"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 мaй, чоршанба.

НУРОНИЙЛАР ТАБАРРУК ҚАДАМЖОЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШДИ

Жамият
Tipografiya

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!

НУРОНИЙЛАР ТАБАРРУК ҚАДАМЖОЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШДИ

Ҳар манзилнинг ўз жозибаси ва тарихий аҳамияти бор. Улар билан танишиш, зиёрат қилиш эса кишига ҳайрат бағишлайди, маънавий оламини бойитади. Самарқанд, Хива, Бухоро, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарлар улуғ зотлар, алломаларга бешик бўлгани боис ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилади.

Косон туманидаги Янгиобод маҳалласи нуронийлари ҳам Самарқандда бўлган вақтларида буни якдил эътироф этишди. Отахонлар Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи, Улуғбек обсерваторияси, Шоҳи Зинда,  Ҳазрати Хизир ва Шердор, Улуғбек, Тиллакори мадрасалари жойлашган Регистон мажмуаси каби табаррук қадамжоларда бўлишди.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури юртдошларимизнинг қадимий шаҳарларимиз, тарихий қадамжолар, мафтункор табиат қўйнига интилишларига муносиб шароит ҳозирлади, - дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Косон тумани кенгаши - бош мутахассиси Нилуфар Жалилова. - Дастур ижроси доирасида туман ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими билан ҳамкорликда тузилган режага кўра 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни арафасида туманимиздаги 65 та маҳалла фахрийларининг Самарқанд, Бухоро, Нурота, Хива, Шаҳрисабз шаҳарларига саёҳати уюштирилмоқда. Масалан, ўтган ҳафтада Юксалиш, Дарча, Ҳалима, Юқори Оброн маҳаллаларидан юз нафарга яқин меҳнат фахрийси Бухоро, Ғиждувон, Нурота, Самарқанд ва Шаҳрисабзда бўлишди.

Шунингдек, сафар давомида нуронийлар бир-бирлари билан дилдан суҳбат қуришди, тарихий воқеаларни эслашди.  Буюк аждодларимиз руҳи поклари ёдга олиниб, Ватан тинчлиги ва осойишталигига шукрона келтирилди, Қуръон тиловат қилинди.

- Болалигим жуда оғир йилларга тўғри келган, турмуш машаққатларини катталар билан баравар зиммамга олганим учун беғубор болалик қувончларидан баҳраманд бўлмаганман. Бугун эса бундай ғамхўрликлардан кўнглим тоғдек кўтарилди, - дейди Ҳалима маҳалласилик кекса педагог Нашванд Ҳасанов Самарқанд шаҳридаги саёҳат таассуротларидан тўлқинланиб. - Соҳибқирон Амир Темур “Кимки қудратимизга шубҳа қилса, биз қурган иморатларга боқсин”, деганида нафақат иморатлар ҳайбатига, балки юксак ақл-заковат, илму маърифат нурларида тобланган қадим элнинг мозийга туташ сирли сарҳадларига ишорат қилган эди. Афсуски, айни қутлуғ заминда туриб, она юртимиз тарихидан, унинг тенгсиз алломалари меросидан тўла бохабар эмасмиз. “Минг эшитгандан бир кўрган яхши”, деганларидек, биз ҳам саёҳатни қутлуғ зиёратдан, ўзликни таниш синоатидан бошладик.

- “Юрган дарё, ўтирган бўйра”, дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат, узоқ йўл давомида юртимизда бўлаётган улкан ўзгаришлар худди кинолентадай кўз олдимиздан ўтиб борди, - дейди Юқори обронлик Яхшибой Худойбердиев. - Маҳобатли бинолар, улкан иншоотлар, янги турар жойлар, савдо ва маиший хизмат уйлари, тантаналар мажмуалари, ошхоналар, хиёбонлар, санаб адоғига етиб бўлмайди.

Ушбу тарихий манзиллардан олам-олам таассуротлар билан қайтган саёҳатчиларимиз юз-кўзларидан маълумки, бундай тадбирлар киши дунёқарашини ўзгартиради, юртга бўлган садоқатини юксалтиради, меҳрини оширади.

Шоҳиста БОЗОРОВА