"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июль, душанба.

ЧОЙХОНА, ГЎШТ ДЎКОНИ ВА БОҒЧА...

Жамият
Tipografiya

ЧОЙХОНА, ГЎШТ ДЎКОНИ ВА БОҒЧА...

уларни бир-бирига нима боўлаб турибди?

Косон тумани марказида бир чойхона бор. Анча вақтдан буён фаолият кўрсатаётган бу субъектни кўпчилик билади. У ерда турли таомлар билан биргаликда, спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари ҳам сотилади.

Табиийки, чойхона бўлгач, бу ерда шунчаки тамадди қилиб кетадиганлар ҳам, дўст-яқинлари билан улфатчилик қиладиган, спиртли ичимликлар таъсирида ўзини назорат қила олмай, турли қўпол сўзлар билан бир-бирини “сийлаб” қоладиганлар ҳам бўлади.

Биз тадбиркорнинг ишига қарши эмасмиз. Қонун асосида фаолият юритаётган экан, майли юритаверсин. Унда муаммо нимада, дейсизми? Муаммо - ҳудуддаги 11-сонли мактабгача таълим муассасасининг ана шу чойхонага туташиб кетгани, ҳатто уларни ажратиб турадиган  деворнинг ҳам йўқлигида. Ўртадаги чегарани белгилайдиган темир панжара чойхонада бўладиган “улфатчилик”ларни шу ерда ўйнаб юрган жажжи болакайларнинг нигоҳидан беркита олмаслигида.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 5 октябрдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига биноан таълим, спорт муассасаларидан 500 метрдан кам радиусда­ жойлашган савдо объектлари томонидан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари реализациясига йўл қўйилмайди. 

Бу норма болаларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан турли кўнгилсизликлардан асраш, уларнинг тарбиясига салбий таъсир этиши мумкин бўлган омилларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

Хўш, ушбу талабни туман мутасаддилари, масъул ташкилотлар билмайдими? Билади, албатта. Ёки туманнинг нақ марказидаги мактабгача таълим муассасасининг чойхона ва гўшт дўконига туташ ҳолда фаолият юритаётганини кўришмаган, дейсизми?! Кўришган! Шунчаки эътиборсизлик, лоқайдлик, “менга нима” қабилида иш тутиш бу ҳолатнинг йиллар давомида бартараф этилмай келинишига сабаб бўлмоқда, холос.

Ажабланарли томони, муассаса маъмурияти ҳам бу ҳолга ортиқча эътибор қаратаётгани йўқ.

- Бу ҳақда туманнинг аввалги ҳокимига мурожаат қилувдим, - дейди мазкур мактабгача таълим муассасаси мудираси Муқаддас Хайруллаева. – Бошида эътиборсизлик қилиниб, чойхона учун шу ердан жой берилган экан. Бирор чорасини қиламиз, деганди...

Мудира агар ўзи раҳбарлик қилаётган муассасанинг рисоладагидек муҳитда ишлашига бепарволик қилмаганида, шуни қатъий талаб қилганида, бундай ҳолатга йўл қўймаган бўларди. Аслида, бугунги кунда таълим муассасасининг фаолияти ҳавас қилиб бўлмайдиган даражага келиб қолишига ҳам муассаса маъмуриятининг ана шу бепарволиги, лоқайдлиги сабаб бўлмадимикан?

Яна боғча ҳовлисидаги ҳолатга кўз югуртирамиз. Чойхона ва гўшт дўконидан ташқари бир тикувчилик цехи ҳам мактабгача таълим муассасаси ҳудуди билан очиқ туташган. Ҳовлида бир пайтлар бошланган бино қурилиши ярим битган ҳолида тўхтаб қолган. Бу ер ҳозир ташландиқ жойнинг ўзгинаси. Боғча мудирасининг айтишича, ушбу бинони бирор тадбиркорлик йўналишини йўлга қўйиш мақсадида бошлашган, бироқ  маблағ етишмаслиги натижасида якунига етмаган. Ҳовлидаги болалар ўйнайдиган кичик аттракционлар ёнига гўнг ва кўмир тўкиб қўйилганини қандай тушуниш мумкин?

40 нафардан ошиқ ходим меҳнат қилаётган муассасада 14 нафар тарбиячи болаларга таълим-тарбия бермоқда. Уларнинг 12 нафари ўрта махсус маълумотга эга, қолган икки нафар тарбиячининг маълумоти ҳам тўлиқсиз олий.

Табиийки, бундай ҳолатда муассаса фаолияти ота-оналарни қониқтирмаслиги аниқ. Агар қониқтирганида, тумандаги айрим боғчаларга болаларни жойлаштириш учун навбат юзага келаётган бир пайтда, қуввати 220 нафар болага мўлжалланган мазкур мактабгача таълим муассасаси 160 нафар тарбияланувчи билан чекланиб ўтирмаган бўларди.

Хулоса ўрнида таъкидлашни истардикки, келажагимиз эгалари бўлган болажонларимиз оиладан кейинги илк бошланғич тарбияни мактабгача таълим муассасаларида олади. Бу бўғин таълим тизимининг асосий пойдевори ҳисобланади. Соғлом генофондни, етук кадрларни тарбиялаш, аввало, шу тизимдан бошланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Президентимиз томонидан мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш,  тарбияланувчилар қамровини кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Ана шундай бир пайтда, мазкур муассасадаги қониқарсиз ҳолатнинг эътиборсиз қолдирилаётгани эса яхши эмас.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

 

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.