"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 апрель, жума.

ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ ИЖРОСИ НЕГА ҲАЛИГАЧА ТАЪМИНЛАНМАГАН?

Жамият
Tipografiya

Тадбир

ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ ИЖРОСИ

НЕГА ҲАЛИГАЧА ТАЪМИНЛАНМАГАН?

  Кичик саноат зонаси бир нечта тадбиркорлик субъектининг бир жойда самарали фаолият юритишини ташкил этиш учун қулай механизмдир. Унинг энг афзал томони ягона муҳандислик-коммуникация тармоғи, зарур инфратузилмага эга бўлишидир. Албатта, бу жараён тадбиркорга ҳеч бир монеликсиз, муаммога дуч келмай ишлашига кенг шароит яратиб беради. Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 3 июлдаги “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қароридан ҳам шу мақсад кўзланганди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, юртимизнинг бир қанча ҳудудларида, жумладан, вилоятимизнинг Қарши шаҳри, Шаҳрисабз ҳамда Нишон туманларида кичик саноат зоналари барпо этилди. Аҳамиятлиси, қисқа вақт ичида ушбу ҳудудларга ташаббускор тадбиркорларни жойлаштириб, харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатишга киришилиши лозим эди. Аммо орадан қарийб 4 йил ўтиб ҳам бу борада сусткашликка йўл қўйилгани қарор ижроси тўлиқ таъминланмай қолишига сабаб бўлмоқда.

Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - O’zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари шундан далолат бермоқда. Бу ҳақда депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида айтиб ўтилди.

Таъкидландики, Қарши шаҳри, Шаҳрисабз ҳамда Нишон туманларида ташкил этилган кичик саноат зоналарида иш бошлаши зарур бўлган 28 та тадбиркорлик субъектининг фақат 15 таси бугунги кунда фаолият кўрсатиб келмоқда. Натижада аввалдан белгиланган 215 та янги иш ўрни тўлиқ яратилмай қолган. Кичик саноат зоналаридаги ер майдонлари тадбиркорларга 2014 йилда ажратилганига  қарамай  ҳанузгача кириш йўллари асфальтланмаган, фаолиятни амалга оширишда айрим камчилик ва муаммолар мавжуд. Жумладан, муҳандислик-коммуникация   тармоқлари қурилмаган, табиий газ  ва ичимлик суви, канализация  тизими  тўлиқ йўлга қўйилмаган.

- Биргина Қарши шаҳридаги кичик саноат зонаси мисолида айтадиган бўлсак, бу ерда 12 та субъектни жойлаштириб, 91 янги иш ўрни яратилиши лозим эди,  - дейди O’zLiDeP вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири Сарвар Бекмуродов. - Бироқ амалда 36 кишининг бандлиги таъминланган, холос. Бугунги кунда бор-йўғи 4 корхона томонидан маҳсулот ишлаб чиқарилаяпти. Қолган лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши эса ҳанузгача кечикаяпти.

Ушбу кичик  саноат  зоналарининг фаолияти  юзасидан  Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари ҳамда Нишон, Шаҳрисабз туман ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган кичик саноат зоналарини  бошқариш дирекцияси раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди. Масъуллар аниқланган камчиликларни тез фурсатда бартараф этишга ваъда беришди.

Йиғилиш якунида мазкур кичик саноат зоналарида жойлаштирилган айрим тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилишига йўл қўймаган муаммоларни кечиктирмасдан ҳал этиш ҳамда бу масалани Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси муҳокамасига киритишга қарор қилинди. 

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ