"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ТУМАН ҲОКИМИНИНГ ҚАРОРИ ҚАЕРДА ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИЛАДИ?

Жамият
Tipografiya

Адлия тизимида қонун ижодкорлиги

ТУМАН ҲОКИМИНИНГ ҚАРОРИ ҚАЕРДА ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИЛАДИ?

Маълумки, адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида 2018 йил 13 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Шуни таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур йўналишда такомиллаштирилаётган қонунчилик ўзида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизими, айниқса, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш, уларнинг юридик хизматларини мувофиқлаштириш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш масалалари бўйича адлия органлари ва муассасаларининг роли ва масъулиятини ошириш талабларини мужассам этмоқда.

Бинобарин, Президент фармонида адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида адлия органларини “Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир” деган концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган ягона давлат ҳуқуқий сиёсати амалга оширилишини таъминлайдиган профессионал хизматга айлантириш белгиланди.

Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш, танқидий таҳлил асосида изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, юридик кадрларни, айниқса, талаб қилинаётган тор доирадаги ва соҳавий мутахассисликлар бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш, юриспруденция соҳасидаги мутахассисларни ўқитишнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш, юридик кадрларни етакчи хорижий таълим муассасаларига тизимли равишда юбориш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, “республика – вилоят – туман (шаҳар)” уч поғонали принципи бўйича вертикал бошқарувни жорий этган ҳолда туманлар (шаҳарлар)да адлия бўлимлари ташкил этилди.

Туман (шаҳар) адлия бўлимларининг асосий вазифаларидан бири сифатида давлат бошқаруви органларига қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари бўйича маслаҳат ва тушунтиришлар бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш юкланди. Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш, туман (шаҳар) ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашлари қарорларининг қонун ҳужжатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларида ҳуқуқий ишларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, шунингдек, уларнинг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва методик таъминлаш ва шу каби бошқа вазифалар ҳам улар зиммасига киради.

Адлия вазирлигининг шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари тугатилиб, 2018 йил 1 июлдан бошлаб фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш, ФҲДЁнинг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича вазифалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги зиммасига юклатилган ҳолда, ФҲДЁ органлари туман (шаҳар) ҳокимиятлари тасарруфига ўтказилди.

Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ҳар йили Олий Мажлис Сенатига, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, ҳудудий адлия бошқармалари бошлиқлари ҳар ярим йил якуни бўйича тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига, шунингдек, туман (шаҳар) адлия бўлимлари бошлиқлари ҳар чоракда тегишлича туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларига туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиши белгилаб берилди.

Шунингдек, Адлия вазирлиги халқаро арбитражлар ва суд ишлари масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли давлат  бошқаруви органи этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига, давлат органлари ва ташкилотларига, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига белгиланган тартибда халқаро арбитражлар ва суд ишлари масалалари бўйича бажарилиши мажбурий бўлган топшириқлар юбориш, адлия органлари ва муассасалари, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида, шу жумладан, халқаро арбитражлар ва суд ишлари бўйича ўқиш ва малакаларини ошириш учун ривожланган давлатларнинг етакчи таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларига юбориш ҳуқуқи белгилаб берилди.

Мазкур фармон ва қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам қатор ишлар бажарилмоқда. Бунда энг асосийси, ҳуқуқни қўллаш соҳасида катта ҳаётий тажрибага эга, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўша оладиган, давлат хизматчиси сифатида ўз касбига муносиблигини исботлашга қодир, билимли ва салоҳиятли кадрлар корпусини шакллантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Умуман олганда, адлия органлари ва муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган жорий ҳужжатлар мамлакатимизда давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш, қонунлар ижросини таъминлашнинг муҳим гарови бўлиб хизмат қилади.

Шуҳрат АБДУХАЛИМОВ,

вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари