"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 мaй, чоршанба.

УРУШ КЎРГАН ХАЛҚ СИФАТИДА ТИНЧЛИКНИНГ УЛУҒ НЕЪМАТ ЭКАНИНИ ТЕРАН ҲИС ЭТАМИЗ

Жамият
Tipografiya

Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас

УРУШ КЎРГАН ХАЛҚ СИФАТИДА ТИНЧЛИКНИНГ

УЛУҒ НЕЪМАТ ЭКАНИНИ ТЕРАН ҲИС ЭТАМИЗ

Улуғ аждодларимиз хотирасини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимизнинг руҳларини шод этмоқ учун савобли ишларни амалга ошириш эзгу анъанага айланган. Ана шулардан бири мамлакатимизда 19 йилдан буён умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланадиган 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни ҳисобланади.

Азал-азалдан тинчликсевар, хотиржамлик ва осойишталикни қадрлайдиган халқмиз. Бизда уруш ва бузғунчилик ғояси қай доирада бўлишидан қатъи назар, у хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, батамом қораланади. Бир кун жанжал чиққан хонадондан қирқ кун файзу барака кетади, деб фарзандларига уқтирадиган кексаларимиз ўз дуоларининг аввалида Аллоҳдан юртга тинчлик ва хотиржамликни сўрайдилар.

Чунки Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган бир халқ сифатида тинчликнинг улуғ неъмат эканлигини теран ҳис этамиз. Гарчи уруш юртимиз сарҳадларидан анча олисларда содир бўлган эса-да, унинг аянчли оқибатлари ўзбек оилаларини ҳам четлаб ўтмади. Халқимиз не-не асл фарзандларидан, қанчадан-қанча навқирон ўғлонларидан жудо бўлди. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, мана шу мудҳиш муҳорабада Ўзбекистондан бир ярим миллион киши қатнашган, шулардан тахминан 500 минг нафарга яқини жанг майдонидан қайтмаган. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтган. Бу рақамларда қанчадан-қанча инсонларнинг гулдек умри, уларнинг доғида куйиб ўтган муштипар оналар, суюкли ёрлар, қадрдон инсонларнинг чексиз ғам-ғуссаси мужассам.

Ўша пайтда мамлакатимиз аҳолиси олти ярим миллион кишидан иборат бўлгани ва бунинг ярмидан кўпроғини кексалар, аёллар ва болалар ташкил этганини ҳисобга олсак, халқимиз бошига тушган синов нечоғлик оғир бўлгани аён бўлади.

Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди. Бугун орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.

Урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик – Ватанимиз фарзанди эди. Уларни ёддан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Шу мақсадда истиқлол йилларида кўп жилдлик “Хотира” китоблари чоп этилди. Уруш қурбонларининг номи пойтахтдаги Хотира майдонига ўрнатилган муҳташам Хотира китобига зарҳал ҳарфлар билан мангу муҳрлаб қўйилди. Бу ерга  зиёратга келган ҳар бир ватандошимиз, албатта, ўз жигари, ҳеч бўлмаганда, бирор яқинининг номига дуч келади.

Хотира майдони марказида уруш ва айрилиқлардан жафо чеккан, фарзандлари доғида қадди дол бўлган Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилган. Онанинг маҳзун қиёфаси ҳар биримизни ҳушёрликка чорлайди, уруш ва қирғинларга йўл қўймасликка, бугунги ёруғ ва дориломон кунларимизнинг қадрига етиб яшашга даъват этади.

Унинг сиймоси пойига битилган: “Сен доимо қалбимдасан, жигарим!” деган сўзларнинг нақадар инсонийлиги, самимийлиги кишини чуқур мулоҳазага чорлайди. Ҳар йили байрам куни бу муқаддас маскан анвойи гулларга бурканади, мамлакатимиз аҳли дориломон кунларимиз учун ҳалок бўлганлар хотирасини ёд этадилар, жасорат олдида бош эгадилар.

Мамлакатимизда Хотира ва Қадрлаш кунига бу йил ҳам қизғин тайёргарлик кўрилди. 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур икки ҳужжат Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида қабул қилинганлиги барчанинг кўнглини тоғдек кўтарди.

Шу асосда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 5 миллион сўм миқдорида бирйўла пул мукофоти бериш кўзда тутилди ва ушбу пул мукофотлари қимматбаҳо совғалар билан бирга тантанали ва байрамона руҳда топширилди.

Президент қарорида таъкидланганидек, “Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир”.

Фахрийлар ҳаётини фаровон, кунларини шодмон қилиш учун ҳукуматимиз уларга бўлган эътиборни ижтимоий ҳимоя даражасига олиб чиққанлиги таҳсинга лойиқ. Айтайлик, ёлғиз ва ёрдамга муҳтож Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда ўз уй-жойига эга бўлмаганларига турар жой ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотини топшириш, жанг қилган мамлакатларига бир нафар кузатувчи билан сафарини ташкил этиш ҳамда ушбу сафар билан боғлиқ барча харажатлар қопланишини таъминлаш, Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” ҳамда республика ҳудудидаги бошқа санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборишни ташкил этиб, уларни зарур авиа ва темир йўл чипталари билан таъминлаш шулар жумласидандир.

Давлат тарафидан кўрсатилаётган бу ғамхўрликларнинг бари мазкур умумхалқ байрами мазмунидаги қадрлаш моҳиятининг амалий жиҳатини яққол намоён этади.

Айни пайтда нуроний отахон ва онахонларга чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш хотира ва қадрлаш тушунчалари билан ўзаро уйғунлик касб этади. Ёшларимиз ушбу айём тимсолида ёши улуғларни қадрлаш, саховатга муҳтож кишиларга кўмаклашиш каби олижаноб фазилатларни ўз қалбига сингдириб боришади.

Таъкидлаш жоизки, жиноят ишлари бўйича вилоят судида суд тизими фахрийлари билан алоқа яхши йўлга қўйилган, “устоз ва шогирд” мактаби яратилган. Доимо фахрийларимиз ҳолидан хабар олиш, ҳар байрамда уларни йўқлаб, бир дастурхон атрофида тўплаб, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш яхши анъанага айланган.

Суд тизими фахрийлари учун алоҳида шинам хона ажратилган бўлиб, Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси ҳамда суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик марказининг вилоят филиаллари ана шу жойда фаолият кўрсатади. Уларнинг тўлақонли фаолият олиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Бундан ташқари, катта иш ва ҳаётий тажрибага эга бўлган суд тизими фахрийлари ҳамда жамиятда обрў-эътиборга эга бўлган нуронийлар билан учрашувлар мунтазам равишда ўтказиб турилади. Бунга мисол тариқасида уч авлод вакиллари, яъни суд тизими фахрийлари, фаолият кўрсатаётган судьялар ва судьялик лавозимига захирада турган ёш номзодларнинг учрашувини айтиб ўтиш мумкин. Бундай учрашувларда мунтазам равишда фаол иштирок этадиган фахрийларимиз – Диёр Жумаев, Парда Эшматов, Дилбар Муродова, Мухтарама Турсунова, Инатулла Хаитов, Бердиёр Суюнов, Нурилла Зиядуллаев, Ойзода Аққўзиева, Камол Орипов, Абдураҳмон Каримов, Рузиқул Бекназаров, Урал Самандаров, Жамила Бердиева, Зайнаб Нуриддинова ва Бўстон Примованинг фикрлари, ўз ҳаётий тажрибаларидан берадиган ўгитлари доимо катта қизиқиш ва таассурот уйғотишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, бундай учрашувлар юксак маънавиятли, билимли, тафаккури кенг, теран фикрли, ўз касбини виждонан қадрлай оладиган, ҳар томонлама етук, профессионал судья-кадрларни камол топтириш учун замин яратиши шубҳасиз.

Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди.

Демак, киши ҳар доим ўтмиш аждодларини, муҳтарам инсонларини хотирлаб, қадрлар экан, халқ ва жамият олдидаги бурч ва вазифаларини яна бир бор масъулият билан ҳис этади, ўзидан яхши ном қолдириш ва эзгу ишларни қилишга шошилади, ўзгаларни ҳам шунга чорлайди.

Абдуқаюм МАҲКАМОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси