"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 апрель, жума.

БУЮК АЖДОДЛАРГА МУНОСИБ ВОРИС БЎЛИШ ИСТАГИ

Жамият
Tipografiya

Ёшлар ва давр

БУЮК АЖДОДЛАРГА МУНОСИБ ВОРИС БЎЛИШ ИСТАГИ

ҳар бир ёшни мардлик ва матонат, жасорат ва халқпарварлик сари бошлайди

Кеча Шаҳрисабз шаҳрида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 682 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида “Аждодларга муносиб ворис бўлайлик!” шиори остида илмий-амалий конференция ва спортнинг бир қатор турлари бўйича республика очиқ турнири ўтказилди.

Тадбирлар эрта тонгдан  Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва “Ёшлар марафони” югуриш мусобақасидан бошланди.

Айтиш жоизки, Соҳибқирон маънавий баркамоллик қаторида жисмоний етукликка ҳам алоҳида эътибор қаратган. Манбалардан унинг жисмонан жуда бақувват бўлгани маълум. Хусусан, тарихчи ибн Арабшоҳ Амир Темурни жисму жасади келишган, қадди тик, қадимги паҳлавонлар мисоли, дея тасвирлайди. Архиепископ Иоанн эса “Амир Темур ва унинг саройи ҳақидаги хотиралар” асарида Соҳибқиронга кучли, айни пайтда шижоатли ва ғайратли кишиларни хуш кўради, деб таъриф беради. Ёшликдан чавандозлик, камондан ўқ отиш, қиличбозлик каби машғулотлар билан шуғулланиб, ўзини чиниқтириб боргани ҳолда кейинчалик қўшини таркибидаги йигитларнинг ҳам жисмонан баркамоллигига алоҳида эътибор қаратган, бунинг учун етарли шароит яратиб берган.

Муносиб ворислик тимсоли сифатида эса Амир Темур хиёбонида Темурийлар даври ва ҳаётини акс эттирувчи  театрлашган томошалар, спортнинг кураш, қиличбозлик, ўзбек жанг санъати ҳамда камон ва пневматик милтиқдан ўқ отиш бўйича мерганлик спорт мусобақалари ўтказилди.

- Бугунги тадбирларни кузата туриб, Соҳибқирон кўзда тутган авлодлар қандай бўлиши кераклиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлдим, - дейди Жамшид Саидов. – Агар одам жисмонан чиниққан бўлса, теран фикрлай олади, яъни    соғлом одамдан соғлом фикр чиқади. Мен ҳам тенгдошларим қатори югуриш мусобақасида қатнашдим, бошқа тадбирларни кузатдим. Айниқса, кураш мусобақаларидан олган таассуротларим кўп. Ёши улуғ отахонларнинг маҳорати, шу ёшдаги жисмоний қуввати аждодларимизнинг куч-қудратидан намуна, десак адашмаймиз.

Туман ҳокимлиги мажлислар залида ёшлар, бошланғич ташкилот етакчилари, ҳарбийлар, “Жасорат” клуби аъзолари иштирокида Амир Темур ва темурийлар тарихини ўрганишга оид илмий-амалий конференция ташкил этилди. Тарихчи-олимлар томонидан Соҳибқирон юритган сиёсат, у “Тузуклар”ида қарийб 7 аср илгари айтган фикрлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани аниқ тарихий далиллар билан тушунтирилди.

- Соҳибқироннинг буюклигини “Темур тузуклари”нинг жуда кўп ўринларида кўриш мумкин, - дейди Шаҳрисабз педагогика коллежи ўқувчиси Ҳикматой Акрамова. – Масалан, у ўз салтанатидаги олимлар, фозил кишиларни суюрғол, вазифа ва ойлик билан сийлашни буюрган. Фақир ва мискин, ногиронларга нафақа тайин этиб, мударрис ва шайхларга маош белгилаган. Шунинг ўзиёқ буюк Соҳибқироннинг халқпарварлигидан, илм аҳлини юксак қадрлаганидан далолат.

Ёшлар, шунингдек, “Темур тузуклари билимдони” танлови орқали ўз билимларини синовдан ўтказишди.

Спорт мусобақалари ва танловда ғолибликни қўлга киритган ёшлар Ёшлар иттифоқининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.