадан), яъни 35 фоизи оила-турмуш доирасидаги низолар оқибатида, ака-ука, эр-хотин, қайнона-келин ва қўшнилар ўртасида содир этилган.

Ўтган йилда вилоятда ҳуқуқбузарликлар сони 41 фоизга кўпайган. Шахсларни профилактик ҳисобга олиш, улар билан ишлаш борасида ҳам жиддий камчиликларга йўл қўйилган. Профилактик ҳисобда турган муқаддам судланганлардан 51 нафарининг, жумладан, Яккабоғ, Қамаши ва Муборакда 2 нафардан, Қарши, Шаҳрисабз, Чироқчи, Нишон ва Деҳқонобод туманларида 3, Ғузор, Китоб, Касби, Миришкорда 4 нафардан, Косонда 6, Қарши шаҳрида 8 нафарининг бандлиги таъминланмаган.

Профилактик ҳисобда турган шахслар томонидан 23 та жиноят содир этилган бўлиб, бу борадаги рақамлар Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Ғузорда ошган.

Маъмурий назоратга олинганлар билан ишлаш бўйича юритилаётган маъмурий назорат йиғма жилдлари устидан идоравий ва прокурор назорати лозим даражада ўрнатилмаган. Жумладан, Косон ва Қарши туманида маъмурий назорат остида турганларнинг маъмурий назорат қоидаларига ва белгиланган чекловларга риоя қилаётгани ҳар ойда камида икки мартадан текшириб борилмаган, айримларининг бандлиги таъминланмаган ҳамда бармоқ излари олинмаган.

Жазони ижро этиш инспекцияси ҳисобида турганларнинг 2 нафари ўғрилик жиноятини қайта содир этган. Озодликдан маҳрум этиш жазоси билан боғлиқ бўлмаган жазони ўтишдан бўйин товлаётганларнинг 28 нафари ҳозирда қидирувда.

Тезкор-қидирув фаолияти етарли даражада олиб борилмаганлиги оқибатида ўтган йилда ва жорий йилнинг икки ойида содир этилган умумий жиноятларнинг тегишли равишда 7,1 (9,1), жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятларнинг 10,3 (13,3) фоизи фош этилмаган. Жиноят-қидирув йўналишида фош этилмаган жиноятларнинг 88 (92,8) фоизини ўғрилик ташкил қилган.

2017 йилда суд ва терговдан яширинган ва қидирувда бўлган 1 минг 177 нафар жиноятчининг 51,7 фоизи, жорий йил 2 ойида эса 818 нафар жиноятчининг 83,4 фоизи ушланмаган. Айрим туман-шаҳар ИИБларида тезкор-қидирув тадбирлари етарли даражада олиб борилмаган.

Диний экстремизм йўналиши бўйича қидирувда бўлган 270 нафар шахсдан Қарши ва Яккабоғ туманларида 1 нафардан, Қарши шаҳрида 2 нафари ушланган бўлса, қолган шаҳар-туманларда бирорта ушбу тоифадаги қидирувдагилар ушланмаган.

7 мурданинг шахси аниқланмаган. Бедарак йўқолган 21 кишидан 12 нафари топилмаган.

ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимлари томонидан маҳаллаларга киритилган тақдимномаларда жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар аниқланмаган, уларни муҳокама этиш амалиёти талабга жавоб бермайди. 2017 йилда киритилган 274 та тақдимноманинг 34 таси бўйича жавоб олинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғи ва Сенат комиссияси қарорларига кўра, жиноятларни содир бўлган куни ёки эртаси куни кечиктирмасдан кенг жамоатчилик иштирокида маҳаллада муҳокама қилиш, профилактика инспекторларининг профилактика фаолияти ҳақида ҳисоботини эшитиш фаолияти тўғри йўлга қўйилмаган.

Қамашидаги Қизилтепа, Нишондаги Улуғбек, Байналминал, Қарши туманидаги Мирмирон, Косондаги Равот, Оралиқ, Шаҳрисабздаги Қутчи, Китобдаги Варганза маҳаллаларида жиноятлар муҳокамаси, профилактика инспекторларининг ҳисоботларини эшитишга оид баённомалар тўлиқ мавжуд эмас ёки шаблон тариқасида номига расмийлаштирилган.

Чет элда бўлиб қайтган ва тиббий кўрикдан ўтказилган 45 минг 44 кишининг 55 нафарида юқумли касалликлар аниқланган, яъни 40 нафари ОИТС, 11 нафари сил ва 4 нафари бошқа касалликлар билан хасталанган.

Айрим ҳудудларда таълим муассасалари, Ёшлар иттифоқи ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларнинг ички ишлар идоралари билан ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида, вояга етмаганлар томонидан 2017 йилда 99 та, 2018 йил 2 ойида 5 та жиноят содир этилишига йўл қўйилган.

Хусусан, вояга етмаганлар томонидан 1 та қасддан оғир тан жароҳати етказиш, 2 тадан безорилик ва номусга тегиш, 4 та талончилик, 66 та ўғрилик ва 24 та бошқа турдаги жиноятлар, 2018 йилда эса 1 тадан безорилик ва 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, 3 та ўғрилик жиноятлари содир этилган.

Халқ таълими тизимидаги таълим-тарбия, фарзандлар иродасини мустаҳкамлаш, руҳий ва ақлий камолотини юксалтириш борасида камчиликларга йўл қўйилганлиги оқибатида вояга етмаганлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари 23 тани ташкил қилиб, ушбу кўрсаткич Қарши, Ғузор ва Қамаши туманларида кўпайган.

Умуман олганда, вилоятда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасидаги фаолият натижалари шулардан иборат. Кўриб турганингиздек, бу даража билан мақтаниб бўлмайди. Шунга кўра, қўшма қарорда айни йўналишдаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор чора-тадбирлар белгиланганки, уларнинг амалда ижро этилиши соҳага алоқадор барча мутасаддилардан янада масъулиятли ва жавобгарликни ҳис этган ҳолда ишлашни тақозо этади.

 

Б.ЎКТАМ