"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 мaй, чоршанба.

МАРДЛИК, МАТОНАТ ВА МАЖИД БОБО

Жамият
Tipografiya

Эҳтиром

МАРДЛИК, МАТОНАТ ВА МАЖИД БОБО

Эрнест Хемингуэйнинг “Алвидо, қурол” романида таъкидлангани каби дунёда урушдан кўра даҳшатлироқ нарса йўқ.

Демакки, тинчликдан ўзга бебаҳо неъмат ҳам топилмайди бу оламда. Китоб тумани Алақўйлиқ қишлоғилик, уруш кўрган Мажид бобо Хидиров эса табиийки, у кунларни ҳатто эслашни истамайди. Бу ўзи учун оғир эканини айтади.

- 9-синфда ўқиб юрганимда уруш бошланиб қолди, - дейди у ўйга толиб. – Акам ёши етиб, Украинага ҳарбий хизматга борган, ўша ердан урушга жўнатилганди. Кейин мен ҳам жўнадим. Қишлоғимиздан урушга 71 киши кетганди, 23 нафаримиз тирик қайтдик.

Мажид Хидиров собиқ Югославия, Руминияни озод қилишда қатнашади. Будапештдан ўтиб, Берлингача кириб боради. Бир неча марта бошидан, оёғидан яраланиб, госпиталга тушади. Уни меҳнат батальонига жўнатмоқчи бўлишади, бироқ у душманни қувиш аҳдидан қайтмайди. У билан изма-из укаси ҳам фронтга келган, дунё тарихидаги энг қонли уруш саналган Сталинград жангида душманга қарши ўт очарди.

Уруш тугаган бўлса-да, Мажид Хидиров уйга 1946 йилда қайтди. Унгача уруш вайроналарини бартараф этишда қатнашди.

- Ёш бўлсак-да ўлимдан қўрқмасдик, - дейди Мажид бобо. – Барибир бу дунёни тарк этаркансан, шунчаки ўлиб бўлмайди, деган фикр келади хаёлга. Демак, душмандан қасд олиб ўлиш керак. Эй, у кунларнинг номи ўчсин. Қанча сафдошларимиз кўмиқсиз кетди. Ҳозир бир одам вафот этса, минглаб одам келади, иззат билан дафн этилади. Буям бир шараф экан-да. Одамзод тарихида энг узоқ ҳикоя 1001 кеча давом этади, биласиз. Бу Иккинчи жаҳон уруши деганлари бунданам узоқ, 1428 кунга чўзилди-да. Учта-учта бўлиб бомба келарди, портлаб бировнинг оёғи, бировнинг қўлини олиб кетарди. Узилиб кетган бошнинг бир муддат гапириб турганини ҳам кўрдим. Дунёдан умиди, ҳали айтадиган гаплари бор эди-да унинг. Уруш бунга қараб ўтирмас экан.

Бугун 97 ёшга қараб кетган Мажид Хидиров 11 фарзанд, 56 невара, 108 чевара, 1 эвара қуршовида, ҳали бардам, тетик. Қуввати етганича уй юмушларига қарашади, вақтли матбуот нашрлари билан мунтазам танишиб боради.

- Ишлаган одамнинг бўлар-бўлмас нарсаларни ўйлаб ўтиришга вақти бўлмайди, - дейди уруш фахрийси. - Бўлмаса денг, урушда бошдан, оёқдан яраландим. Лекин шу жароҳатларнинг таъсирини ҳеч сезмабман. Бунга вақт бўлмабди, ишдан ортмабмиз. Нафсни тийиш, обрў учун талашиш фойда берди менга. Шунинг учун бирор марта “выговор” ҳам олмабман.

Мажид бобо ҳақида гап кўп. Энг яхшиси, бобонинг ўзидан гурунгини олиб қолиш керак. Гап уланиб, Тошкентдаги машҳур адабиётшунос укаси Мурод Хидирдан айтиб қолади, гоҳ тарихчи жияни Аброр Хидирни алқайди. Узоқ йилларнинг шиддатли, шонли воқеаларини донишмандлардай босиқлик билан ҳикоя қилиб беради. Кўп нарса оласиз, ўрганасиз.

Б.ЎКТАМ