"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 сентябрь, жума.

САЁҲАТ КИШИГА ЗАВҚ БЕРАДИ...

Жамият
Tipografiya

Ички туризм

САЁҲАТ КИШИГА ЗАВҚ БЕРАДИ...

Ҳар гўшанинг ўз жозибаси, ҳар манзилнинг тарихий аҳамияти ва муқаддас қадамжолари бор. Улар ҳақидаги маълумотлар билан танишиш, бориб кўриш, зиёрат қилиш эса кишига завқ улашади, ҳайратини оширади. Буюк аллома Ҳаким ат-Термизий бобомиз мангу қўним топган муқаддас гўша - Термиз шаҳри ҳам ана шундай манзиллардан бири.

Бу ер нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сайёҳлар учун ҳам эътибордаги  маскан. Яқинда "Қарши халқаро аэропорти" давлат унитар корхонаси маъмурияти ҳамда касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан нафақадаги собиқ ходимлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ташкилотдаги аъзолари учун ушбу қадимий шаҳарга саёҳат уюштирилди. 

Саёҳат давомида даставвал буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий, сўнгра ислом дунёси машҳурларидан бири Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбаралари зиёрат қилинди. Кейин Термиз шаҳридаги музейлар, қадимий обидалар томоша қилинди, улар ҳақида маълумотлар олинди. Бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳам саёҳатчилар эътиборидан четда қолмади.

Таъкидлаш ўринлики, Президентимизнинг "Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Термизда ҳам катта ишлар қилинибди, тарихий манзиллар атрофида маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун қулай шароит яратилмоқда. Ушбу тарихий манзилдан олам-олам таассуротлар билан қайтган саёҳатчиларимиз юз-кўзларидан маълумки, бундай тадбирлар киши  дунёқарашини ўзгартиради, юртга бўлган садоқатини юксалтиради, меҳрини оширади, аждодларга нисбатан ҳурмат ҳиссини кучайтиради.  

Дилафруз ДАДАХОДЖАЕВА,

"Қарши халқаро аэропорти" давлат унитар

корхонаси мутахассиси