"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 мaй, чоршанба.

“ҚОРА САЛЛАЛИЛАР” ҚАЕРДА АДАШГАНДИ? (2-мақола)

Жамият
Tipografiya

Дин ва давр

“ҚОРА САЛЛАЛИЛАР” ҚАЕРДА АДАШГАНДИ?

2-мақола

Самарқанд вилояти ҳудудида фаолият юритаётган тариқатлардан бири, халқ орасида “Қора саллалилар” номи билан аталувчи кишилар ўз тутган йўлларини Нақшбандия тариқатига боғлашади. Мазкур тариқат етакчиси Исоқжон Умаров (Исоқжон домла) 1911 йил Самарқанд вилояти Нарпай тумани Оқтош қишлоғида туғилган. Унинг тарафдорлари 1953 йилдан буён қора салла ўрашади. Бугунги кунда “қора саллалилар” ва тарафдорлари сони 5 минг кишидан ортиқ ва улар асосан Самарқанд (Самарқанд шаҳри, Нарпай, Тайлоқ, Булунғур, Каттақўрғон ва Ургут туманлари), Навоий (Хатирчи, Қизилтепа туманлари, Навоий шаҳри), Қашқадарё (Муборак, Косон, Қарши туманлари), Тошкент вилояти (Бўка тумани, Қўйлиқ даҳаси) ва Хоразм вилоятлари ҳудудида истиқомат қилишади.

Издошларининг фикрига кўра, Исоқжон домланинг тарбия йўналиши Фаридуддин Аттор услубига қиёсланади, яъни кишиларнинг айб-нуқсонларини юзига очиб ташламай, балки умуман гап ичида далолат қилиб кетилади. Ҳанафий мазҳаби таълимоти, соф ақида эгаси бўлиш тарғиб қилинади. Ёшлар онгига ақида илмини сингдиришни асосий мақсад деб таъкидлайдилар.

Исоқжон домла ва унинг тарафдорлари томонидан анъанавий ҳанафий мазҳаби аҳкомлари ва аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига мос келмайдиган хатти-ҳаракатлар кузатилаётгани баъзи зиддиятларга сабаб бўлмоқда. Мисол тариқасида қуйидаги ҳолатларни келтириш мумкин:

ўзгалар (тарафдорлардан бошқалар)нинг диний ёки дунёвий мазмундаги маросимларида иштирок этмаслик;

қоплама (тилла, кумуш) тиш қўйган кишининг таҳорати мукаммал бўлмайди, дейиш;

намоздан кейин овоз чиқариб дуо ва тиловат қилишни макруҳ деб билиш;

Муҳаммад (с.а.в.) замонасида бўлмаган ҳар қандай ишни бидъат (янгилик) деб билиш ва инкор этиш.

Энди “қора саллалилар” тариқатига хос хусусиятлар ва расм-русумларнинг илмий таҳлилига тўхталамиз.

Хусусан, улар қоплама (тилла, кумуш) тиш қўйган имомнинг орқасида намоз ўқимайдилар.

Чунки бу тариқат вакиллари қоплама аъзоси бўлган шахснинг таҳорати мукаммал бўлмайди, деган ҳукмни олади. Улар бу қарашларига “Хулосат ул-фатово” китобидаги қуйидаги фатвони келтирадилар:

“Жунуб бўлган киши ғусл қилсаю баданида сув етмаган бир кичкина жой ёки нуқта қолса, у ҳолда ўша киши жунубликдан чиқмайди”.

Бу фатвога асосан тариқатчилар пломба ёки қоплама тиш қўйдирган кишининг таҳорати мукаммал бўлмайди, деган фикрни илгари сурадилар. Шундай экан, унинг орқасида намоз ўқиб ҳам бўлмайди, деб ҳисоблашади.

 

Аслида “Хулосат ул-фатово”да келтирилган мазкур фатвода зикр қилинган “ламъа”нинг тиш ковагига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Тишга қоплама қўйишнинг ҳукми худди “Ал-Масҳу алал-жабийра”, яъни жароҳат етган аъзога масҳ тортиш ҳукмидадир. Аксинча, тишга қоплама қўймаса, ундан чиқадиган бадбўй ҳид билан жамоат ичида намоз ўқиш макруҳдир.

Расулуллоҳ (с.а.в.) бадбўй ҳид билан масжидга киришдан қайтарганлар. Жароҳат етган аъзога сув теккизиш ўрнига устига масҳ қилиш қандай жоиз бўлса, ковак тишга пломба қўйишнинг ҳукми ҳам худди шундай. Чунки тиш ковак бўлганда, унга пломба қўйилмаса ёки қоплама қўйилмаса, ҳар хил овқат қолдиқлари кириб қолиши натижасида оғиздан бадбўй ҳид чиқишига сабаб бўлади. Ҳадисда айтилган:

“Оғизларингизни тозалаб юринглар. Чунки у Қуръон учун йўлдир”.

 Шунингдек, яна кўплаб саҳиҳ ҳадисларда инсонлар озор чекадиган бундай бадбўй ҳиддан фаришталар ҳам озор чекиши, ўткир ҳидли (хом пиёз ёки саримсоқ) истеъмол қилган кишиларнинг жамоатга келиб, одамларга озор берганидан масжидга кирмагани яхшироқ экани ҳақида гапирилган.

 

Ҳанафий мазҳаби уламолари Имоми Аъзам ва Имом Абу Юсуф тишга пломба қўйдириш ва тиш устига қоплама қилганда фақат кумушдан бўлишига рухсат беришган. Имом Муҳаммад эса, тиш қопламасини олтин ёки кумуш билан қилса ҳам бўлаверади, деган. Бир қавлда бу сўзга Абу Юсуфнинг ҳам қўшилгани айтилган (Мабсут).

Зоҳирур ривоят китобларидан бири ҳисобланган Имоми Муҳаммаднинг “Ал-Жомеъ ас-Сағийр” асарида шундай дейилган: тишларнинг тушиш хавфи бўлса, у тишни ёнидаги тишга кумуш билан мустаҳкам қилиб боғлаш мумкин. Лекин тилло билан боғлаб бўлмайди. Бу Абу Ҳанифа (р.а.)нинг ижтиҳодидир. Имом Муҳаммад эса тилло билан ҳам, кумуш билан ҳам  боғласа бўлаверади, деганлар.

Имом Ҳаким “Ал-Мунтақа” асарида Имоми Аъзам билан Абу Юсуфнинг қарашларини шундай ифода қилган: “Бир кишининг тиши қимирлаб, тушиш хавфи бўлса, тилло ёки кумуш (сим) билан боғлашда монелик йўқ”.

Таржиҳ соҳибларидан бири бўлган Қозихоннинг “Фатвои Хония” номли асарида Имом Ҳакимнинг сўзига изоҳ келтириб, шундай дейилади: “Бир кишининг олд тишларидан бири қимирлаб, тушиш эҳтимоли бўлса, уни тилло ёки кумуш билан боғлашда ҳеч қандай монелик йўқ. Тишни тишга боғлаш зийнат ҳисобланмайди. Лекин кумуш билан боғланишига ҳанафий уламолари ижмоъ қилганлар”.

Имом Аъзам (р.а.) наздида тушиб қолган тишнинг ўрнига кумуш тиш қўйдириш мумкин. Имом Муҳаммад эса тиш қўйдиришда тилло ва кумушга ҳам рухсат берган. Фиқҳ китобларида тиш мавзусига алоқаси бўлган уч хил ҳолат кўзга ташланади:

шадд: қимирлаб қолган тишларни мустаҳкам тишларга қўшиб боғлаш.

Толиқ: тушган тишнинг ўрнига тилло ёки кумушдан бўлган ясама тиш қўйиб, ёнидаги тишлар билан қўшиб боғлаш.

Табдид: энли ва текис ҳолга келтирилган тилло ёки кумушдан ясалган тишларни бутунлай қопланадиган даражада ёнидаги тишлар билан боғлаш.

Маждиддин Ферузабодийнинг “Қомус” асари таржимасида “табдид” сўзи: “Бир нарса устида ўралиб, у нарсанинг барчасини ўз ичига олиш” маъносини англатади, дейилган.

 

Тишни даволатишга оид мазкур уч хил ҳолатдан қайси бири бўлишидан қатъи назар, қилинган муолажа натижасида ичкарига сув кирмайди. Шу сабабли унинг таҳоратга монелик қилиши хаёлга келса ҳам, боғланган, қопланган ёки тушган тиш ўрнига қўйилган тишлар асл тиш ўрнига ўтиши ва сувнинг мўлжалга етиши эътиборга олинган. Масалан, бир кишининг қўли ёки оёғи синиб, гипс қилинса ва таҳорат ёки ғусл пайти гипснинг устига масҳ тортиш ювиш ўрнига ўтади.

Ёки мазкур тариқат аъзоларининг ўзларига тарафдор бўлмаганларнинг диний ёки дунёвий мазмундаги маросимларида иштирок этмаслигини ҳам оқлаб бўлмайди. Аслида ислом – аҳиллик, ҳамжиҳатлик дини. У дини, эътиқодига қараб одам ажратмайди, ҳаммага бирдай, яхши муносабатда бўлишга даъват этади. “Қора саллалилар”га хос бу тарздаги “ажратиш”лар эса бошқа кишиларда турли эътирозларни келтириб чиқариши шубҳасиз.

Сурхондарё вилояти ҳудудида ҳам тариқатчилар фаолияти сезиларли кузатилмоқда. Унинг етакчиларидан бири Дўстмуҳаммад Турсунов (Шайх Дўстмуҳаммад Турсун) 1935 йили Шўрчи туманида туғилган. 2003 йилга қадар тумандаги “Домулло Қосим” масжидида имомлик қилган. У бошланғич диний таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан олган. Кейинчалик нуроталик қори Маҳмуд, қози домла Абдурашид Фарғоний, Муҳаммад Шариф Мавлавий-Ҳиндистонийдан Қуръон ва фиқҳ илмларини, шайх Муҳаммад Шариф Ҳисорий Нақшбандий ва шайх Абдусалом Ғилонийга мурид бўлиб, тариқат илмларини ўрганган. Ғилонийдан тариқатга муршидлик қилиш учун ижозат олган. Туркистон (Қозоғистон) шаҳрида “Туркистон Бобо” ёки “Ҳазрат Қозоқ Маҳмуд” деб ном қозонган шайх Абдулҳай, Тошкент шаҳрида домла Сирожиддин Лазгиндан шариат илмларини ўрганган.

Вилоятнинг жануби-шарқий туманлари (Шўрчи, Узун, Денов, Сариосиё, Ангор туманлари), Қашқадарё вилояти ҳамда Фарғона водийси (Андижон шаҳри) уламолари орасида ва бошқа вилоятлар аҳолиси орасида ўз тарафдорларига эга. Барча тариқатчиларга хос бўлган ҳолат – Д.Турсунов муридлари орасида тадбиркорлар, фермерлар, мутасадди раҳбарларни кўриш мумкин. Муридларининг таъкидлашича, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган бошқа тариқатчиларга нисбатан Д.Турсунов диний билимларни мукаммал билади. Шунинг учун издошлари уни “Шайхул ислом”, “Шайх” тахаллуслари билан атайдилар. Шунингдек, 2004 йилда Д.Турсуновнинг “Мерос” рисоласи (“Адолат” нашриётида) чоп этилган.

Сўнгги йилларда Дўстмуҳаммад домла тариқат муршиди сифатида кўзга кўринди. Бу, аввало, унинг диний билим савияси юқорилиги ҳамда муридлардан тушаётган маблағ эвазига саховатли бўлганлиги билан боғлиқ. Шунинг учун вилоят мусулмонлари ва диний уламолари орасида катта орбўга эга. Иккинчи ва асосий сабаблардан бири шуки, Нақшбандия-Мужаддидия-Ҳусайния тариқати раҳбари бўлган Иброҳим эшон Фарғона водийси ҳудудида кенг фаолият олиб борганидан сўнг ўзи ва издошлари томонидан анъанавий ҳанафий мазҳаби тамойилларидан бир нечасининг бузилаётгани намоён бўлди. Буни кўрган бир қатор уламолар, жумладан, Андижон вилоятида кўзга кўринган дин арбоблари Иброҳим эшон билан мулоқотга киришиб, унинг хато-камчиликларини      фиқҳий манбалар асосида кўрсатиб беришга ҳаракат қилдилар. Бу уринишлардан натижа чиқмагач, агар Д.Турсунов улар томонида турса, Иброҳим эшонга яхши рақобатчи бўлишлари мумкинлигини тушуниб етадилар. Натижада Д.Турсуновнинг ҳар қандай тўй-маъракасида андижонлик қатор уламолар қатнашадиган бўлади. Албатта, бу унинг халқ орасидаги обрўси янада ошишига олиб келди.

Д.Турсунов ўзини Нақшбандия тариқатининг пири муршиди деб билади ва муршидларни қабул қилиб, уларга тариқат одоблари бўйича вазифалар беради. Шариат илмларидан ўзининг маълум даражадаги малакасига қарамай унинг ҳам анъанавий имомлар билан бир неча масалаларда келиша олмайдиган тарафлари мавжуд. Булар:

1) эҳтиёти пешин намозини ўқишни қаттиқ ҳимоя қилади;

2) ўлган кишига давра қилиш лозимлигига фатво берган;

3) ўзидан бошқа тариқатчилар –  Иброҳим эшон, Исҳоқ эшон кабиларни ошкора танқид қилиб, уларнинг адашганликларини айтади. Яъни ўзини Нақшбандия тариқатининг ҳақли давомчиси деб билади ва бошқа пирликни даъво қилиб келаётганларни кескин қоралайди.

 

Уларнинг хатоси шу жойда кўзга ташланиб турибдики, фақат ўз қарашларини тўғри деб, бошқаларнинг фикри билан ҳисоблашмаслик албатта фитнага сабаб бўлади.

Галдаги мақоламизда уларнинг хатолари хусусида батафсил фикрлашамиз.

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби